Тошкентда ўқувчиларни алдаган нодавлат таълим маркази мансабдорларига жиноий иш очилди
Прокуратура органлари Kun.uz сайтидаги мақоладан кейин Тошкент шаҳрида бир йил мобайнида ўқувчи ва абитуриентларни алдаб келган нодавлат таълим муассасаси фаолиятига эътибор қаратди.
Тошкент шаҳридаги «BRITISH FOUNDATION TASHKENT» нодавлат таълим маркази мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши очилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратура матбуот хизмати Kun.uz’га хабар берди.
«Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Мирзо Улуғбек тумани бўлими томонидан тадбиркорлик субъектларининг қонуний ҳуқуқ манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан ўтказилган терговга қадар текширувда «BRITISH FOUNDATION TASHKENT» нодавлат таълим маркази мансабдор шахслари марказга ўқиш истагида мурожаат қилган фуқароларнинг ишончига кириб, уларни алдаб, Буюк Британиянинг таълим стандартлари йўналиши бўйича 3 ойдан 9 ойгача сифатли таълим беришни ва келгусида Буюк Британиянинг нуфузли университетларидан бирида таҳсил олишларига, марказнинг якуний имтиҳонларидан ўтолмаган ўқувчилар Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети ёки Сингапур менежментни ривожлантириш институтига ўқишга қабул қилинишига ишонтириб ёлғон ваъдалар бериб, 30 нафар ўқувчининг ҳар биридан 7 000 АҚШ долларидан жами 210 000 АҚШ долларини ўқув тўлови сифатида қўлга киритганликлари аниқланган.
Шунингдек, текширувда марказ мансабдор шахслари ўқувчилардан олинган жами 82,7 млн. сўм пул маблағларини марказга кирим қилмаганликлари, марказга тегишли бўлган корпоратив пластик картага жуда кўп миқдордаги пулларни тушириб, ўзларига ортиқча иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ҳисоблаб, жами 674,6 млн. сўм миқдордаги пул маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан «BRITISH FOUNDATION TASHKENT» НТМ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди, 168-моддаси 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда», дейилади Бош прокуратура матбуот хизмати маълумотида.
Бундан аввалроқ Kun.uz сайтида «Талаба бўлиш орзуси саробга айланди. Номаълум таълим дастури жабрланувчиларига ким ёрдам беради?» сарлавҳали материал эълон қилинган, унда Англиянинг етакчи университетларида ва Ўзбекистонда жойлашган халқаро университетларда ўқиш орзусида бўлган 41 нафар ёшлар қарийб 7000 минг АҚШ долларидан тўлаб, «Foundation year» деган янги дастур асосида 6 ой ўқиганидан сўнг ўзлари кутган натижага эриша олмагани, натижада тўлаган пулларига куйиб қолишгани баён қилинганди.
Мавзуга оид
13:28 / 10.12.2024
Uzbekistan Airways талабалар учун чипталарга чегирма эълон қилди
22:14 / 25.07.2023
Фарғонада хусусий университетлардан бири лицензияси бекор қилинди
22:00 / 26.01.2021
Вазир: «Нодавлат умумтаълим муассасаларида ўқувчилар сони ортиши давлат бюджетига тушадиган юкни камайтиради»
14:18 / 04.01.2021