Трампнинг «аср келишуви»: Фаластинликлар армиядан воз кечиши ва ўзига бошқа пойтахт қуриши керак
АҚШ президенти Дональд Трамп ва Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Яқин Шарқдаги можарони ҳал этишнинг янги режаси тафсилотларини эълон қилишди.
Трампнинг сўзларига кўра, 80 саҳифадан иборат режа Исроилнинг пойтахти «бўлинмас» Ал-Қудс шаҳрида бўлишини тақозо этади. АҚШ президенти бу ҳолда бўлажак Фаластин давлатининг пойтахти ҳам шарқий Қудснинг шарқий қисмида бўлишини ваъда берган.
«Менинг ҳис қилганларим ҳар икки томон учун ҳам манфаатли, икки давлат тузилиши асосидаги ҳаққоний ечим бўлиб, у Исроил хавфсизлиги учун Фаластин давлатчилигидан келадиган хавфни бартараф этади, — деган Трамп. — Бугун Исроил тинчлик учун улкан қадам ташлади. Кеча бош вазир Нетаняҳу бу ҳисларимни фаластинликлар билан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш учун асос сифатида қўллаб-қувватлашни истаётгани ҳақида гапириб ўтди. Бу тарихий илғорлаш».
Трампнинг аниқлик киритишича, унинг режаси амалга ошиши натижасида на исроилликлар, на фаластинликлар ўз уйларини тарк этишади.
Сешанба куни минглаб фаластинликлар ҳали режа расман эълон қилинмасдан Трамп таклифларига қарши норозилик намойишларига чиқишди.
Америка президентининг чиқишидан сўнг Фаластин миллий маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббос «Қудс сотилмаслиги»ни ҳамда Трамп ва Нетаняҳунинг келишувини Фаластин халқи «тарихнинг чиқинди челагига улоқтириши»ни таъкидлаган.
«Биз тиз чўкмаймиз ва таслим бўлмаймиз. Фаластин масаласини бартараф этишга йўналтирилган фитналар, келишувлар ва режалар барбод бўлиши муқаррар», — деган у.
Аббос бу ҳолатда фаластинликлар музокараларга тайёр эканлигини таъкидлаган, лекин АҚШ ёки Трамп режаси асосида эмас, фақат Яқин Шарқ квартети билан биргаликда.
Фаластинликлар ўз давлати 1967 йилги чегаралар бўйича тан олинишини истайди. Исроилликлар бунга қатъиян қарши.
Манзилгоҳларни нима қилиш керак?
АҚШ президентининг сўзларига кўра, Исроил илк марта «тинчлик манфаати йўлида ўзи рози бўлган ҳудудий ён беришларни тасвирловчи концептуал харита»ни эълон қилишга рози бўлган. Бу харитани АҚШ президенти ўз твиттерида эълон қилган.
I will always stand with the State of Israel and the Jewish people. I strongly support their safety and security and their right to live within their historical homeland. It's time for peace! pic.twitter.com/lKwQ9IKTUG
— Donald J. Trump (@realDonaldTrump) January 28, 2020
Нетаняҳу Вашингтон Исроилнинг Иордан дарёсининг ғарбий қирғоғидаги манзилгоҳларга бўлган ҳуқуқини тан олиш тараддудида эканига шама қилган.
«Бу кун сиз хавфсизлигимиз учун ниҳоятда муҳим бўлган ва тарихий меросимизда марказий ўрин тутадиган Иудея ва Самария ҳудудлари [Ғарбий соҳилдаги ҳудудларнинг Инжилда қайд этилган номлари] устидан Исроилнинг суверенитетини тан олган жаҳондаги илк етакчи бўлдингиз», — деган Нетаняҳу.
Трамп режаси билан яхши таниш бўлган Рейтер агентлиги манбаларининг айтишича, АҚШ Иордан дарёсининг ғарбий қирғоғидаги Исроил томонидан оккупация қилинган манзилгоҳларни тан олишга тайёр. Шу маълумотларга кўра, Исроил бунинг эвазига тўрт йил муддатга — Фаластин давлатини ташкил этиш борасида музокаралар олиб борилаётган чоғда янги манзилгоҳлар қурилишини музлатади.
Трампнинг таъкидлашича, тинчлик режасига кўра Фаластин ҳудуди қарийб икки борабар ошади, Иордан дарёсининг ғарбий қирғоғи иккига бўлинмайди. «Биз бўлажак Фаластин давлатида чегарадош ҳудудлар яратиш устида иш олиб борамиз. Бундай ҳудудлар давлатчилик учун шарт-шароитлар қониқарли бўлганда, жумладан, терроризмдан буткул халос бўлинганда пайдо бўлади», — деган Трамп.
Айни пайтда Фаластин ҳудудлари умумий чегарага эга бўлмаган икки қисмдан иборат: ҲАМАС томонидан идора этилувчи Ғазо сектори, шунингдек, Маҳмуд Аббос раҳбарлигидаги ҳокимият идора этувчи Иордан дарёсининг ғарбий қирғоғи. Бу ерда Исроил қўшинлари ҳам бор.
ҲАМАС аллақачон Трампнинг режасини рад этишини эълон қилиб бўлган.
Режанинг бошқа деталлари:
- Фаластинликлар тажовузкорликни йиғиштириб, исроилликларга ҳужум қилган инсонларнинг оилаларини молиялаштиришни бас қилишлари керак;
- Трамп янги Фаластин давлатига 50 миллиард доллар инвестиция ваъда қилмоқда. АҚШ президентига кўра, бу 1 миллион янги иш ўринлари яратишга кўмак беради;
- Қудси Шарифдаги мусулмонлар ва яҳудийлар муқаддас объектлар бўлган Ал-Ҳарам тепалиги ўзгаришсиз қолиши керак.
Яқин Шарқ можаросини ҳал этиш бўйича режани Трампнинг куёви ва маслаҳатчиси Жерад Кушнер ишлаб чиққан. У эълон қилинмасдан аввал жаҳоннинг бир қатор нашрлари режа мутлақ Исроил манфаатларини кўзлаб, Фаластин томонининг манфаатлари минимал қилиб тузилган бўлишини тахмин қилишган эди.
Бу тахминлар фойдасига Фаластин мухторияти вакиллари Вашингтонга ҳужжатнинг тақдимот маросимига таклиф этилмагани ҳам гувоҳлик бериб турибди.
Жереми Боуэн, BBC’нинг Яқин Шарқ бўлими муҳаррири:
«Исроилликларнинг аксарияти сионизм ва яҳудийлар давлатининг барпо этилиши таъқиб остида бўлган халқнинг тарихий ва диний ватанига қонуний қайтишини ифодалашини таъкидлашади. Фаластинликларнинг катта қисми сионизм уларнинг ерларини мустамлакага айлантириш ва ерларини ўғирлашга сабаб бўлганидан эътироз қилишади.
Сиз бу масалага қай томондан қараманг, бу баҳснинг якуни — иккинчи юз йилликда ҳам давом этаётган можаро бўлиб чиқаверади. У дам сўнади, дам янги куч билан алангаланади.
Шу ўтган йиллар ичида исроилликлар ва фаластинликлар ўртасида воситачи бўлиб чиқаётган АҚШ учун устувор вазифа айнан Исроилнинг истаклари, улар томонидан ён беришларнинг сўнгги чегараси, айниқса, яҳудийларнинг хавфсизлиги бўлиб келган.
Бири бирини алмаштирган Америка президентлари тинчликка эришиш учун тинчлик жараёнларида фаластинликлар ҳам исроилликлар билан баб-баравар иштирок этишлари муҳим эканлигини тушуниб келишган. Гарчи АҚШ фаластинликларга тенг суверенитет тақдим этишга тайёр бўлмаса ҳам».
Нетаняҳу Владимир Путин билан учрашиш учун Вашингтондан Москвага учади. Учрашувда Трампнинг тинчлик режаси ҳамда Исроил ва Россия ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш масалалари муҳокама этилади, — деган BBC мухбирига Исроил бош вазири идорасининг вакили.
Ослодаги махфий музокаралар
Фаластинликлар ва исроилликлар можарони ҳал этишга қарийб 30 йил муқаддам жуда яқин келишган. 1993 йилда Ослода ўтган махфий музокараларда Исроил ташқи ишлар вазири Шимон Перес ва ўша вақтда Фаластин мухторияти ҳукумати раҳбари Маҳмуд Аббос гаплашишган.
Дастлабки битим 1993 йилнинг августида имзоланган, сентябрь ойи бошида Исроил бош вазири Исҳоқ Рабин ва Фаластин озодлиги ташкилоти етакчиси Ёсир Арофат ўзаро тан олиш ҳақидаги дўстона номаларни алмашишган.
Ўшанда Исроил илк марта Фаластин озодлиги ташкилотини фаластинликларнинг музокаралардаги легитим вакили сифатида тан олган.
1993 йил сентябрь ойининг ўрталарида Оқ уй ўтлоғида президент Билл Клинтон иштирокида Рабин ва Арофатнинг тарихий қўл сиқишлари фототасмага муҳрланган.
Бироқ кўп ўтмай Исҳоқ Рабин Фаластин томони билан мулоқот ўтказишга қарши чиққан Исроилнинг ультраўнг қаноти вакили томонидан Тель-Авивда ўлдирилади.
Мавзуга оид
22:15 / 26.12.2024
Исроил авиацияси Яман пойтахти аэропортига зарба берди
15:21 / 26.12.2024
Исроил ҲҲК қўмондони Ямандаги ҳусийчиларга ҳужумларни кучайтириш билан таҳдид қилди
14:07 / 25.12.2024
Исроилда фавқулодда ҳолат яна бир йилга узайтирилди
16:05 / 24.12.2024