«Давлат хизмати катта мактаб бўлди» — Комил Алламжонов ва Саида Мирзиёева хайрлашув постларини ёзишди
Президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори вазифасини бажарувчи лавозимини тарк этган Комил Алламжонов ва унинг собиқ ўринбосари Саида Мирзиёева хайрлашув постларини ёзишди.
«Ҳаётимнинг энг ёрқин, қизиқарли ва серқирра кунлари айнан АОКАда ўтди. Давлат хизмати катта мактаб бўлди. Энди биз танлаган жамоатчилик йўли ҳам бундан-да воқеаларга бой, шу билан бирга, сермазмун бўлади деб ният қиламан. Нима бўлса ҳам, халқ ва юрт манфаати бош мақсад бўлиб қолади», дейилади Алламжоновнинг телеграм каналидаги постида.
Саида Мирзиёева бундан кейин ҳам давлат ва юрт фаровонлиги йўлида қўлидан келганича хизмат қилишга тайёрлигини билдирган.
«Агентликдаги фаолиятим менинг ҳаётимдаги энг бахтли даврлардан бири бўлди. Олдимизга қўйилган ҳар бир масала ва вазифага астойдил ҳаракат қилган ҳолда ёндашдик. Келажакда ҳам қайси йўналишда ишлашимдан қатъи назар, фақат давлат ва юрт фаровонлиги йўлида қўлимдан келганича хизмат қилишга тайёрман», дея ёзади у.
Бундан аввалроқ Комил Алламжонов ва Саида Мирзиёева нодавлат секторда ишлаш мақсадида ўз лавозимларини тарк этгани маълум бўлганди. Агентлик раҳбарлигини Алламжоновнинг собиқ биринчи ўринбосари Дилшод Саиджонов эгаллаган.
Эслатиб ўтамиз, президентнинг собиқ матбуот котиби Комил Алламжонов 2018 йилнинг ноябрида Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош директори вазифасини бажарувчи этиб тайинланган, кўп ўтмай бу агентлик Президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига айлантирилганди.
Саида Мирзиёева эса 2019 йилнинг апрелида агентлик директори ўринбосари этиб тайинланганди.
Мавзуга оид
20:36 / 27.12.2024
Комил Алламжоновга суиқасд иши тергови доирасида икки россиялик қидирувга берилгани тасдиқланди
02:08 / 24.12.2024
Саида Мирзиёева: «Келгуси йил учун белгиланган вазифалар кўлами жуда кенг»
16:28 / 20.12.2024
Ўзбекистон Интерпол орқали Расаев ва Темирхановни халқаро қидирувга берди
20:49 / 19.12.2024