Ўзбекистон | 11:10 / 24.01.2020
154619
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 2020 йилга ном берилди

Президент 2020 йилни Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили деб эълон қилди.

Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлиснинг Сенати ва Қонунчилик палатасига навбатдаги Мурожаатномасида илм-маърифат ва технологиялар ривожига алоҳида аҳамият қаратди.

«Шарқ донишмандлари айтганидек, «Энг катта бойлик – бу ақл-заковат ва илм, Энг катта мерос – бу яхши тарбия, Энг катта қашшоқлик – бу билимсизликдир!»

Шу сабабли, ҳаммамиз учун замонавий билимларни ўзлаштириш, чинакам маърифат ва юксак маданият эгаси бўлиш, узлуксиз ҳаётий эҳтиёжга айланиши керак.

Тараққиётга эришиш учун, рақамли билимлар ва замонавий ахборот технологияларини эгаллашимиз зарур ва шарт.

Бу бизга юксалишнинг энг қисқа йўлидан бориш имкониятини беради. Зеро, бугун дунёда барча соҳаларга ахборот технологиялари чуқур кириб бормоқда.

Юртимиз «Халқаро ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш индекси» бўйича 2019 йилда 8 поғонага кўтарилган бўлса-да, ҳали жудаям орқадамиз.

Аксарият вазирлик ва идоралар, корхоналар рақамли технологиялардан мутлақо йироқ, десак, бу ҳам ҳақиқат.

Албатта, «рақамли иқтисодиёт»ни шакллантириш керакли инфратузилма, кўп маблағ ва меҳнат ресурсларини талаб этишини жуда яхши биламиз.

Бироқ, қанчалик қийин бўлмасин, бу ишга бугун киришмасак, қачон киришамиз?! Эртага жуда кеч бўлади.

Шу боис, «Рақамли иқтисодиёт»га фаол ўтиш – келгуси 5 йилдаги энг устувор вазифаларимиздан бири бўлади.

Рақамли технологиялар нафақат маҳсулот ва хизматлар сифатини оширади, ортиқча харажатларни камайтиради.

Шу билан бирга, мени жуда қаттиқ ташвишга соладиган ва безовта қиладиган энг оғир иллат – коррупция балосини йўқотишда ҳам самарали воситадир.

Буни барчамиз теран англаб олишимиз даркор.

Давлат ва жамият бошқаруви, ижтимоий соҳада ҳам рақамли технологияларни кенг жорий этиб, натижадорликни ошириш, бир сўз билан айтганда, одамлар турмушини кескин яхшилаши мумкин.

Мамлакатимизда илм-фанни янада равнақ топтириш, ёшларимизни чуқур билим, юксак маънавият ва маданият эгаси этиб тарбиялаш, рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш борасида бошлаган ишларимизни жадал давом эттириш ва янги, замонавий босқичга кўтариш мақсадида, мен юртимизда 2020 йилга “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”, деб ном беришни, таклиф этаман», дейди президент.

Давлат раҳбарининг таклифи қизғин қўллаб-қувватланди.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 1997 йилдан бошлаб ҳар бир йилга шу давр ичида тараққиётнинг муҳим йўналишларини ифода этадиган ном бериш анъанага айланган. 1997—2017 йиллар оралиғида йилларга қуйидагича ном берилган:

2019 йил — Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили
2018 йил — Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили
2017 йил — «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»
2016 йил — Соғлом она ва бола йили
2015 йил — Кексаларни эъзозлаш йили
2014 йил — Соғлом бола йили
2013 йил — Обод турмуш йили
2012 йил — Мустаҳкам оила йили
2011 йил — Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили
2010 йил — Баркамол авлод йили
2009 йил — Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили
2008 йил — Ёшлар йили
2007 йил — Ижтимоий ҳимоя йили
2006 йил — Ҳомийлар ва шифокорлар йили
2005 йил — Сиҳат-саломатлик йили
2004 йил — Меҳр ва мурувват йили
2003 йил — Обод маҳалла йили
2002 йил — Қарияларни қадрлаш йили
2001 йил — Оналар ва болалар йили
2000 йил — Соғлом авлод йили
1999 йил — Аёллар йили
1998 йил — Оила йили
1997 йил — Инсон манфаатлари йили

Мавзуга оид