Вазир ўринбосари Тошкент вилоятида ИИВ тизимидаги бир неча раҳбарни ишдан олди
Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари, полковник Азиз Тошпўлатов бошчилигидаги ишчи гуруҳ текшируви якунига кўра Тошкент вилоятида бир неча раҳбарлар, жумладан, Тошкент вилояти ИИББ Жиноят қидирув бошқармаси бошлиғи, Янгийўл тумани ИИБ Жиноят қидирув бўлими бошлиғи ҳамда туман ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари, шунингдек, Янгийўл шаҳри ИИБ бошлиғи лавозимидан озод этилди.
1-10 февраль кунлари Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари, полковник Азиз Тошпўлатов бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан Тошкент вилояти ички ишлар органларининг тезкор хизмати фаолияти ўрганилди. Ички ишлар вазирининг тегишли фармойишига мувофиқ, ўрганишлар вилоятнинг 22та шаҳар-туман ички ишлар органлари бошқармалари, бўлим ва бўлинмаларида олиб борилди.
«Ўрганишлар давомида сайёр қабуллар ва йиғилишлар ўтказилди. Аҳоли хонадонларига кирилиб, фуқароларнинг яшаш шароитлари, уларни қийнаётган муаммолар билан яқиндан танишилди, муаммоларни ижобий ҳал этиш чоралари кўрилди. Кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга моддий ёрдам кўрсатилди.
Яна бир эътиборли жиҳати, полковник Азиз Тошпўлатов Қибрай туманида жойлашган ИИВ 2-сонли академик лицейида ўқувчи ёшлар билан учрашув ўтказди. Учрашувда ёшларининг таклифлари, фикр-мулоҳазалари тингланди», дейилади Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизмати томонидан Kun.uz’га тақдим этилган хабарда.
Тадбир давомида ўқувчиларга комьпютер ва китоб жамланмалари топширилиб, замонавий типда қуриладиган лицейнинг янги биносининг рамзий тамал тоши қўйилган.
11 февраль куни вилоят ҳокимлиги мажлислар залида Азиз Тошпўлатов ҳамда Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматов бошчилигида ўрганишлар якунига бағишланган кенгайтирилган видеоселектор йиғилиши ўтказилган. Йиғилишда вилоятдаги жорий криминоген вазият, унинг барқарорлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар танқидий руҳда таҳлил қилиниб, келгусидаги вазифалар қизғин муҳокама этилган.
«Президентимиз ташаббуси билан Тошкент вилоятида жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича жорий этилган янги бошқарув тизими асосида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар натижасида 2019 йили жиноятлар сони 6,8 фоизга, жиноят қидирув соҳасидаги жиноятлар 9,1 фоизга камайди. Шунингдек, вилоятдаги маҳаллаларнинг 37,2 фоизида жиноятлар содир этилмади.
Бу яхши, албатта. Лекин мазкур рақамлар хотиржамликка берилишга асос бўла олмайди. Айниқса, жорий йилнинг январь ойида вилоятдаги криминоген вазият изидан чиқиб кетди. Вилоятда ҳокимлик, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва жамоатчилик вакилларининг олдида жиноятчиликни жиловлаш борасида бажарилиши лозим бўлган долзарб вазифалар турибди», деган вазирнинг биринчи ўринбосари.
Йиғилишда ҳар бир шаҳар-туман ва маҳалла бўйича танқидий таҳлил асосида алоҳида «Йўл харита»лари ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилиши лозимлиги уқтирилиб, жамоатчилик назорати масканлари қайта тафтишдан ўтказилиб, уларда самарали хизматни ташкил этиш бўйича яхлит тизим яратилиши каби аниқ топшириқлар белгилаб берилди.
Шунингдек, ҳар бир шаҳар-туман, маҳалла кесими бўйича ҳамкорликдаги масъул ташкилотларнинг бу борада амалга оширилган ва оширилаётган ишлар сарҳисоби тингланиб, фаолиятлари бўйича якуний хулосалар чиқарилди.
«Жумладан, Янгийўл туманида 2019 йил давомида ва 2020 йил январь ойида содир этилган жиноятлар сони ошиб кетгани ва хизмат фаолиятида қатор камчиликларга йўл қўйгани учун Янгийўл тумани ИИБ Жиноят қидирув бўлими бошлиғи ҳамда туман ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари, шунингдек, хизмат фаолиятида бир қатор камчиликларга йўл қўйгани учун Янгийўл шаҳар ИИБ бошлиғи, Чирчиқ шаҳар ИИБ таянч пунктларининг 2 нафар профилактика инспектори эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Оҳангарон шаҳар ички ишлар органларининг 2 нафар профилактика инспектори унвонини бир поғона пасайтириш бўйича қарор қабул қилинди.
Вилоят ҳудудида криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш борасида тизимли камчиликларга йўл қўйгани учун Тошкент вилояти ИИББ Жиноят қидирув бошқармаси бошлиғи эгаллаб турган лавозимидан озод этилди», дейилади хабарда.
Йиғилиш якунида давлат раҳбарининг ички ишлар органлари фаолиятига доир қарор ва фармонлари ижросини таъминлаш, вилоятда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш борасида аниқ вазифалар белгилаб олинган.
Маълумот учун, Янгийўл шаҳар ИИБ бошлиғи лавозимида 2019 йилнинг августидан буён подполковник Шерзод Тоштурдиевич Маманов ишлаб келаётганди.
Мавзуга оид
23:07 / 21.12.2024
Тошкент вилоятида чиқинди полигонлари хизмат нархи оширилади
16:16 / 17.12.2024
Тошкент вилоятида 8,7 млрд сўмлик газдан ноқонуний фойдаланган цех фош этилди
20:14 / 16.12.2024
Тошкент вилояти ҳокимига янги ўринбосар тайинланди
21:41 / 14.12.2024