Ҳашар, ҳарбийлар меҳнати ва президентнинг пахтага давлат буюртмасини бекор қилиши ҳақида. ХМТ вакили билан интервью
Ўзбекистон тўқимачилик ва тикувчилик соҳасида миллионлаб иш ўринлари яратиш салоҳиятига эга. Бунинг учун хорижий брендлар, инвесторларни жалб қилиш керак. Пахта етиштириш бўйича давлат буюртмасининг бекор қилиниши эса, қишлоқ хўжалишини диверсификациялашдаги улкан қадам бўлди. Халқаро Меҳнат ташкилотининг Ўзбекистондаги бош маслаҳатчиси Йонас Аструп Kun.uz мухбири билан қисқа суҳбатда мажбурий меҳнат ва бошқа мавзуларда ташкилот қарашларини билдирди.
- Ўзбекистонда барқарор иш ўринларини қандай қилиб кўпроқ ташкил этиш мумкин?
- Ўзбекистон ноёб имкониятга эга, чунки сизнинг мамлакат дунёда 6-энг йирик пахта толаси етиштирувчи мамлакат ҳисобланади. Бундан ташқари, ишга лаёқатли фуқаролар сони ҳам жуда кўп. Бунга қўшимча равишда жуғрофий жойлашуви Европага яқин. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган тўқимачилик ва тикувчилик маҳсулотлари Европага 2 ҳафтада кириб бориши мумкин. Бу, мисол учун, Осиёнинг бошқа минтақаларида ишлаб чиқилган шу турдаги маҳсулотларни етказиб бериш учун талаб этиладиган 6-8 ҳафтадан анчагина қисқа муддатдир.
Бу яна шуни англатадики, чакана сотувчилар, маҳсулотлар таъминотини қисқа вақтда амалга ошира олади. Шунга кўра, Ўзбекистон тўқимачилик ва тикувчилик саноатида миллионлаб иш ўринлари яратишдек улкан салоҳиятга эга. Бунинг учун тўғри малакага эга бўлиш ҳамда хорижий инвесторлар, харидорлар ва компанияларни жалб этиш талаб этилади. Бугунги кунда гувоҳ бўлиб турганимиз, пахта ҳосилини йиғиб олишда мажбурий меҳнатга барҳам берилиши – хорижий брендлар, чакана савдо билан шуғулланувчиларни Ўзбекистонга жалб қилиш учун улкан қадамдир.
- Ўтган йили ҳарбийлар ва ички ишлар идоралари ходимлари пахта теримига жалб қилинди. Халқаро меҳнат ташкилотининг бу масалада қараши нимадан иборат?
- Ҳарбий хизматчилар меҳнати борасида Халқаро меҳнат ташкилоти ўз қарашига эга. Нафақат Ўзбекистон, балки дунёнинг ҳар қандай мамлакати иқтисодий тараққиёт ёки бошқа мақсадларда ҳарбий ходимлар кучидан фойдалана олмайди. Давлат фавқулодда вазиятлар ва можароларга барҳам беришда ҳарбийларни жалб эта олади, холос. Бу қоидага баъзи истиснолар ҳам бор, аммо одатдаги ишларда ҳарбийлар ўзлари хоҳласа ҳам, уларнинг меҳнатига пул тўланган тақдирда ҳам, уларнинг кучидан фойдаланиш мумкин эмас. ХМТнинг ушбу масаладаги қараши шуки, бу ташкилот меъёрларига тўғри келмайди. Албатта, бизга айтганларидек, булар вақтинчалик чоралар бўлган ва тўхтатилади.
- Ҳашарлар борасида ташкилот нима дейди? Чунки, ўтган йили кўплаб вилоятлар ҳокимлари ҳашарлардан ҳаддан ортиқ кўп фойдаланди.
- Ҳашар – ўзбек анъанаси бўлиб, дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам шунга ўхшаш одатлар мавжуд. Маҳаллий жамоатчилик вакиллари, ўз хоҳиш-ташаббуслари билан жамиятдаги бирор инфратузилмани тузатиш, дарёларни тозалаш, атрофни ободонлаштириш каби ишларда бирлашиб туради.
Албатта, бундай ишларни амалга ошириш борасида ҳам ХМТнинг ўз нуқтаи назари бор. Бу жараёнлар кўнгилли равишда амалга оширилиши ва жамият ҳамда ўша инсонлар яшаб турган маҳалла фойдасига бўлиши даркор. Шунга кўра, инсонларни пахта теримига чақиришни ҳашар деб бўлмайди.
- Қишлоқ хўжалиги вазири, давлат раҳбарининг топшириғи билан бу йилдан эътиборан ҳокимлар пахта етиштириш билан шуғулланмасликларини билдирди. Нима деб ўйлайсиз, президентнинг бу қарори нималарни ўзгартиради?
- Бу жуда улкан олға силжиш бўлди. Бу қарор, пахта ҳосилини йиғиб олишдаги мажбурий меҳнат билан боғлиқ айрим бошқа ҳолатларга ҳам барҳам беришга ёрдам беради. Пахта етиштиришнинг фермерлар, тадбиркорлар зиммасига юклатилиши сабабли улар чигит, ёқилғи ва бошқа эҳтиёжлар учун зарур молиявий маблағларни хусусий банкларга мурожаат қилиб олади. Агар, фермер давлатдан қарз олгудек бўлса, масалан, сиздан 1000 доллар қарз эвазига маълум миқдорда пахта етиштириб беришингиз талаб этилар эди. Эндиликда, бу тизим йўқолмоқда.
Бу нимани англатади? Энди фермерларда маҳсулот ишлаб чиқариш режаси бўлмайди. Бу режани бажариш учун мавсум сўнгигача ишчиларни далага чиқармайди. Шу билан мажбурий меҳнат эҳтимоли ҳам йўқолади. Шунингдек, маҳаллий ҳокимлар ва ҳукумат пахта теримчиларини жалб қилиш иши билан шуғулланмаслигини, яъни Ўзбекистон бозор тамойилларига асосланган модел томон ҳаракатланаётганини, фермерлар ҳам ўзлари истаган нарсани етиштиришларини англатади.
- ХМТ Ўзбекистон ҳукуматининг бўлғуси қадамлари борасида қандай тавсияларни беради?
- Пахта теримчиларига тўланадиган иш ҳақининг энг кам миқдорини кўпайтиришда давом этиш керак. Мисол учун, ўтган йили айрим тўқимачилик корхоналари давлат белгилаган тўловдан кўпроқ тўлаганига ҳам гувоҳ бўлдик. Бу жуда ҳам ижобий, шундай давом этиш лозим. Ишлаш ва яшаш шароитларини яхшилашда давом этиш даркор. Меҳнат инспекторларининг далада ва бошқа корхоналардаги шароитларни ўрганиши учун фаолиятини кучайтириш керак.
Бу ишларга фуқаролик жамиятларини кўпроқ жалб қилиш керак, кўпроқ рўйхатдан ўтказиш керак. Улар ҳукуматга меҳнат ҳуқуқларига риоя этилишини назорат қилиш, воқеалардан хабардор бўлишда ёрдам беради. Хорижий инвесторларни соҳага жалб қилишда давом этиш зарур. Қишлоқ хўжалиги соҳасини пахта хом-ашёси етиштиришга қарамликдан қутқаришни кучайтириш, қўшимча қийматли маҳсулотлар, хусусан, тўқимачилик ва тикувчилик соҳаларини ривожлантириш зарур. Булар 2020 ва ундан кейинги даврлар стратегиясидир.
Мавзуга оид
17:36 / 10.12.2024
ХМТ Марказий Осиёдаги ишсизлик даражаси бўйича маълумот берди
19:00 / 24.10.2024
Давлат меҳнат инспекциясига мажбурий меҳнатга оид 283 та мурожаат келиб тушди
18:02 / 10.10.2024
Шаҳрисабзда аҳолини пахта теришга мажбурлаган маҳалла раиси салкам 19 млн сўм жаримага тортилди
10:15 / 10.10.2024