Ўзбекистон | 09:00 / 20.01.2020
127325
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда қиш нега деярли қорсиз ўтмоқда?

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистонда куз охирлаши билан аҳоли бир тарафдан энергетика таъминотини ўйлаб хавотирланса, бошқа томондан бу йил яхшилаб қор ёғармикан, деган қизиқишда бўлади.

Декабрь ойи деярли ёғингарчиликсиз келгани учун кўпчиликнинг хафсаласи пир бўлди. «Бориб-бориб Ўзбекистонда ҳам қор ёғмай қўяр балки?» дея ўйлаганлар ҳам бўлди орамизда. Лекин январь бошида ҳаво яна совиб, республиканинг аксар ҳудудларида қор ёғиши кузатилди.

Шундай бўлса-да, буни етарли эмас деб баҳоловчилар талайгина. Ёши катталарнинг «Болалигимизда тизза бўйи қор кечардик», деган гапларига ҳайрат билан қарайдиган бир авлод улғайиб келяпти.

Бунинг сабаби нимада? Нега мамлакатда қишлар қорсиз ёки жуда кам қор билан ўтяпти? Айни шу каби турли саволларга асосли жавоб олиш учун Kun.uz мухбири Гидрометеорология хизмати маркази билан боғланди.

Нима учун охирги йилларда қишда ёғингарчилик кам?

Буни битта сабаб билан изоҳлаб бўлмайди. Қайсидир қиш ойлари қуруқ бўлса, бошқалари намроқ бўлади. Айрим минтақаларда меъёрдан ортиқ ёғингарчилик кузатилса, бошқа жойларда ёғинлар миқдори меъёрга етмайди.

Масалан, ўтган қиш мавсумида декабрь ва февраль қуруқ келди, январда эса деярли бутун республика бўйлаб меъёрдан ортиқ ёғингарчилик бўлди. Қишнинг уч ойи давомида мамлакат ҳудудининг катта қисмида ёғинлар меъёрдан кам бўлгани ҳолда жанубий вилоятларда меъёрдан ортиқ бўлди.

Сўнгги йилларда қишнинг илиқ келиши ҳолатлари ва ёғингарчиликларнинг, асосан, қор кўринишида эмас, ёмғир кўринишида бўлиши қайд этилмоқда. Ҳарорат пасайганда ёққан қор эса ҳаво илиши билан текислик ҳудудларида барқарор қор қоплами ҳосил қилмасдан тез эриб кетяпти.

Глобал иқлим исишининг таъсири

Иқлим ўзгаришлари об-ҳаво шароитига таъсир кўрсатади. Кузатилаётган глобал иқлим исиши натижасида эса иссиқлик тўлқинларининг тез-тез такрорланиши, ёғинлар нотекис ёғишининг кучайиши, қурғоқчилик, ҳароратнинг кескин илиши, совуқ уриши, кучли ёғинлар, селлар каби экстремал ҳодисалар сони ортиб бормоқда.

Иқлимнинг «асабийлиги» кучаймоқда. Қуруқ ва ҳаддан ташқари нам минтақалар ўртасида, қуруқ ва ёмғирли мавсумлар ўртасидаги тафовут ортмоқда.

Глобал иқлим илиши Ўзбекистонга таъсир кўрсатадими?

  • Охирги тадқиқотларга кўра, Ўзбекистонда ҳароратнинг ўсиш суръатлари Ер шари бўйича ўртача ўсиш суръатларидан юқори.

Бироқ глобал исиш дегани ҳар келаси йил олдинги йилдан иссиқроқ бўлади дегани эмас. Бунда кўп йиллик ўзгариш назарда тутилади, яъни кейинги 20-30 йил аввалги 10 йилликларга қараганда ўртача илиқ бўлади.

Охирги 10 йиллик иссиқ муддатда Ўзбекистонда фақат иккита мавсумда йилнинг ўртача ҳарорати меъёрдан бир оз паст бўлди, қолган йиллар эса ҳарорат ўртача кўп йиллик қийматларга нисбатан илиқроқ бўлди.

Шунга қарамасдан ҳароратнинг илиш тенденцияси айрим даврлар, ойлар ёки ҳатто мавсумларнинг совуқ келиши мумкинлигини чекламайди.

Ўзбекистонда энг кўп қор 2000 метрдан баланд зоналарда ёғади

Ўзбекистоннинг тоғ ва тоғолди ҳудудларида қор кўп ёғади, бироқ тоғли туманларда ҳам қорнинг қалинлиги бир текис эмас. Энг кўп қор 2000 метрдан баланд қор зоналарида ёғади.

Ўзбекистоннинг текислик қисмида, айниқса, сўнгги йилларда қор вақти-вақти билан ёғмоқда. Қор миқдори эса ёғган ёғинлар жадаллигига боғлиқ. Одатда, мамлакатнинг марказий туманларида қор кўпроқ ёғади, аммо баъзан жанубий вилоятларда ҳам қор кўп бўлиши мумкин.

Мамлакатдаги энг илиқ қиш 2016 йилга тўғри келади

2016 йил Ўзбекистондаги бутун метеорологик кузатувлар тарихи даврида энг илиқ йил деб қайд этилган.

Сўнгги 10 йил ичида декабр ойида энг совуқ ҳарорат -15 даража совуқ  бўлгани қайд этилган (5 декабрь 2002 йил). Энг иссиқ ҳарорат эса +23 даража илиқни ташкил қилган (14 декабрь 2010 йил).

Бу мавсумда яна қор ёғадими?

  • Олдинда ҳали қиш мавсумининг ярми бор ва қор яна ёғади. Бунда қор қоплами ҳосил бўладими, у қанчалик барқарор бўлади ва қанча сақланиб туради – бу жуда ҳам кўп омилларга боғлиқ ва олдиндан айтиш қийин бўлган жараён.

Гидрометеорология хизмати маркази билан ҳамкорликда тайёрланди

Мавзуга оид