Ўзбекистон | 16:25 / 14.02.2020
29880
5 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда янги ташкил этилган туманга ҳоким тайинланди

Қизириқ тумани ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари Ўткир Чориев Сурхондарё вилоятида янги ташкил этилган Бандихон тумани ҳокими лавозимига тайинланди.

Сурхондарё вилоятида қайтадан ташкил этилган Бандихон туманида Халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдан ташқари биринчи сессияси бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Тўра Боболов, вилоятдан сайланган Олий Мажлис Сенати аъзолари, тумандан сайланган Халқ депутатлари вилоят Кенгаши, туман Кенгаши депутатлари, фаоллари ва вилоят ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди.

Сурхондарёлик сенаторлар / Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Сессияда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 17-18 октябрь кунлари вилоятга ташрифи чоғида Бандихон туманини қайта ташкил этиб, ҳудудни янада ривожлантириш юзасидан тегишли топшириқлар бергани, шунга мувофиқ Олий Мажлис Сенатининг қарори қабул қилиниб, қайта тикланаётган туманнинг ҳудуди белгилангани, бу масала Қизириқ, Бойсун ва Қумқўрғон туманлари аҳолиси, халқ депутатлари туманлар ва вилоят кенгашлари сессияларида атрофлича муҳокама этилганини таъкидлади.

Тўра Боболов / Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати Kun.uz’га хабар беришича, сессияда ташкилий масала кўрилиб, шу вақтгача Қизириқ тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Ўткир Абдузоирович Чориев Бандихон тумани ҳокими этиб тасдиқланди.

Ўткир Чориев / Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Маълумот ўрнида, Чориев Ўткир Абдузоирович 1977 йилнинг 30 мартида  Шеробод туманида туғилган. 2001 йилда Тошкент давлат аграр университетини тамомлаган. Маълумоти бўйича мутахассислиги – иқтисодчи.

Фаолияти давомида Шеробод тумани молия бўлими мудири ўринбосари, бўлим мудири, вилоят ҳокимлиги молия бошқармаси бошлиғи ўринбосари, вилоят бўйича Ғазначилик бошқармаси бошлиғи, Қизириқ тумани ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган.

Сессияда шунингдек, туман прокурори, ички ишлар бўлими ва давлат солиқ инспекцияси бошлиқлари, туман ҳокими ўринбосарлари тайинланган. Кун тартибида кўрилган масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинган.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

«Сурхондарё вилоятида бундан 28 йил муқаддам ташкил этилган мазкур туман тугатилиб, қўшни туманларга қўшилганига 8 йил бўлди. Бироқ, шу даврда ҳудуд ижтимоий-иқтисодий ривожланишдан анча ортда қолиб кетди. Аҳолининг турмуш шароитида туб ўзгаришлар сезилмади. Хусусан, 76 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган ҳудудда 41та умумтаълим мактаби, учта ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, 1та тиббиёт, 3та мактабгача таълим муассасаси мавжуд бўлиб, шу йилларда мазкур соҳаларда бирорта янги муассаса қурилмаган. Йўллар ўнқир-чўнқир бўлиб қолган. Маданият, спорт, тадбиркорлик соҳалари ривожланмади. Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш аянчли аҳволга келган», дейилади Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабарида.

Қайта тикланаётган туманни 2020-2022 йилларда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида кейинги 2-3 йил ичида ҳудудда саноат, хизматлар ва сервис инфратузилмаси, қишлоқ хўжалиги соҳаларини ривожлантириш бўйича 130га яқин лойиҳани амалга ошириш орқали 1 минг 200дан ортиқ янги иш ўринларини яратиш, туман ҳудудидан ўтувчи давлат ва маҳаллий аҳамиятдаги йўлларнинг 85 километр қисмини таъмирлаш, ички автомобиль йўлларининг 50 километр қисмига асфальт ва 309 километр тупроқли йўлларга шағал қоплама ётқизиш, 38,4 километр электр узатиш тармоқларини янгидан тортиш ва реконструкция қилиш, 15 дона трансформатор пунктларини ўрнатиш, 91 километр ичимлик суви тармоқлари, 11 дона сув қудуқларини қуриш ва таъмирлаш сингари кўплаб тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган.

  • Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг 30 ноябрида Сурхондарё вилояти таркибида Бандихон туманини ташкил этиш бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Сенатнинг қарорлари қабул қилинганди.
  • 2020 йилнинг 31 январида «Сурхондарё вилояти таркибида ташкил этилган Бандихон тумани ҳокимлигининг ташкилий масалалари ҳамда 2020—2022 йилларда туманни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ҳукумат қарори қабул қилинди ва янги туман расман ташкил этилди.
  • Маълумот учун, ҳукуматнинг 2010 йил 24 декабрдаги қарори билан Сурхондарё вилоятининг Бандихон тумани тугатилиб, унинг ҳудуди Қизириқ туманига бирлаштирилганди.

Мавзуга оид