Тошкент шаҳар божхона тизимида 10 нафар раҳбар ходим ишдан олинди
Давлат божхона қўмитаси раиси Муроджон Азимов 12 февраль куни Тошкент шаҳар божхона бошқармасида навбатдан ташқари йиғилиш ўтказди.
Қўмита ахборот хизмати вакили Ҳусан Тангриевнинг маълум қилишича, танқидий руҳда ўтган йиғилишда ташкилий масалалар кўрилган.
Хусусан, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, 2 нафар ўринбосарлари, бошқарманинг 4 нафар бўлим бошлиқлари, 2 нафар божхона пости бошлиқлари, «Арк-булоқ» божхона пости бошлиғи ўринбосари эгаллаб турган лавозимидан озод қилинган.
«Шунингдек, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси бошлиғининг янгиланган таркибдаги ўринбосарлари жамоага таништирилди.
Жумладан, Б.Муратов Тошкент шаҳар божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари этиб, Н.Салимжонов ва Н.Усмонов бошқарма бошлиғи ўринбосарлари этиб тайинланишди.
Бошқарма бўлимларига ҳам бошлиқлар тайинланди», – дейилади хабарда.
Таъкидланишича, божхона соҳасида «тамагирликка муккасидан кетган ходимлар учраб тургани» ҳеч кимга сир эмас.
«Хўш, улар нима учун бундай қилмишларга қўл уради? Чунки қонун устуворлигини ҳис қилмайди, ўзига ҳаддан ташқари бино қўяди. Бундайларга қарши кураш тизимда узлуксиз давом эттирилади», – дея изоҳ берди Ҳусан Тангриев.
Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 31 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда божхона постларидан бирининг раҳбари ҳибсга олингани ва унинг уйидан 400 минг доллар топилгани ҳақида гапирган эди.
«Кеча битта пост раҳбари қамалди. Уйида 400 минг доллар. Бир кичкина пост раҳбари. Бу ҳали бир кунлик. Биз дунё ҳамжамияти бизни тан олиши учун ҳаракат қиляпмиз. Шундай пайтда бу каби ишлар давом этса, нима бўлади?
Мана шу тизимга рози бўлмаган кишини халқ олдида раҳбар бўлишга ҳаққи йўқ, тўнини ташласин», – деганди президент.
Мавзуга оид
18:20 / 16.12.2024
Damasʼдан Kia Sonetʼгача: “Halol Avtolizing”чилар юзлаб одамни алдагани маълум бўлди
15:02 / 23.11.2024
Трансчегаравий сувлар, яширин туннеллар ҳамда сим тўсиқ ёнидаги локация – ноқонуний қурол-яроғ чегарадан қандай ўтяпти?
12:06 / 16.11.2024
“Биз тўғридан тўғри завод билан ишлаймиз”: Тошкентда 16 кунлик фирма одамларни “ҳалол лизинг”га машина олиб беришга ишонтирмоқда
16:21 / 11.11.2024