Ўзбекистон | 18:21 / 04.02.2020
34513
2 дақиқада ўқилади

Жалақудуқ туманига янги ҳоким тайинланди

Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Фурқатжон Бузруков Жалақудуқ туманига ҳоким этиб тайинланди. У президент томонидан сенатор этиб тайинланиб, «Нуроний» жамғармасига раис бўлиб кетган Содиқжон Турдиев ўрнини эгаллади.

Бугун, 4 февраль куни Халқ депутатлари Жалақудуқ тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси ўтказилди. Унда Андижон вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирок этди ва маъруза қилди.

Сессияда ташкилий масала кўриб чиқилиб янги туман ҳокими тайинланди. 

Kun.uz мухбири хабар беришича, шу кунгача Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган Фурқатжон Бузруков Жалақудуқ туманининг янги ҳокимига айланди.

Фурқатжон Ғуломжонович Бузруков 1985 йилда Андижон туманида туғилган, 2010 йилда Андижон давлат университетини (сиртқи) тамомлаган. 

У 2010 йилдан 2014 йилгача Андижон вилояти ҳокимлигида турли лавозимларда ишлаган, 2014-2016 йилларда Андижон педагогика коллежи директори бўлган, 2016-2018 йилларда Андижон вилояти маданият ва спорт ишлари бошқармаси бошлиғи, 2017-2018 йилларда Андижон вилояти ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи лавозимларида ишлаган.

2018 йилдан буён Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётганди.

Эслатиб ўтамиз, Жалақудуқ туманига 2018 йилнинг августидан буён ҳокимлик қилиб келган Содиқжон Турдиев 2020 йилнинг январида «Нуроний» жамғармаси раиси лавозимига тайинланганди.

Мавзуга оид