Ўзбекистон | 11:59 / 14.02.2020
42265
20 дақиқада ўқилади

«Ўзбек математика мактаби икки нарсани бой берди» – профессор Ўткир Розиқов билан суҳбат

«Диссертация мавзусини ўқишнинг биринчи кунидан тайинлаб қўйиб, тадқиқотчининг эркин ижодини чегаралаб қўйдик. Бу – туғилмаган чақалоққа ўғил-қизлигини билмасдан исм қўйишга ўхшайди».

Фото: KUN.UZ

Ўткир Розиқов – Ўзбекистон Фанлар академияси Математика институти директорининг илм-фан бўйича ўринбосари бўлиб ишлайди. У, шунингдек, 2018 йилда Бутунжаҳон Фанлар академияси (TWAS) академиклигига сайланган.

Олим билан суҳбатимиз илм-фан, таълими, илмий тадқиқотлар ва математик тафаккурнинг инсон ҳаётига таъсири мавзулари атрофида кечди. Суҳбатдошимиз соҳадаги муаммоли масалаларни санаб, уларга ўз ечимларини таклиф қилди.

«Уч муаммо»

— Бугунги кунда илм-фан ривожига эътибор қаратиш давлат ривожи учун қанчалик долзарб бўлиб турибди, фикрингизни айтсангиз?

— Инсон пайдо бўлганидан буён учта асосий муаммони ҳал қилиш билан овора: озиқ-овқат, кийим-кечак ва уй-жой («уч муаммо»). Бу муаммолар динамик характерга эга, яъни вақт ўтиши ва одамлар сони ошиши «уч муаммо»нинг янги ҳолатларига олиб келади ва янгича ҳал қилинишини талаб қилади. Янгича ҳал қилиш эса олимлар учун маъсулиятдир.

Масалан, озиқ-овқат муаммосининг замонавий кўриниши бутунлай ўзгача. Бугун биокимёвий йўллар билан озиқ-овқатлар яратиш авж олган. Замонавий уй-жой қурилишида бугунги кунда ғишт ишлатилмай қолди. Катта миқдордаги энергия талаб қиладиган қурилиш усулларининг ўрнини анча арзон ва енгил қурилиш усуллари эгалламоқда.

Бу каби шиддат билан бўлаётган ўзгаришларга Ўзбекистон фақат истеъмолчи сифатида қараб туриши мумкин эмас. Чунки тайёр маҳсулотни сотиб олиш давлат учун анча қиммат бўлади. Демак, давлатимиз юқорида келтирилган «уч муаммо»нинг замонавий усулларини топишда бевосита иштирок этиши лозим.

Шу сабабли президентимизнинг январь ойидаги Олий Мажлисга мурожаатида «уч муаммо»нинг замонавий ечимлари асосини ташкил қилувчи фанлар: математика, кимё-биология, геология каби йўналишларда фундаментал ва амалий тадқиқотлар фаоллаштирилиб, олимларга барча шарт-шароитлар яратиб берилиши таъкидланди.

«Уч муаммо» динамиклиги сабабли доимо илм-фан ривожига эътибор қаратиш бутун дунё ривожланиши учун долзарб бўлган ва долзарб бўлиб қолади.

— Маълумки, математика Ўзбекистонда илғор фанлардан бири ҳисобланади. Буни янада кучайтириш заруратини қандай баҳолайсиз?

— Албатта, Ўзбекистонда математика фани ривожланган, биз бу фанни жаҳон стандартлари доирасида сақлашга доим ҳаракат қилмоқдамиз. Дунёда математика соҳасида бўлаётган янгиликларни ўқиб тушунишга ва уларга муносиб ҳисса қўшишга бизда илмий салоҳият етарли. Айниқса, бу мақсадларни амалга ошириш учун сафимизда ёш математикларнинг кўплиги ва улар сони янада ошиб бораётгани мадад бўлмоқда.  

Шиддат билан ўзгараётган дунёда математика фани бугунги кунда эришган ютуқлари билан чегараланиб қола олмаслигимиз равшан. Айниқса, Ўзбекистон учун математикани янада кучайтириш зарурияти жуда юқори. Ҳар бир соҳа ривожининг асосида, албатта, математика бўлади.

Машҳур файласуф И.Кант айтганидек, «Ҳар бир илмда қанча кўп математика бўлса, шунча кўп ҳақиқат бор». Шу гапни ҳар бир юртдошимизга қарата шундай талқин қилмоқчиман: «Турмушингизда ҳар бир қадамингиз қанчалик математикага асосланган бўлса, шунчалик муваффақият қозонасиз».

Айтмоқчиманки, инсоният шиддат билан ўзгараётган бу замонда ўз келажагини математик асослаб қуриши зарур. Буни бир мисолда ойдинлаштирмоқчиман. Олдинги асрда атом бомбани яратиб, энди ундан қутилишга ожиз бўлсак-да, бугунги кунда ундан ҳам хавфли, чегара билмас муаммолар бор. Масалан – кибертаҳдид, ахборот хавфсизлиги, вирус тарқалиши хавфи (жумладан, бугунги кундаги Хитойдаги коронавирус) ва ҳоказолар.

Бу замонавий муаммоларни ечишда информацион технологиялар, дастурлаш, математик моделлаштириш ва кимё-биология каби соҳаларни ривожлантириш жуда муҳим. Бу соҳаларнинг асоси эса, албатта, математика!

— Математика қайси соҳалар учун локомотив вазифасини бажаради?

— Математика локомотив бўладиган соҳаларни санаб тугатолмасам керак. Масалан, компьютер технологияси, дастурлаш, криптография, иқтисодиёт, физика, назарий механика, кимё, машинасозлик, оптимал бошқарув ва ҳоказо ва яна бир бор ва ҳоказо.

Икки асосий йўқотиш

— Президент ўз нутқида бир пайтлар математика илмий мактаби бўлганини таъкидладилар. Ўтган даврда математика илми ва мактаблари нималарни бой берди?

— Математика илмий мактаблари бизда ўтган асрнинг биринчи ярмидан шакллана бошлаган ва бугунги кунгача кенгайиши ва ривожланиши учун устозларимиз доим ҳаракат қилишмоқда. Математика фани чегара билмайди, яъни бизнинг олган натижаларимиз фақат Ўзбекистон учун эмас, балки бутун дунё учун янгилик бўлиши лозим. Шунинг учун бизнинг фаолиятимизга дунё миқёсида баҳо берилади ва биз хорижлик математиклар эътиборини қозонишимиз шарт.

Ўзбек математикларидан 2 нафари – Бутунжаҳон фанлар академияси академиги ва 5 нафари – TWAS’нинг ёш олимлар бўлими аъзоси. Бизнинг олимларимиз чет эл олимлари томонидан эътироф этилмоқда. Масалан, менинг бир мақоламга чет элнинг нуфузли журнали келтирган тақризда: «...one of the authors is a well-known expert [23]», яъни «жуда таниқли эксперт...» деб эътироф этилган.

Бундай эътирофлар ўзбек математикларининг кўпи учун айтилган. Айтмоқчиманки, бугунги кунда ҳам, устоз академикларимиз ва математикларнинг фидойилиги натижасида, ўзбекистонлик математикларнинг илмий мактаблари ўз мавқейини халқаро даражада сақлаб келмоқда.

Энди «нималарни бой берди?» деган саволингизга қайтсак. Икки нарсани бой бердик. Биринчиси – етук математик мутахассислар тайёрлаш имкони.  Иккинчиси эса, вақт. Ҳар бирига изоҳ бермоқчиман:

Етук математиклар тайёрлаш имкони. Илмда замонавий математика, шунингдек, минг йиллардан буён ечимини кутиб турган муаммоларимиз жуда кўп. Уларни ечиш учун биз етук математик кадрларни мунтазам тайёрлашимиз керак. Бу кадрларни олий таълим муассасаларини битирган ёшлар орасидан олиб тайёрлаймиз.

Афсуски, ОТМ битирувчиларининг кўпчилиги 3 баҳога арзигулик билим билан бизга келар эди. Чунки мактаб ва ОТМлардаги таълим сифати тушиб кетганди ва ОТМга ўқишга кириш жараёнларидаги ноҳақликлар сабабли уларни битирган ёшлар ичидан етук математиклар тайёрлаш имконини йўқотдик.

Бу билан бутунлай етук мутахассис ёшлар йўқ, демоқчимасман. Салоҳиятли ёшларимиз ҳам бор. Бугун Ўзбекистонда илмий даражали математиклар сони тахминан 500 нафар, лекин уларнинг сони президентимиз айтганларидек, 5000 нафар бўлиши керак эди.

Вақт. Мендан кўп сўрашади: дунёда математика бўйича энг машҳур марказ қаерда? Бу, шубҳасиз, Франциянинг Бюр-сюр-Иветт (Париждан 23 км узоқликдаги кичкина шаҳарча) шаҳридаги «Олий илмий изланишлар институти» (IHES) ҳисобланади.

Институт сайтини очганингизда шундай жумлага кўзингиз тушади: «A total freedom of research for outstanding researchers», яъни «Етук олимлар илмий фаолиятига тўла эркинлик».

Ижод қилувчиларга эркин ишлаш шароитини яратиб берган бу институт муваффақиятлари анчагина. Жумладан, бу институт ходимлари таркибида 7 (етти) та Филдс медали (Fields Medal) ва Шао мукофоти (The Shaw Prize – тахминан 1 млн. доллар) соҳиблари ҳам бор. Уларнинг бу ютуқларидан хулоса шуки, олим илмий натижаларга эришишида унга эркин ижод қилиш шароитини яратиш улкан самара беради.

Бу институт ҳар йили дунёдаги таниқли олимлардан тахминан 200 нафарини таклиф қилиб, ўз профессорлари билан ҳамкорлик шароитларини яратиб беради. Мен бу институтга 3 марта борганман.

Сафарларимнинг 1 ойида бажарган ишимни Тошкентда 6 ойда ҳам қилолмаганман. Нега? Чунки маошимиз етмасди, шароитлар (интернет, адабиётлар етарли эмас эди), қоғозбозликлар кўп эди.

25 ёшимда фан номзоди ва 30 ёшимда фан доктори илмий даражасини олганимга қарамай, тирикчилигим репетиторлик орқасидан эди. Миям тинч эмасди, унинг ижод вақти бошқа нарсаларга сарфланар эди. Қисқаси, IHES`даги шароит — ижод қилиш эркинлиги менда йўқ эди. Яъни ижоднинг жуда кўп вақтини бой бердик.

«Олимларни қаттиқ назорат қилиш фойдасиз»

— Бу бой берилган имкониятлар ўрнини қандай тўлдириш мумкин?

— Қувонарлиси шуки, бугун маошларимиз 3 баробарга ошди, Математика институти учун янги, замонавий, инновацион бино қурилди. Бугун ҳамма нарсамиз бор! Энди эркин ижод қилиб, натижа кўрсатишимиз лозим.

Хўш, топшириқларни ўз вақтида бажаришнинг чора-тадбирлари қандай? Унинг режаси қанақа бўлади? Ёки олимлардан «Илмий ишлаш календар режаси ва кутилаётган натижалар» жадвалини олиб, уларнинг ҳар қадамини қаттиқ назорат (чорак ҳисоботи, презентациялар...) қилиб ишлатиш билан вазифа бажариладими?

Асло! Чунки бу чора ўзини оқламаганини охирги 30 йиллик фаолиятимиз кўрсатди.

Бу – олимнинг вақтини ўғирлаб, ижоддан мунтазам чалғитди, холос.

Математиклардан 1 йилдан кейинги кутилаётган натижаларини режасига киритишни сўрадик. Улар эса тахминан ёзиб беришди. Чунки, айниқса, математика соҳасида, олим кутилаётган натижани бугун билса, у ҳолда олаётган натижаси йил охирига бориб янгилик бўлмайди-ку!

Аспирант ва докторантларимизга ҳам назоратни кучайтириб вақтини ўғирлаб қўйдик. Ҳар гал ёшларимиз илмий ишлари самарадорлигини ошириш чора-тадбири сифатида уларни кучлироқ назорат қилиш ва янги «20та» жадвал ўйлаб топишдан бошқа чора кўрсатолмадик.

Диссертация мавзусини ўқишнинг биринчи кунидан тайинлаб қўйиб, унинг эркин ижодини чегаралаб қўйдик. Бу туғилмаган чақалоққа ўғил-қизлигини билмасдан исм қўйишга ўхшайди.

Қолаверса, диссертация мавзусини ОАК бюллетеннида (текин эмас!) чоп эттириб, ҳар сафар янгисига алмаштирилганда ОАКга хабар қилиш ва янгилаш шартини қўйдик. Яъни туғилмаган чақалоқнинг ҳужжатини ҳам тайёрлаб қўйдик.

Илмий даражалар бериш тартибини ўзгартиришлар натижасида қанча олимнинг вақтини ва давлат ресурсларини йўқотдик.

Бугун эса олимлар учун ҳамма шароитлар бор! Лекин нега чет элдаги баъзи ватандошларимиз қайтишга шошилмаяпти? Улар ватанпарвар эмас, дейишга шошилманг. Чунки, бир вақтлар бизнинг ОТМларимиздан бирида кафедра мудири бўлиб, «жадвалларга кўмилиб» юрган, ҳозирда чет элда ишлаётган бир олимнинг гапи менга жуда таъсир қилди:

«Даромадимнинг ҳаммасини харажат қиламан, чунки бу ерларда яшаш қиммат. Ҳеч нарса орттирмайман. Лекин илмий иш қилишга миям тинч, эркин ижод қиламан».

Демак, ватандошларимиз чет элда ўз юртимизда топаётган даромадидан кўпроқ даромад тополмаётган бўлса-да, илмий иш қилишга бўлган муҳит уларни чет элда қолиб кетишига сабаб бўлмоқда.

Аслида ижод эркинлиги билан таълим эркинлиги жуда боғлиқ. Бундай фаолият тўсқинлик қиладиган ва ўқитувчини эркин ижодидан бездирадиган сунъий талабларга бир ҳаётий мисол келтирмоқчиман. Республика ОТМларидан биридаги бир иқтидорли, чет элда ҳимоя қилган математик олим математикадан тўгарак ташкил қилиб, талабаларга (текинга!) дарс ўтиб юрган.

ОТМ раҳбарияти тўгаракнинг дарс режаси, вақти, мақсади, қатнашувчилар рўйхати каби маълумотларни тайёрлаб беришни талаб қилган. Шундан сўнг ўқитувчи ҳатто «Йўқ, менда тўгарак йўқ», дейишга мажбур бўлган. Нега? Чунки текинга қилаётган фаолияти учун раҳмат эшитиш ва ишонч билдириш ўрнига, яна жадвалларга кўмилиб, ўйлаганидан кўпроқ вақти беҳуда кетишини тушунган, уни расмийлаштиришдан қўрққан.

Атиги 4 бет қоғоз қилиб қўйса, юқоридан сўровчиларга исботлашга керак-да дерсиз. Лекин ҳурматли текширувчиларга бир ҳақиқатни айтай, қайси ОТМ ёки илмий тадқиқот ташкилотида ҳамма қоғоз-ҳужжат жойида бўлса, у жойда «иш бўлмаган», иш бўлмаганини қоғозни жойида қилиб яширган.

Бояги ўқитувчи тўгаракни қоғозини қилиб қўйиб, ўзи умуман дарс ўтмаганида ҳам текширувчилар 100 фоиз иш бажарилган деган бўларди.

Иккинчи мисол бундан-да аянчли: бир профессорнинг розилигини олмасдан, аллақандай комиссияга аъзо қилиб қўйилган. Бундан профессорнинг ўзи хабари ҳам бўлмаган. Уни комиссиянинг биринчи мажлисига таклиф қилишганда, профессор мен эртага илмий сафар билан чет элга кетаман, деб жавоб берган. Ўрнингизга бошқа одамни комиссияга беринглар, шахсан ўзингиз уни бугун олиб келиб, менинг ўрнимда бу киши қатнашади, деб кетинг, дея топшириқ берилган.

Бундай топшириқ билан профессорнинг вақти беҳуда сарфланишига кўз юмилмоқда. Профессорнинг розилиги ва комиссияда муносиб аъзо сифатида фаолият юритишини ҳисобга олмасдан комиссияга қўшиш эса тегишли ташкилотларнинг ишни нотўғри ташкил қилишига бир мисолдир.

Демак, бугунги олимлар олдига қўйилаётган топшириқларни самарали бажарилиши учун олимларнинг илмий салоҳияти ва имкониятига мос ишларгагина жалб қилиш мақсадга мувофиқ.

Ижод эркинлиги бериш чораси бизда тўлалигича ишламайди, шу билан бирга, олимларимизга ижод эркинлигини бериб, уларнинг фаолиятини назорат қилишдан бутунлай воз кечишга ҳам тайёр эмасмиз. Нега? Чунки олимларимиз орасида, ҳақиқий баҳоси 3 бўлганлари ҳам жуда кўп. Улар билан президент биздан йил охирида кутган натижага эришиш мушкул, албатта.

Лекин олимлар сафига адашиб кирган ва адашганлигини тан олмаётганларнинг ҳаммасини ишдан ҳайдаш чораси ҳам масалага ечим эмас.

Шу ўринда, айниқса математикларга хос бир ҳақиқатни тан олайлик: агар ижодкор олимнинг «теорема исботлаш» қобилияти бўлмаса, уни ҳеч қандай кучли назорат билан «теоремани исботлаш»га мажбур қилолмаймиз. Улар ўзи уялиб, қўлидан келадиган ишга ўтиб кетишга ундайдиган чора-тадбир керак.

Математиклар учун (балки бошқа соҳа одамлари учун бу таклиф ўринли бўлмас), ижодий эркинлик чорасини (назоратдан бутунлай воз кечмасдан) қуйидагича маҳаллийлаштириш мумкин:

·                   Илмий ходимлар иши самарадорлиги назоратини институт раҳбарларига тўла ишониш керак. Масалан, институт ходими чет эл грантини олиб (Ўзбекистон пули билан эмас) сафарга бормоқчи бўлса, унга рухсат беришни институт раҳбарининг ўзи ҳал қилиши лозим.

·                   Ҳар бир математик илмий ходим бир йилда камида 2та мақоласини чет эл нуфузли журналларида чоп этсин. Бу талабни олим қандай бажаришни ўзи ҳал қилсин (хоҳласа иш режа қилсин, хоҳласа «кетмон чопсин»). Лекин йил охирида камида 2та мақола чиқаргани ҳақида ҳисобот берсин. (Масалан, менинг чет элдаги биринчи мақолам 1997 йил чиққан, бугунги кунда улар сони 135та, яъни 22 йилдан буён бир йилда ўртача 6та мақолани чет элнинг нуфузли журналларида чоп этираман).

·                   Математик олим таълим соҳасидаги ишини президентимиз қўйган вазифаларни бажарилишига қаратсин.

·                   Ҳар бир фан доктори бир йилда камида битта PhD (ёки фан доктори) шогирдини ҳимоя қилдирсин. (Масалан, менинг илмий раҳбарлигимда 12 аспирантнинг 11 нафари ҳамда 3 докторант илмий ишини ҳимоя қилди).

·                   Олимдан иш фаолияти ҳақидаги ҳисоботи йилда фақат 1 марта, йил охирида олинсин. Юқоридаги талабларни бажармаган олимлар қўлидан келадиган бошқа соҳага (ўз хоҳиши билан) ўтсин.

·                   Таянч докторант ва докторантларнинг фаолияти назоратини илмий раҳбарга тўлиқ ишониш лозим. Ишни қандай ташкил қилишни илмий раҳбарнинг ўзи ҳал қилсин. Илмий раҳбарга фақат битта шарт: олган докторантини ўз муддатида ҳимоя билан тугатиш вазифаси юклатилсин. Агар шогирди ўз муддатида ҳимоя қилмаса, бундай илмий раҳбар ва шогирди давлат уларга сарфлаган пулни белгиланган фоизлар қўшиб давлатга қайтариши белгилансин. Шу орқали бугун амалда бўлган «бир вақтда кўпи билан 3тагача докторантга илмий раҳбарлик қилиш мумкин» деган шартни бекор қилиш лозим.

Менимча, юқорида айтилган чоралар олимлар олдига қўйилган вазифаларни тезроқ бажаришга, олимларни назорат қилишга бугунги кунда ажратилаётган маблағлар, ресурслар ва штатларни кескин қисқартирилишига, назорат қилишга масъул бўлган штатларнинг ўйлаб топаётган ҳар хил жадваллари ва ҳисоботларини кескин камайтирилишига, натижада эса олимлар иш самарадорлиги оширилишига ҳамда давлатнинг бизга ажратаётган пулининг беҳуда сарфланишининг олдини олишга хизмат қилади.

— Математика таълими, дарсликлар ҳолати қандай, камчиликлар қандай бартараф этилади?

— Биз мактабда ўқиган пайтларда дарсликлар йиллар давомида ўзгармас эди. Акаларим, мен ва ука-сингилларим ҳам битта дарсликдан ўқиган эдик. Балки, ўша пайтлар бу дарсликлар жуда мукаммал ёзилгани бунга сабаб бўлгандир.

Математика фани бошланғич асосларини ўргатувчи мавзулар 100 йиллаб ўзгармаслигини ҳисобга олганда, бу мукаммал дарсликларни янги вариантини ёзиш зарурияти йўқ эди.

Масалан, Ш.А.Алимов ва бошқаларнинг «Алгебра ва анализ асослари» дарслиги, ҳамда А. Погореловнинг «Геометрия» китоби жуда мукаммал ёзилган. Шундай бўлсада, негадир математика фани бўйича дарсликларни мунтазам ўзгартиришди. Янги дарсликлар мазмуни ва сифати биз ўқиган дарсликлардан кўра ўзгаргани бугунги кунда сир эмас.

Қувонарлиси шундаки, дарсликлар сифати ва бугунги кундаги таълим дастурлари қайта кўриб чиқиладиган бўлди. Биз ишни бошладик, Халқ таълими вазирлигидан ҳозирги ўқитилаётган дарсликлар ва дастурларни сўрадик. Мақсадимиз – уларни танқидий таҳлил қилиш ва янги ёзиладиган дарсликлар ҳақидаги аниқ таклифлар ишлаб чиқиш.

Халқ таълими тизимида дарсликлардан кўра қийинроқ муаммо борки, бу — кадрлар. Математикани ўқувчиларга чуқур ўргатадиган ўқитувчилар етарли эмас. Дарсликлар билан чегараланиб қолган ўқитувчилар жуда кўп. Ўқитувчи дарс ўтишда ижодий ёндошиши, ҳар бир математик мавзуни ҳаётий муаммолар билан боғлаб ўтиши, дарсликдаги мавзуни синфдаги ўқувчилар ўзлаштириш хусусиятини баҳолаган ҳолда синфга мос баён қилиши зарур.

Мавзунинг дарсликдаги баёни ҳар бир синфга мос равишда «маҳаллийлаштирилиши» керак. Масалан, аълочи ва математик қобилиятли ўқувчилари кўп синфларга мавзунинг дарсликдаги баёни камлик қилиши, аксинча кучсизроқ синфларда дарслик баёни қийинлик қилиши мумкин. Бунда ўқитувчи маҳорати зарур бўлади.

Йигитали Маҳмудов суҳбатлашди

Мавзуга оид