Ўзбекистонда талабаларга стипендия тўлашнинг янги тартиби белгиланди (батафсил)
Давлат гранти, шунингдек, стипендияли тўлов-контракт асосида ўқитишнинг ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолдаги шакли бўйича таълим олаётган талабалар қатъий белгиланган миқдордаги базавий стипендия билан таъминланади
Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасалари талабаларига тўланадиган стипендиялар миқдорларини белгилаш ҳамда стипендиялар тайинлаш ва тўлаш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қайд этилишича, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб:
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги томонидан тажриба-синов тариқасида олий таълим муассасаларида давлат гранти ва стипендияли тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабаларга (давлат гранти асосида таълим олаётган битирувчи курс талабалари бундан мустасно) стипендиялар базавий миқдорда (400 минг сўм), шунингдек, “аъло” ўзлаштириш кўрсаткичига эга бўлган талабаларга стипендиялар базавий стипендия миқдорига нисбатан қўшимча 15 фоиз миқдорда тўланган;
тўлов-контракг асосида таълим олиш учун талабаларга уларнинг ўз хоҳишларига кўра, контракт қийматини стипендияли ёки стипендиясиз шаклда тўлаш тартиби жорий этилган, бунда стипендияли тўлов-контрактлар таркибида базавий стипендия миқдорининг йиллик суммаси назарда тутилган.
Олий таълим муассасалари талабаларига стипендиялар тайинлаш ва тўлаш бўйича 2019/2020 ўқув йилининг биринчи семестрида тажриба-синов тариқасида амалга оширилган ишлар натижасидан келиб чиқиб, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идораларнинг 2020 йил 1 февралдан бошлаб қуйидагиларни жорий қилиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилди:
давлат гранти, шунингдек, стипендияли тўлов-контракт асосида ўқитишнинг ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолдаги шакли (ўқитишнинг кундузги шакли) бўйича таълим олаётган талабаларни (2019/2020 ўқув йилида давлат гранти асосида таълим олаётган битирувчи курс талабалари бундан мустасно) қатъий белгиланган миқдордаги базавий стипендия билан таъминлаш;
ўқув семестри якуни бўйича фанлардан фақат “аъло” ўзлаштириш кўрсаткичига (рейтинг кўрсаткичи - 86 балл ва ундан юкори) эга бўлган талабаларнинг стипендиясини базавий стипендияга нисбатан 20 фоизга оширилган ҳолда белгилаш;
ўқув семестри якуни бўйича фанлардан ўзлаштириш кўрсаткичларининг 30 фоиз ва ундан ортиқ қисми “қониқарли” баҳо (рейтинг кўрсаткичи - 71 баллдан кам) бўлган давлат гранти асосида таълим олаётган талабаларга (2019/2020 ўқув йилида давлат гранти асосида таълим олаётган битирувчи курс талабалари бундан мустасно) навбатдаги ўкув семестри мобайнида стипендия тайинламаслик;
тўлов-контракт асосида таълим олаётган 1 ва 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган ҳамда тўлиқ давлат таъминотида бўлган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар сирасига кирувчи талабаларга стипендия тўловларини Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобига амалга ошириш;
тегишли молия йилида олий таълим муассасаларида стипендия тўловлари учун режалаштирилган бюджет маблағларига нисбатан 10 фоиз ҳамда тўлов-контракт бўйича режалаштирилган тушумларнинг 2 фоиз миқдоридаги маблағлар ҳисобига Талабаларни рағбатлантириш жамғармасини ташкил этиш;
алоҳида қобилият ва иқтидор эгаси бўлган, жамоат ишларида фаол, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож давлат гранти ва тўлов-контракт асосида таълим олаётган барча талабаларни белгиланган стипендияларга нисбатан Жамғарма ҳисобига қўшимча равишда 50 фоизгача миқдорда рағбатлантириш;
Жамғарма маблағлари ҳисобига олий таълим муассасасида давлат гранти ва тўлов-контракт асосида таълим олаётган алоҳида иқтидорга эга, халқаро, республика ва олий таълим миқёсида ўтказилган фан олимпиадалари ва спорт мусобақалари ғолиблари, шунингдек, олий таълим муассасаси кенгаши томонидан белгиланган мезонларга мувофиқ алоҳида ҳолларда (касаллиги ёки оила аъзоларининг вафоти каби) талабаларга базавий стипендияга нисбатан 10 бараваргача миқдорда бўлган бир марталик рағбатлантириш ёки моддий ёрдам тўловини жорий этиш.
Белгилаб қўйилишича:
олий таълим муассасаларида давлат гранти асосида таълим олаётган “аъло" (рейтинг кўрсаткичи - 86 балл ва ундан юқори) ҳамда “яхши” (рейтинг кўрсаткичи - 71 балл ва ундан юқори) ўзлаштириш кўрсаткичларига эга бўлган талабаларга тажриба-синов тариқасида 2019 йил 1 сентябрдан 2020 йил 1 февралга қадар ҳақиқатда тўланган ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Олий ўқув юртлари талабаларига стипендиялар тўлаш тартиби ва миқдорлари тўғрисида” 2001 йил 17 августдаги 344-сон қарори асосида тўланиши лозим бўлган миқдорлар орасидаги тафовут тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идораларга 2020 йил учун ажратилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари доирасида қопланади;
2019/2020 ўқув йилида олий таълим муассасаларининг давлат гранти асосида таълим олаётган битирувчи курс талабалари учун 2020 йил 1 февралдан бошлаб стипендиялар, истисно тариқасида, талабаларнинг ўзлаштириш баҳоларидан келиб чиққан ҳолда тўланади;
2019/2020 ўқув йилидан бошлаб тўлов-контракт асосида таълим олувчи номли давлат стипендиялари соҳиблари, 1 ва 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган, тўлик давлат таъминотида бўлган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар сирасига кирувчи талабаларга стипендия тўловлари Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобига амалга оширилишини инобатга олиб, уларга тегишли ўқув йили учун контракт қиймати миқдорини стипендиясиз шаклда тўлаш имконияти яратилади;
республика олий таълим муассасалари талабалари бўлган Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномасига ёхуд инвестиция визасига эга бўлган хорижий инвесторлар, шунингдек, уларнинг оила аъзолари олий таълим муассасаларида таълим олаётганда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун назарда тутилган шартларда стипендия олишга ҳақлидирлар.
Ўзбекистон Республикаси президентининг Давлат стипендияси ҳамда Беруний, Ибн Сино, Навоий, Улуғбек, Имом ал-Бухорий ва Ислом Каримов номидаги давлат стипендияларини олувчи талабаларга стипендиялар тайинлашда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон иқтидорли ёшларини тақдирлаш ва моддий рағбатлантириш тўғрисида” 2008 йил 13 октябрдаги 226-сон қарори билан белгиланган тартиблар сақлаб қолинди.
Бунда, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб номли давлат стипендияларини тўлаш билан боғлиқ харажатлар талабаларнинг давлат гранти ёки тўлов-контракт асосида таълим олаётганидан қатъи назар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига копланиши инобатга олинади.
Мавзуга оид
13:28 / 10.12.2024
Uzbekistan Airways талабалар учун чипталарга чегирма эълон қилди
12:08 / 25.04.2024
ТТА ва Стоматология институтида хорижий тиллардан сертификат олганларга стипендия берилмаётгани айтиляпти
16:58 / 06.02.2024
ТДЮУ талабалари учун “Тошкент шаҳар прокурори стипендияси” жорий этилади
13:51 / 15.12.2023