Ўзбекистон | 23:41 / 31.01.2020
67752
5 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: Тиббиёт тизимида катта ўзгаришлар кутиляпти

Яқин ойлар давомида Ўзбекистон тиббиёт тизимида катта ўзгаришлар кутилмоқда. Хусусан, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг вилоят бошқармалари ва туман бўлинмалари тугатилади, деб маълум қилди президент Шавкат Мирзиёев.

Президент Шавкат Мирзиёев 31 январь куни Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасида ўтган йиғилишда тиббиёт соҳасида маъмурий ислоҳот қилинишини таъкидлади, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Яқинда кўрасизлар, тиббиётда катта ўзгаришлар бўлади, бюрократия йўқолади. «Облздрав», «райздрав» тизими Ўзбекистонда бутунлай тугатилади.

Ихтисослашган марказларни ҳам мутлақо ўзгартирамиз. Бизда 16та марказ бор, аммо уларнинг барчаси Тошкентда жойлашиб қолган. Бу марказлар Ўзбекистон учун қилинган, фақат Тошкент учун эмас. Шунинг учун ҳамма филиалларга мустақиллик берамиз. Шу йўналишлар бўйича энг оғир вилоятларга бориб янги марказ қурамиз», – деди президент.

Шавкат Мирзиёев аҳоли орасида озиқ-овқат маданиятига амал қилинмаслиги оқибатида турли касалликлар келиб чиқаётганига алоҳида эътибор қаратди.

«Мен яқинда йиғилиш қилиб, тиббиёт ходимлари билан шу мавзуда гаплашдим, телевизорда кўрдиларинг. Вазирнинг биринчи ўринбосари мени олдимда 8-10та масала қўйди. Масала – фақат «бер-бер...» Мен бу пулни топиб бераман, лекин сенга [Баҳодир Юсупалиевга. – таҳр.] битта савол: тиббиёт ходимлари одамларимизнинг озиқ-овқат маданиятини ўзгартириш бўйича қандай қадам қўйди? Озиқ-овқат маданияти қани? Гапирмайсизлар буни.

Нега қишлоқларда озиқ-овқат маданияти йўқ. Овқатланиш маданияти йўқлиги учун ҳам одамлар 50 ёшга бориб, 20-30 кило қоринни кўтариб юради. Бу гапларни ким айтиши керак? Тиббиёт ходимлари айтиши керак. Тўғри, пул керак, лекин бу ҳам керак-ку. Одамларда, халқимизда қачон маданият пайдо бўлади бу борада? Бу бўйича менга бирор киши таклиф бергани йўқ», – деди давлат раҳбари.

Мирзиёев дунё фанида янги йўналиш – фитомикс фанини Ўзбекистонда ривожлантириш муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидлади.

«Фитомикс бу – озиқ-овқат таркиби ва уларни ишлаб чиқаришда қўлланиладиган технологияларни инсон организми ва саломатлигига таъсирини ўрганувчи фан. Шуни халқимизга айтайлик ва Ўзбекистонда бу фанни ривожлантирайлик.

Кеча мен «Нуроний» жамғармаси раҳбарларини чақириб айтдим, 60 ёшдан ошган одамларимиз ҳар куни 2-5 км кечки пайт юрса. Бу одамларимизнинг соғлиғи учун. Бизда бу борада муҳит пайдо бўлсин. Бир кунда қанча ош, қанча гўшт ейиш мумкин, мана шу масалани ҳам одамларга ўзимизнинг тилда етказайлик. Буни қилса бўлади, бунга миллиардлаб инвестиция керак эмас-ку.

Соғлиқ-соғлиқ деймиз, соғлиқнинг асоси бу – маданият. Шу боисдан, биз яқинда соғлом турмуш тарзи ва соғлом овқатланиш тизимини тубдан такомиллаштирмас эканмиз, натижага эришолмаймиз.

Шунинг учун фитомикс фанини ривожлантиришга шахсан Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, бутун тизими билан масъул бўлади», – деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Президент 2020 йилда биология соҳасидаги илмий изланишларга ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини ҳам қайд этди.

«Бу ўз навбатида фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт ва озиқ-овқат саноатини ривожлантириш учун фундаментал технологик асос бўлиб хизмат қилади.

Бугунги кунда биология йўналишида 7та илмий тадқиқот муассасаларида 600 нафарга яқин илмий ходимлар фаолият кўрсатмоқда. Бу йўналишда олимларимиз томонидан тирик организмлар ва инсоннинг биологик хилма-хиллигини ўрганиш, қишлоқ хўжалиги экинларининг янги навларини, биопрепаратлар, янги дори ва диагностика воситаларини яратиш технологиялари ишлаб чиқарилган. Бироқ соҳада амалга оширилиши керак бўлган ишлар ҳали жуда кўп.

Биринчидан, 2025 йилга келиб жаҳонда биотехнология маҳсулотлари қиймати 2 трлн долларга етади. Бу олимларимиз учун соҳани ривожлантириш учун улкан имкониятлар дегани», – деди президент.

Шавкат Мирзиёев бу борада Инновацион ривожланиш вазири И.Абдураҳмонов ва Фанлар академияси президенти Беҳзод Йўлдошевга 2 ой муддатда агро ва биотехнологиялар, озиқ-овқат, шу жумладан, фитомикс, биотиббиёт ва фармабиология йўналишларини комплекс ривожлантиришга қаратилган қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифасини топширди.

Мавзуга оид