Жаҳон | 10:05 / 08.02.2020
95692
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон - Қирғизистон чегараси яқинида оммавий тартибсизлик юз берди. Тўқаев баёнот билан чиқди

 Қозоғистоннинг Жамбил вилояти, Кордай тумани, Масанчи қишлоғида йирик можаро келиб чиқди. Ижтимоий тармоқларда таъкидланишича, кескинлик этник сабабларга кўра юз берган.

Фото: Tengrinews

Жамбил вилояти полиция департаменти хабарига кўра, можаро полиция томонидан бостирилган, вазият назорат остида.

«Масанчи қишлоғида аҳоли ўртасида оммавий муштлашув келиб чиқди. Можаро полиция томонидан бостирилди, вазият назорат остида», - дейилади идора баёнотида.

Қатор ОАВ томонидан тарқатилган хабарларга кўра, можаро қозоқлар ва дунганлар (Қирғизистонда яшовчи миллат) ўртасида келиб чиққан. Барчасига маҳаллий дунганларнинг қозоқ эркакни калтаклаши сабаб бўлган. 

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда ўқ овозлари, тартибсизликлар ва олов домида қолган уйлар тасвирланганини кўриш мумкин. 

Жамбил вилояти полиция департаментининг тергов бошқармаси Жиноят кодексининг 293-моддаси (Безорилик) бўйича судгача тергов-суриштирув ҳаракатларини бошлади. Можаронинг сабабчилари ва иштирокчилари аниқланмоқда, дейилади хабарда.

Қозоғистоннинг Масанчи қишлоғи Қирғизистон билан чегара яқинида жойлашган. Уни Токмок шаҳри билан Чу дарёси ажратиб туради.

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Кордай туманидаги можарога ўз муносабатини билдирди.

- Жамбил вилоятининг Кордай туманида безорилик ниятида бўлган шахслар ўртасида оммавий муштлашув келиб чиқди. Фитначилар бундан фойдаланишга ҳаракат қилишди. Полиция вазиятни назорат остига олди. Жамоат тартибини бузишда айбдор бўлган шахслар жавобгарликка тортилади, - деб ёзди президент Twitter’да.

Қирғизистон-Қозоғистон чегарасида жойлаштирилган қирғиз чегарачилари Қозоғистоннинг чегара туманида вазият кескинлашгани сабабли хизмат ўташнинг кучайтирилган режимига ўтказилди. Бу ҳақда Қирғизистон Давлат чегара хизмати матбуот хизмати хабар берди.

«Қозоғистоннинг Жамбил вилояти Кордай туманида, Чуй вилояти ҳудуди билан чегарадош бўлган ҳудудда вазият кескинлашгани сабабли, чегарада ўрнатилган назорат-ўтказиш пунктлари ва бўлинмалар хизмат ўташнинг кучайтирилган тартибига ўтказилди», - дейилади матбуот хизмати хабарида.

Маҳкаманинг таъкидлашича, давлат чегарасининг қирғиз-қозоқ қисмида вазият барқарор бўлиб турибди.

Мавзуга оид