Ўзбекистон | 00:47 / 13.02.2020
84280
8 дақиқада ўқилади

Қўшни давлатлардан ўқишни кўчиришга оид энг кўп сўралаётган саволларга жавоблар – вазирлик вакили билан суҳбат

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ўзбекистон фуқароларининг ўқишларини қўшни давлатлардан Ўзбекистонга кўчириш масалаларида қўшни республикалар ОТМлари томонидан турли баҳоналар билан тўсиқлар қўйилиши нотўғрилигини айтди.

Шу йилнинг 7 февралидан қўшни республикаларда ўқиётган ўзбекистонлик талабалар ўқишини маҳаллий ОТМларга кўчириш бўйича аризалар қабули бошланган эди.

Талабгорлар ва уларнинг ота-оналаридан келиб тушган кўплаб мурожаатларни инобатга олган ҳолда, бу муддат 15 мартгача узайтирилди.

Ҳукумат тақдим этган бу имконият қўшни давлатларда ўқиётган кўплаб ўзбек талабалари томонидан хурсандчилик билан қабул қилинди. Чунки фуқаролар ўқишини ўзи яшаб турган ҳудудига кўчириш орқали чет элда ўқиш қийинчиликлари, йўл харажатлари ва бошқа шунга ўхшаш турли оворагарчиликлардан халос бўлишади. Аммо бугунги кунга келиб, ўқишини Ўзбекистонга кўчириш истагидаги талабалар айрим муаммоларга дуч келмоқдаки, вазият Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда Ташқи ишлар вазирликларидан жиддий ўрганишларни талаб қилмоқда.

Гап шундаки, Қозоғистон ва Қирғизистон Республикаларидаги айрим ОТМлар ўзбекистонлик талабаларга ўқишларини кўчириш учун зарур ҳужжатларни бермаяпти ёки бунинг учун турли баҳоналарни келтирган ҳолда ярим йиллик контракт пули талаб қилишмоқда.

Биз масала юзасидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бош мутахассиси Абдусамат Маманазаров билан интервью ташкил қилдик.

– Эшитишимизча, Қозоғистон ва Қирғизистондаги айрим ОАВ Ўзбекистон томони ўз талабалари ўқишини мажбурий тарзда кўчираётгани ҳақида ёзмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон фуқароларининг айримларида бу каби фикрлар бор.

– Тўғри айтдингиз, қўшни давлат оммавий ахборот воситаларида шундай фикрлар ҳам билдирилмоқда. Албатта, бу фикр нотўғри.

Бундан биринчи навбатда қўшни давлатдаги ОТМ бераётган таълимдан қониқмаган талабаларга ўқишини Ўзбекистонга кўчириши учун имконият бериш мақсади кўзланган.

Қўшни давлатларнинг нуфузли университетларида ўқиётган ва ўша муассаса бераётган билимдан қониққан талабалар ўқишларини бемалол давом эттиришлари мумкин.

Қайтараман, бу мажбурият эмас, имконият.

– Қозоғистон ва Қирғизистон Республикаларидаги айрим ОТМлар ўзбекистонлик талабаларга ўқишларини кўчириш учун зарур ҳужжатларни бермаётгани ёки бунинг учун турли баҳоналарни келтирган ҳолда ярим йиллик контракт пули талаб қилишаётгани айтиляпти.

Хўш, ҳуқуқий жиҳатдан бу каби талаблар қанчалик асосга эга ва агар талаб асосли бўлмаса, фуқароларимиз ҳуқуқларини қандай ҳимоя қилиши керак?

 

Абдусамат Маманазаров

– Сиз айтаётган ҳолатларни инобатга олганмиз. Фуқароларимиз ўқишини кўчириш бўйича ҳужжатларни олиш учун қўшни давлатлардаги элчихоналарга мурожаат қилишлари лозим. Ҳозир бу масала ечими бўйича ҳаракатлар бошланган. Масала тезда ечимини топади.

– Эшитишимизга қараганда, талабалар икки вазирликка ҳам ҳужжат олишда ёрдам сўраб қўнғироқ қилган, аммо жавоб ололмаган ҳолатлар ҳам учрамоқда. Нега сизлар томонингиздан бу каби элементар масалаларда ҳам камчиликлар кузатилмоқда?

– Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида айнан ўқишни Ўзбекистонга кўчириш масалаларида бўладиган мурожаатлар учун махсус ишонч телефони ташкил қилинган. Унга кўра, фуқаролар (+998 71) 246-38-57 телефон рақамига қўнғироқ қилиб, бизнинг шу соҳа бўйича махсус мутахассисларимиздан тегишли жавобларни олишлари мумкин. Бу алоқа рақами белгиланган вақтда тўхтовсиз ишлаб турибди.

Агар боғланишда айрим муаммолар кузатилаётган бўлса, бу мурожаатларнинг ўша вақтда кўпайиб кетгани билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Мен имкониятдан фойдаланиб яна бир маълумотни фуқароларимизга етказмоқчиман.

Талаба ҳар доим таҳсил олган муддатигагина контракт тўловини тўлайди. Бу тартиб бошқа давлатлардаги олий таълим муассасалари учун ҳам амал қилади. Ҳозирда талабалардан ўқишимизни кўчириб келсак, қанча муддатга контракт тўлаймиз, мазмунидаги саволлар кўп бўлмоқда.

Шуни алоҳида таъкидламоқчи эдимки, талабалар ўқишни кўчириш учун ҳеч қандай ортиқча тўловни амалга оширмайди. У ўқишга келган пайтдаги янги семестр учунгина тўлов қилади.

Қўшни давлатдаги фуқаромиздан ҳужжати учун пул сўраш айрим шахслар томонидан уюштирилаётган бўлиши мумкин.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлиги ўртасида телефон орқали ҳамда хат алмашинувлари орқали мулоқотлар бўлиб турибди.

Вазирлик вакиллари қўшни давлатлардаги элчихоналар билан боғланишди. Ҳозирда юзага келган вазият бўйича келишувларни амалга ошириш бўйича ишланмоқда.

– Керакли ҳужжатларни қўшни давлатдаги ОТМдан олган талабалар Ўзбекистондаги таълим муассасаларига топширмоқда. Аммо эшитишимизча, айрим пайтларда талабанинг яшаш ҳудудидаги университет қабул тўлгани сабаби билан талабанинг ҳужжатини қабул қилмаётган экан.

– Бу ерда фуқаро аввало қўшни давлатда ўқиган мутахассислигига мос йўналишга қабул қилинади. Шунингдек, уларнинг ўқишларини асосан кечки ва сиртқи таълимга кўчириш белгиланган.

Агар фуқаронинг ўз ҳудудидаги таълим муассасасида ўша мутахассислик бўйича йўналишлар бўлмаса, унда талаба бошқа турдош йўналишларга тавсия этилади.

Агар ўша ҳудудда турдош йўналишлар ҳам топилмаса, унда талабага қўшни ҳудудларга ҳужжатларини топшириш тавсия этилади. Бунда фуқарога яқин бўлган бошқа ҳудудлар танланади.

– Ўқишини кўчираётган талабалар нега Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги университетларга қабул қилинмаяпти? Ахир республикадаги энг кўп ОТМлар Тошкент шаҳрида жойлашган-ку.

– Тўғри айтдингиз, Тошкентда ОТМлар жуда кўп. Бу тизимнинг ҳудудлар кесимида олингани эса фуқаролардан аризалар қабул қилиш жараёнидаги навбатларни кескин ошиб кетишини олдини олиш билан боғлиқ. Бунда тақсимотни тўғри қилиб, навбат юкини бошқа ҳудудларга ҳам бўлиш режа қилинган.

Биз ҳужжат қабули бўйича кунлик маълумотларни таҳлил қилиб боряпмиз. Бу жараёнда кутганимиздек, энг кўп навбат Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кузатилмоқда.

Агар биз ҳужжат қабул қилишни ҳудудларга ҳам тенг бўлиш тизимини қилмаганимизда эди, бу навбатлар бир неча ўн баробар ошиб, қилган ишимиз ўзининг салбий натижасини бериши мумкин эди.

– Қўшни давлатлардан ўқишини кўчираётган фуқароларнинг кўпчилиги қўшни давлат таълим муассасасида биринчи курс талабалари экан. Улар ўқишини кўчириш масаласи қандай ҳал қилинади, чунки уларнинг кўпчилиги ҳали биринчи семестрни ёпишга ҳам улгурмаган.

Хўш, улар биринчи семестрни ёпмасдан ҳам ўқишларини кўчириши мумкинми?

– Талабаларнинг ўқишини кўчириш масалалари Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сонли Қарорига асосан амалга оширилади. Шу қарор асосида “Олий таълим муассасалари талабаларининг ўқишларини кўчириш ва қайта тиклаш тартибини белгилаш тўғрисида”ги низом тасдиқланган.

Мазкур низомда биринчи курснинг биринчи семестри тўлиқ якунланмаган ҳолатда талабаларнинг ўқишини кўчиришга йўл қўйилмаслиги белгиланган.

Шу нуқтайи назардан талабалардан талаб қилинадиган жиҳат – биринчи курснинг биринчи семестрини муваффақиятли тамомлаш ҳисобланади.

Бизга шунингдек, қайси ҳужжатларни топшириш борасида ҳам кўплаб мурожаатлар бўлмоқда.

Биз бу саволга ўз жавобимизни бердик ва яна қайтараманки, қўшни давлат ОТМдан 3та асосий ҳужжатларни олиш керак.

Булар – белгиланган шаклдаги маълумотнома, рейтинг дафтарчасидан нусха ва транскрипт. Биз эндиликда қулайлик учун эълон қилинган учта ҳужжатдан биттаси бўлса ҳам талабаларни қабул қиляпмиз.

Илёс Сафаров суҳбатлашди

Мавзуга оид