Ўзбекистон | 20:18 / 09.02.2020
31741
4 дақиқада ўқилади

Қозоқбой Йўлдошев: «Ўзбек тили муаммоларини ҳал этиш эмас, ҳал этаётганга ўхшаб кўринишни ўйлаяпмиз»

Халқаро пресc клубнинг навбатдаги сессияси ўзбек тили муаммоларига бағишланди. Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мавқейи, тил таълими ва тилшунослик масалалари муҳокама қилинди, деб хабар беради Kun.uz мухбири.

Сессияда соҳа олимлари, профессор-ўқитувчилар, методистлар, вазирлик мутасаддилари ўзбек тилининг кейинги ривожи учун ўз таклифларини билдиришди.

Педагогика фанлари доктори, профессор Қозоқбой Йўлдошев пресс клубга йиғилган ва сўзга чиқиб фикр билдираётганларга мурожаат қилиб, муаммо моҳиятини теранроқ англашга ва хато-камчиликларни тан олишдан қочмай, уларни тузатишга ҳаракат қилишга чақирди.

«Биз ҳозир ҳаммамиз хизмат вазифамизни бажариш билан, ўзимизнинг унчалик ёмон ишламаётганимизни таъкидлаш билан, ўзимизнинг анча саводли ва «ўзбекпараст» эканимизни кўрсатиш билан овора бўляпмиз.

Ҳозир қайсидир тадбиркорни тўғри тушуниш кераклиги, Адлия вазирлиги ниҳоятда тўғри ишлар қилаётгани ёки Абдуғаффор Қирғизбоев (Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти мудири – таҳр.) қанча тадбирлар ишлаб чиққани ҳақидаги гаплар, бу – масалани ечиш, тилни ривожлантириш, ўзбекнинг кўкрагини кўтариш ҳақида эмас. Бу худди мен зиммамдаги ишни қиляпман, деганга ўхшайди.

Нега бизда ўзимиздан бошқага бўлган нарсага интилиш кучли, чунки бизда ғурур йўқ!

Қозоқбой Йўлдошев

Нега бизда реклама баннерларида бошқа тилда ёзилади, чунки бу ўша одам учун ёзилади, демакки, бизни ўзбекни ҳурмат қилмайди. У инглиз, италян ёки русни ҳурмат қилиши мумкин, лекин ўзбекни эмас.

Бу ерда ўтирганларга: сизда ҳам, менда ҳам, сенаторлар, депутатларда ҳам нега ўзи шунақа бўляпти, деган изтироб пайдо бўлиши керак, лекин шу изтиробнинг ўзи йўқ!

Биз ўйлаб кўрайлик, ахир. Азбаройи вазифа бажариш учун эмас, балки «Ҳа, биз улгуролмаяпмиз, ёмон ишлаяпмиз», дея олмаймизми?! Нега Тошкентдай шаҳарда 53 фоиз мактаб рус мактабига айланиб боряпти, буни ўйлаб кўришимиз керак. Бу катта фожиа аслида.

Ўқишни Навоийдан эмас, Толстой ёки Пушкиндан бошлаган бола дунёни уларнинг кўзи билан кўради-да. Қуръоннинг, ҳадиснинг, Навоийнинг кўзи билан кўролмайди-да, албатта. Биз масалани ҳал қилиш ҳақида эмас, ҳал қилаётганга ўхшаб кўриниш ҳақида ўйлаяпмиз.

Ўзбек тилини байрам қилишдан олдин мақомини жойига қўйиш, уни ҳимоя қилиш ҳақида ўйлашимиз керак. У ҳалокат ёқасига келиб қолди. Илмий тил йўқ, илмий атамалар бошқача қабул қилинади. Агар бизда интилиш бўлса, шунга эрк бўлса, бу уддаласа бўладиган иш.

Ёмон ишлаётганимиз, ўзимизнинг соҳамиз бўйича қилиниши керак бўлган ишнинг ўндан бирини ҳам бажармаганимиз бор ҳақиқат. Ҳадеб кейинги вақтда яхши бўлиб кетди, анча силжиш бор деган билан иш битмайди, силжитайлик уни», – деди Қозоқбой Йўлдошев.

Филология фанлари доктори, профессор Адҳамбек Олимбеков фаолларни тил сиёсати масаласида кескинроқ қарорлар қабул қилишга чақирди.

«Биз тарихдан биламиз: 1940 йилларда лотиндан кирилга ўтилганида бир ҳафта муҳлат берган ва бир ҳафта ичида ўзгарган. Ҳозир эса неча йилдан бери лотин билан кирилнинг ўртасида осилиб турибмиз», – дейди Адҳамбек Олимбеков.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил 21 октябрда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилгани муносабати билан ўтказилган тантанали маросимда президент Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаган, шу куни имзоланган фармон билан бу сана ўзбек тили байрами куни этиб белгиланиб, Вазирлар Маҳкамасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилган эди. Кейинроқ департамент ҳузурида Атамалар комиссияси иш бошлади.

·       Президент фармони: Лотин алифбосини тўлиқ жорий этиш борасидаги ишлар жадаллаштирилади

Мавзуга оид