Қозоғистон ички ишлар вазири: Масанчи қишлоғидаги ҳодисалар оқибатида 8 киши ҳалок бўлди
Қозоғистоннинг Жамбил вилояти, Кордай тумани, Масанчи қишлоғида юз берган можаро оқибатида ҳалок бўлганлар бор
Қозоғистоннинг Жамбил вилояти, Кордай тумани, Масанчи қишлоғида маҳаллий аҳоли ўртасида келиб чиққан можаро оқибатида 8 киши ҳалок бўлди, 40дан ортиқ фуқаро жароҳатланди. Бу ҳақда Қозоғистон ички ишлар вазири Ерлан Турғумбоев маълум қилди.
Zakon.kz хабарига кўра, 30дан ортиқ хусусий уй-жой, 15та савдо объекти ҳамда 23 дона автомашинага зарар етказилган.
“47 киши қўлга олинди ва полиция бўлимига олиб кетилди, иккита милтиқ олиб қўйилди”, - дея айтиб ўтган ички ишлар вазири Ерлан Турғумбоев.
Ўз навбатида, Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Кордай туманидаги вазият муносабати билан қатор топшириқлар берди.
Қозоғистон раҳбари аввало можаро нима сабабдан келиб чиққанини аниқлаш ҳақида вазифа юклаган. Шунингдек, Тўқаев бош прокурорга Кордай туманидаги ҳодисалар бўйича суриштирув ишлари устидан алоҳида назорат ўрнатиш ҳақида кўрсатма берди.
Бундан ташқари, мамлакат Миллий хавфсизлик қўмитаси, Бош прокуратура этник низога чақираётган, фитнали миш-миш ва ёлғон ахборот тарқатаётган шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича чора-тадбирларни кўриши кераклиги белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, можаро қозоқлар ва дунганлар ўртасида келиб чиққан. Барчасига маҳаллий дунганларнинг қозоқ эркакни калтаклаши сабаб бўлган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда ўқ овозлари, тартибсизликлар ва олов домида қолган уйлар тасвирланганини кўриш мумкин.
Жамбил вилояти полиция департаментининг тергов бошқармаси Жиноят кодексининг 293-моддаси (Безорилик) бўйича судгача тергов-суриштирув ҳаракатларини бошлади.
Қирғизистон-Қозоғистон чегарасида жойлаштирилган қирғиз чегарачилари Қозоғистоннинг чегара туманида вазият кескинлашгани сабабли хизмат ўташнинг кучайтирилган режимига ўтказилди.
Мавзуга оид
23:10 / 23.12.2024
Россия Қозоғистонда 7 млн долларлик фирибгарлик ишида айбланаётган Ўзбекистон фуқаросини экстрадиция қилди
17:57 / 23.12.2024
Қозоғистонда йўлда бузилиб қолган автобусдан ўзбекистонликлар қутқарилди
20:04 / 21.12.2024
Ғойиб бўлган машиналар иши: асосий фигурант Абдулла Абдурасуловнинг шериклари қамалди, унинг ўзини терговчи қўйиб юборган
15:00 / 18.12.2024