Жамият | 15:42 / 14.02.2020
16860
5 дақиқада ўқилади

«Поли кўчган хонасининг...» — Хўжаободдаги мактаб таъмирдан кейин ҳам нега таъмирталаб аҳволда қолди?

Kun.uz таҳририятига Андижон вилояти Хўжаобод туманидаги Манак қишлоғида яшовчи ота-оналардан арзнома тушди.

Шикоят хатида ёзилишича, Хўжаобод туманидаги 23-сонли давлат ихтисослаштирилган мактаб интернати 2018 йил қайта таъмирлашга топширилган. Таъмирлаш ишлари вақтида интернат ўқувчилари 18-умумтаълим мактабида ўқишни давом эттиришган.

2019-2020 ўқув йили аввалида, сентябрь ойидан 23-ДИМИ ўқувчилари тўлиқ таъмирланмаган, иситиш тизими носоз ва таъмирталаб ҳолатда қолган синфхоналарга қайтишган. Қишки мавсумда болалар шамоллаб қолган вазиятлар ҳам кузатилган.

Ота-оналар охирига етказилмаган мактаб қурилиш ишлари бўйича туман Халқ қабулхонаси, туман ҳокимлиги (ҳокимнинг биринчи ўринбосари), халқ таълими бўлими, вилоят халқ таълими бошқармаси ва вилоят прокуратурасига оғзаки тарзда мурожаат қилишган. Лекин бу мурожаатлар натижасиз қолган.

Жорий йил 8 февраль куни мактабда ўтказилган ота-оналар йиғилишида синфлардан бирининг раҳбари хоналарни таъмирлаш учун 50 минг сўмдан пул йиғиш кераклиги, 3-А ва 5-А синф ўқувчиларининг ота-оналари пул йиғиб, таъмирлашни бошлашганини айтган. Бундан норози бўлган ота-оналар масала бўйича юқори ташкилотга мурожаат қилишларини билдиришганида, мурожаат барибир ҳал бўлмаслиги, бу орада уларнинг фарзандлари совуқда ва чанг ичида ўқишда давом этишини маълум қилишган.

Шикоят хатида кўрсатиб ўтилган мана шу ҳолатларга ойдинлик киритиш ҳамда мактабдаги ҳақиқий аҳвол билан танишиш учун Хўжаобод туманига бордик. Манак қишлоғи гузари яқинида мурожаатчи ота-оналар кутиб туришган экан.

«Фарзандим 23-ДИМИда ўқийди. Қишки мавсумда кўп касал бўлгани учун синфхоналардаги ҳолатни ўрганиш мақсадида мактабга боргандим. Хоналар жуда ачинарли ҳолатдалиги, совуқлиги, полга солинган линолеум тўшама тўлиқ эмаслиги, бори ҳам кўчиб кетганини кўриб жоним ачиди. Бу масала бўйича бир неча ташкилотга мурожаат қилдик, аммо фойдаси бўлмади», дейди Нигорахон Раҳимова.

«Ноябрь ойида мактабга боргандим. Фарзандим йиқилиб тушибди. Сабабини сўрасам, линолеумга оёғи илиниб йиқилган экан. Хонанинг ҳолатига қараб бўлмайди. Синф раҳбарига хона ҳолати талабга жавоб бермаслигини айтганимда, директор қурувчи билан гаплашгани, қишки таътилда тузатиб берилишини айтди.

Орадан бир қанча вақт ўтгач, яна мактабга бордим. Ўша эски ҳолат. Фарзандларимиз ўзлари эски линолеумни оз-моз тартибга келтиришган. Полда тўшама йўқлиги учун бетон кўриниб турибди. Болалар югурганида хоналарда чанг чиқиб кетади. Чанг кўтарилмаслиги учун сув сепиб турилади.

Интернатда билим бериш даражаси яхши. Лекин бундай ачинарли ҳолатда болаларимиз ўқишдан қолиб кетяпти», дейди Замирахон Ҳайитова.

Мактаб директори вилоят ҳокимининг ҳокимлик соати йиғилишида бўлгани сабабли, хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари билан учрашдик.

Унинг айтишича, интернатда 2018 йил «Андижон кўркам водийси» МЧЖ (раҳбари Мирзаев Илҳомжон) томонидан жорий таъмирлаш ишлари олиб борилган. Лекин қурилиш ишлари охирига етказилмаган, ўқув хоналарига тўшалган линолеумлар сифатсиз бўлгани учун тез орада яроқсиз ҳолатга келиб қолган, иситиш тизимидаги камчиликлар 2019 йил ноябрь ойи охирига келибгина бартараф этиб берилган. Ҳозирда бу тизим бенуқсон ишлаяпти.

Айни пайтда мазкур муассасада 350 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда.

Мактабдаги ҳолатни ўрганаётган пайтимизда директор ҳам етиб келди. У билан биргаликда ўқув хоналарини кўздан кечирдик.

Айрим хоналар ҳақиқатан ҳам ачинарли ҳолатдалиги, линолеумлар йиртилиб кетганига гувоҳ бўлдик.

МЧЖ томонидан жорий таъмирлаш ишлари бажарилган, жумладан, олди фасад, коридор, кўплаб ўқув хоналари, том ва иситиш тизими яхши ҳолатда дейиш мумкин.

Ҳозирги пайтда хоналардан 2таси таъмирланган, қолгани эса дам олиш кунларида охирига етказилади. Мактаб директори синфларда таъмирлаш масаласида она-оналар йиғилиши ўтказилганини тан олди, лекин таъмирлаш учун пул йиғиш ҳақида топшириқ берилмаганини (!) таъкидлади.

Муассасада таъмирлаш ишларини олиб борган «Андижон кўркам водийси» МЧЖ раҳбарлари билан боғландик. Ўзини Шавкатбек Абдуллаев деб таништирган қурувчи мактабдаги қурилиш ишлари охирига етказилганини таъкидлади, лекин сифатсиз линолеум ишлатилганини тан олди. Ҳозирги кунда бошқа таъминотчи корхона билан 420 м2 линолеум учун шартнома тузилгани, пул ўтказилгач, муаммо бир-икки кун ичида бартараф қилинишини айтди.

Ота-оналар муаммо юзасидан туман ҳокимлиги, туман ва вилоят халқ таълими мутасаддилари, туман ва вилоят ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилишганини таъкидлашди. Лекин нега шу пайтгача бирор мутасадди ташкилот келиб, ҳолатни ўрганмагани таажжубланарли.

Балки, қурувчи ваъдасида туриб тез кунлар ичида таълим даргоҳидаги камчиликларни бартараф этар, лекин барча ишни ўз вақтида, ўқув йили бошланишидан олдин бажарса бўлмасмиди?

Қурилиш ташкилотидан 2019 йилда топширилиши керак бўлган объектни қабул қилиб олган туман мутасаддилари қаерга қараган эди?

Сарварбек Назаров,
Аҳрорбек Ёқубжонов, Андижон

Мавзуга оид