«Ватандошингизнинг ожизлигини кўриб, ичингиз ачийди» – Россияга сафардан журналист таассуротлари
Kun.uz мухбирлари Россиядаги ватандошлар ҳаётини ёритиш, улар дуч келаётган қийинчиликларга бевосита гувоҳ бўлиш учун хизмат сафари билан Россия Федерациясида бўлиб қайтди.
Шу асосда тайёрланган материаллар сайтимизда эълон қилиб борилмоқда. Биз мухбирларимизнинг бир ойдан кўпроқ вақт давом этган сафари таассуротлари билан қизиқдик.
«Ўзбекистон поездини нега чегарадан ташқари транзит бекатларда ҳам текширишади?»
Толиб Раҳматов: Поезд сафарида бир нарсага ҳайрон қолдим. Уч кунлик йўлнинг деярли икки куни Қозоғистон ҳудудидан ўтади. Ўзбекистон темир йўлларига қарашли таркиб транзит ҳудуддан ўтяпти. Билишимча, ўзи одатда транзит ҳудуддан ўтаётган темир йўл таркиби, вагонлари Ўзбекистон ҳудуди ҳисобланади. Биз рухсат берилган жойда 10-15 дақиқага бекатларда тушишимиз мумкин, лекин уни тарк эта олмаймиз.
Мени нима ажаблантирди? Божхонадан ўтдик. Икки кун давомида Қозоғистон ҳудудидан юришимиз давомида ҳар бир бекатда қанақадир навбатчи чиқиб, Ўзбекистон поезди – яъни Ўзбекистон ҳудудида текшириш ўтказиши мени ажаблантирди. Ҳукуматлар келишувида бу нарса бор-йўқлигидан хабарим йўқ, лекин менимча, бундай бўлиши керак эмас. Ноқонуний мол олиб ўтилаётганига шубҳа бўлса, иккита чегарада божхона пункти бор – ана ўша ерда аниқлашсин, ўша ерда кўрадиган чорасини кўрсин.
«Ватандошингизнинг ожизлигини кўриб, ичингиз ачиркан»
Раҳматилло Исроилов: Яқинда паспортимни йўқотиб қўйиб, янгисини олгандим. Қозоғистондан ўтиб, Россия чегарасига келганда бу кузатувчиларда шубҳа уйғотди. Паспортдан бошқа ҳужжатим йўқ эди. Бу сохта паспорт деган гумон билан мени шубҳа остидагилар хонасига олиб киришди.
Ўша ерда турганимда ёши 50га яқинлашган киши билан суҳбатлашиб қолдим. Ҳужжатлари билан тушунмовчилик бўлаётган экан. «Ўзи қарз олиб келяпман, уёқда 3-4 болам бор... Россия чегарасидан Ўзбекистонга қандай қайтаман, уйга нима деб кириб бораман?» Ёрдам бергингиз келади, лекин чегарадан ўтказишмаяпти. Ўзимдан ўтганини ўзим билдим. Ватандошингизнинг ожизлигини кўриб, ичингиз ачиркан.
Россияга келаётган юртдошларимиз янги паспорт олишган бўлса, қўшимча ҳужжатларини ҳам (ҳайдовчилик гувоҳномаси, банк карточка ва ҳк.) олиб олишгани маъқул экан. Янги паспортдан барибир шубҳаланишади.
«Рус полициясига осиёликларга шубҳа билан қараш буюрилган»
Толиб Раҳматов: Сафар давомида бир неча марта полиция ходимлари кўчада тўхтатиб, ҳужжатларимизни текширишди. Келиб, ўзини таништириб, ҳужжатларни кўрайлик, дейди. Ўзи сизни тўхтатиб, ҳужжатингизни текширишга бир нечта асослар бўлиши керак. Лекин одатда улар бу асосларни умуман айтмайди, бунга сизни яқинлаштирмайди ҳам.
Полиция ходимларидан бирининг айтишича, уларга ташқи кўриниши осиёлик бўлганларни текшириш буюрилган. Биз ҳужжатларимизни кўрсатамиз, лекин кейин сен ҳам бизга шу ҳақдаги топшириқни бизга кўрсатасан, десак, бу фақат оғзаки кўрсатма, деди.
Раҳматилло Исроилов: Полиция ходимлари Ўзбекистон элчихонаси ва консулхонасига борадиган йўлларда туриб олишаркан. Билишадики, дипломатик ваколатхонага ҳужжатида муаммоси бор фуқаролар тез-тез мурожаат қилади. Сайлов арафасида операторимиз билан Москвадаги элчихонамизга кетаётганимизда бизни ҳам тўхтатиб, ҳужжатларимизни текширишди. Сал нарироқда бир ўзбек шу полициячиларни кўргани учун у ердан кета олмай турганди. Ҳаво совуқ. Ёши каттароқ инсон экан, «Ҳозир чиқсам, ушлаб олиб кетади», дейди.
Русчада оддий саволга жавоб бера олмаган ўзбек йигит ва Москвадаги қурилишда ишлаётган фермер ҳақида
Толиб Раҳматов: Патент олиш учун бордим. Бир ёш йигит мендан кейинги дарчага бориши керак эди – қўлида навбати ёзилган рақам бор. Қайси дарчага бориши кераклигини катта экранда кўрсатиб турибди, яна у дарчадаги аёл айтиб турибди. Лекин фойдасиз, йигит русчани тушунмайди. Ҳатто навбат рақамини англамаяпти. Бир киши қаерга бориши кераклигини кўрсатиб юборди, менинг ёнимдаги дарчага келди. У ердан «Россияга нега келдинг?» дея рус тилида берилган саволга жавоб беролмай, паспортини узатди. Мана таълим тизимининг аҳволи. У эртага кимнинг қўлига тушади? Қандай қилиб ўз ҳуқуқини талаб қила олади?
Патент билан қурилиш компаниясига ишга бордим. Биласизми, ўртача катталикдаги хонада 16та кроват. Ишчилар орасида кўпни кўрганлар ҳам бор. Ишонасизми, иккитаси фермер экан... «Менга юз гектар қиласан, деб мажбурлаб қўйишди, – дейди улардан бири. – Тракторим бор эди, бошқам бор эди, барибим имконим бўлмади. Пахта экмаслик керак бўлган жойга пахта эктиради… Кетдим».
Масалан неча гектарни эплай оласан, деб сўрадим. Менга бир гектар бўлса етади, деяпти. Бу ерда қанча ишлаяпсан, десам: «Уйимга 300 доллар жўнатяпман, менга шу етади. Бошоғриқ керак эмас», дейди. Мана таассурот. Ўзбек фермери Россияда қурилишда ишлаб юрибди.
«Руслар баъзида сўраб қолади: «Сиз ўзбекларда ҳам мактаблар борми?»
Раҳматилло Исроилов: Ўзимиз гувоҳи бўлган ҳолатлардан яна бири – бир хонада яшаётган икки эр-хотин. Ўрталарига парда вазифасини бажарувчи мато тутиб қўйишган...
Толиб ака қурилишга кетган пайтда мен тунги сменадаги ишга чиқдим. Кўпгина муҳожирлар кундузи асосий ишида ишлаб, кечаси ҳужжат сўралмайдиган норасмий ишда ишлашади. Бориб, рўйхатга ёзилишади ва бир неча соат ишлаб, пулини олиб кетишади. Типографияда ишлаб кўрдим. Кунига 1200-1300 рубль беришаркан. Ишчилар – асосан ёши катта эркак ва аёллар. Кундузи асосий иш жойларида бўлиб, кечаси мана шу енгилроқ ишда ишлашади.
Иш жараёнида фарғоналик бир аёл билан суҳбатлашдим. Фарғонада адашмасам котиба бўлиб ишлаган, 800 минг ойлик олган экан. «Уйда икки болам бор. Бу ерга келишдан олдин бир танишим билан гаплашгандим, у мени алдади – у айтган иш йўқ экан. Ҳужжатим ҳам йўқ...»
Бир муҳожир акамиз айтиб қолди: «Руслар баъзида савол бериб қолади: «Сиз ўзбекларда ҳам мактаблар борми, сизлар ҳам ўқийсизларми?» Бу саволни эшитиб, ўзимдан ўзим хафа бўлиб кетаман».
Муҳожирлар – осон даромад излаб, романтика истаб кетувчиларми?
Раҳматилло Исроилов: Кундузи асосий ишида ишлаб, кечқурун яна тунги сменадаги ишга чиқади. Мана романтика.
Икки сменада ишлаб, ҳалол меҳнат қиляпсиз. Уйда ота-онангиз, фарзандларингиз кутиб турибди. Лекин масалан 30-35 минг рубль ойлик олганингизда ҳар гал 2 минг патентга, 5 минг квартирага, яна ҳар уч ойда қандайдир регистрациясига, ўз харажатларингизга олиб қўясиз... Хуллас, бир ой шунча меҳнат қилиб, топганингизнинг ярмини Москвага ташлаб кетяпсиз.
Толиб Раҳматов: Хотини, олтита фарзанди билан Россияга келиб, энди ажрашаман деяпти. Мана романтика. Қайнонаси айтяпти экан: «Сен бешта қизни чиқаргунингча, тамом бўласан. Бўлди, янги уйланасан».
- «Бизни хўрлаб, ўзга юртда ташлаб кетди». Россияда фарзандлари билан ёлғиз қолдирилган аёллар ҳикояси
- «Ўқишдан ҳайдалган, яқинлари бехабар» – бош консул фарзанди Россияда ўқиётган ота-оналарга мурожаат қилди
Мавзуга оид
22:34
Россия–Украина уруши тугайдими? Путин нимани хоҳлайди?
20:16
WP: Байден Путинга «хайрлашув зарбаси» — Россия энергетикасига қарши санкциялар тайёрламоқда
20:13
Россияда жазо ўтаётган Ўзбекистон фуқароларининг вояга етмаган фарзандлари ватанга қайтарилди
18:22