Жамият | 09:00 / 24.01.2020
23064
7 дақиқада ўқилади

«Болани 1,5 ёшидан дорбозликка ўргатамиз» – миллий санъат устаси Турсунали полвон билан суҳбат

Бу инсонни кўрганимизда ўзбек миллийлиги, урф-одатларимиз кўз олдимизга келади. Устоз-шогирд анъаналарининг давомчиси – Турсунали полвон Мамажонов куни кеча таҳририятимиз меҳмони бўлди.

– Турсунали ака, сизни йирик тадбирларда мунтазам кўриб турардик. Аммо охирги пайтлар камнамо бўлиб қолдингиз. Миллийлигимиз тарғиботчиси бўлган Турсунали Полвон бугун нималар билан банд?

– 2016 йилда Фарғона ва Самарқанд каби вилоятларда ҳайвонот боғлари ташкил қилиш бўйича Вазирлар Маҳкамаси қарори чиқди. Вилоятимиз ҳокими шу йилнинг ўзидаёқ бу ишни амалга оширди ва 2016 йилнинг декабрь ойида боғ фойдаланишга топширилди. Шу ҳайвонот боғига мени бош қилиб қўйишган. Шундан бери бир жойга боғланиб қолдим.

Энди, ҳайвонот оламига бир кириб кетсангиз чиқиш қийин экан. Ҳайвонлар ҳам фарзандингиздай бўлиб қоларкан-да. Тўрт гектар еримизга яна бир гектар қўшимча ерни обод қиляпмиз ва бу майдон тўлалигича вольерлардан иборат. Жуда ноёб ҳайвонларимиз бор. Булар йирик альбинос бўғма илон, қора лайлак, зебра, жирафа кабилардир.

Одамларимизнинг қизиқиши яхши. Боғимиз тўла-тўкис давлат таъминотида, тушган маблағларни ривожланишга сарфлаймиз. Бундан ташқари, ўзимнинг иккита кўчма ҳайвонот боғим бор, ўғилларим ишлатишади.

– Тош ўйнатиб турибсизми?

– Сал қўполроқ ва ҳазил тарзида айтсам, ўйнашдан қолганим йўқ. Албатта, тошни биз ёшлигимиздан мунтазам ўйнаб келдик, бу одатни ташлай олмаймиз. Невараларим 25 нафар бўлса, қизларимдан ташқари 17 нафар набирам ишимизни давом эттиряпти, 5-6 нафари полвон, дорбоз. Ҳали гўдак бўлган чевараларим ҳам кичкина-кичкина тошларни ўйнатиб, «Мен полвонман», дейишади.

Шу пайтга қадар мингдан ортиқ киши мендан шогирдликка олишни сўраган бўлса, юз нафарчаси давом эттириб кетди. Ташлаб кетганларнинг кўпчилиги тирикчилик ташвишида бўлишди, оғир синовларга чидай олишмади. Қозоғистонда, Қирғизистонда, Тожикистонда шогирдларим бор. Ўзимизда яшаган турк биродарларимиздан шогирд тушган полвонлар бугунги кунда Туркияда яшаб юришибди.

Полвонликка-ку шогирд тушса бўлади, лекин дорбозлик анча мураккаб. Сабаби, биз болаларни 1,5 ёшидан дорбозликка ўргатамиз. Чунки 2 ёшида қўрқув ҳисси шаклланади. Болалигидан дорда юрган бола кейинчалик ҳам ерда юргандек юраверади.

Дорнинг ўзига хос алоҳида тарихи бор. Бу санъат водийда пайдо бўлган ва мудофаа мақсадларини кўзлаган. Водийга кирмоқчи бўлган душман ҳар тарафдан тоғ ошиши керак бўлган. Уста аскарлар даралардан арқон боғлаб, найзани лангар қилиб ўтиб кетаверишган. Бу даражага етказиш учун болалар олдин пастликларда дор тикиб ўргатилган. Аста-секин бу санъат томошалар учун ҳам хизмат қилган, тўйларда, сайилларда дорлар тикилган.

– Гуруҳингиз билан кўп томошаларни Шоҳимардонда ўтказардингиз. Бугун ҳам бу анъана давом этяптими?

– Жуда узоқ йиллар Шоҳимардонда томошалар кўрсатиб келдик. Ўртада бу томошалар бутунлай тўхтаб қолган пайтлар бўлди, алоқалар узилди. Яна қийинчилик билан тикланди. Ҳозир сал мураккаброқ бўлса-да, борди-келди бўлиб турибди. Орамиз 25 километр, лекин ўтиб қайтишимиз учун паспортимизга 8та муҳр урилади. Бу бир марта бориб келадиган сайёҳга балки билинмас, лекин биз каби мунтазам қатнайдиганлар 5-6 марта бориб келишса паспорти тўлиб қолади. Яна болаларни метрика билан ўтказишмайди, паспорт олиш керак. Ўзбек боласини олиб боради-да, кўпчилик буни билмай овора бўлиб қайтиб кетади.

Менимча, икки давлат ҳукуматлари бу масала устида бир ўйлаб кўришлари керак. Балки транзит ҳудудида сифатида ўтиб кетишми... Туризм шунда янаям ривожланган бўларди.

– Бир неча йил аввал ҳамма ёппасига тош (гиря) излаб кетишди. Бу жараённи кузатдингизми, фикрингизча, бунга сабаб нима эди?

– Кузатдим. Кўпчилик мендан ҳам тош сўраб келди. Нима қиласизлар, десам, ўзларича сир тутишди. Қачондир кимдир тош орасига қимматбаҳо металл қуйиб қўйган экан, деган гаплар таъсирида қанча-қанча тошларни арралаб ташлашди. Фирибгарликнинг бир тури-да буям. Яқинда эски буюмлар бозорига борсам, бир сотувчи «Полвонака, элликтача тошим бор, сувтекинга бервораман, олиб кетинг» деб қолди. Тўплаганлар ташлаб кетишган-да...

Ўша пайтлари биз ҳам тош тополмай қолдик. Тошларимиз тез-тез синиб туради, алмаштириш керак. Лекин ҳозирги тошларга нисбатан эски тошлар яхши, пишиқроқ. Биз ҳам тош ичига қўрғошин қуямиз. Шунда 36 килолик тош 55 килога етади.

Ҳар замонда оғир тошлар ҳам ўйнатиб турамиз. Энг қадимий ва оғир тошимиз Тўланбой Қурбонов деган катта полвондан қолган. У киши 85 ёшда дунёдан ўтган. Ҳаётлигида ўзи учун 80 килолик тош қуйдирган экан. Полвонлар йиғилишида ким шу тошни ўйната олса, ўшанга совға қиламан, деганида менинг неварам кўтарди ва шу тош бизга ўтди.

– Ҳозир шиддатли даврда яшаяпмиз. Бир вақтлар асрлар давомида йўқолган буюмлар, одатлар бугун бир авлод ичида йўқоляпти ёки қайта тикланяпти. Шахсий кузатувларингизга кўра, ана шундай ҳолатларга мисоллар келтира оласизми?

– Бир неча йил олдин қурилиш бозорига борсам, роса эски эшик-ромлар қалашиб кетибди. Сўрасам, «Ҳамма «акфа»га ўтиб кетди», дейишди. Яқинда борсам, ўша бозорларда эски «акфа» ромлар чиқариб сотишяпти, ёғоч йўқ.

Ёки яқингача йўқолиб кетган ёғоч қошиқни олайлик. Бозорларда яна пайдо бўла бошлади, оғизни куйдирмайди, кавлаганда товаларни қирмайди. Темирчилик ҳам йўқолиб кетганди, сабаби, асосий буюртма – тақага эҳтиёж қолмади. От боқилмай қўйди-да. Мана, ҳозир отлар кўпайиб қолди, кўпкарилар тикланди, ўз-ўзидан темирчига ҳам иш кўпаяди. Сурхондарёдаги фестивалда темирчиларимиз роса узанги ясашяпти экан, араб амирликларидан мингдан ортиқ буюртма тушибди. Демак, тикланяпти-да.

Миллийлигимизни бутун дунё тан олиб турганида, ўзимиз тан олмасак, полвонликни, дорбозликни, ҳунармандликни кўтармасак, уят бўлади-да.

Либосларимизга қараб хурсанд бўламан. Атлас-адраслар йўқолиб кетганди. Ҳозир аёлларимиз адрасдан шунақа либослар тиктириб кийишяптики, кўриб ҳавасинг келади. Ярашяпти! Миллийлигимизнинг уйғониши шу.

– Полвонлик ҳам, дорбозлик ҳам ўзига яраша мураккаб санъат. Масалан, дорни тикиш учун бир неча ишчи ишлаши, йирик машиналар зарур. Бу маълум маблағни талаб қилади. Бу маблағнинг манбаси қаер – грантлар, ҳомийлар борми?

– Грантлар йўқ. Кўп санъаткорлар маданият бўлимларида, истироҳат боғларида ишлашади. Биттадан автобус берилган, улар ҳам жуда эскириб кетган. Энди ажабмас, дорбозликка ҳам жиддий эътибор берилса... Сабаби, халқнинг ўзидан чиққан минг йиллик санъатда бу. Ҳаракат қилинса, ЮНЕСКО ҳимоясига ҳам олиниши мумкин.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.
Тасвирчилар – Абдусалим Абдувоҳидов, Отахон Юсупов.

Мавзуга оид