Генералнинг ўлими ва Помпеодан таҳдидли хат. Эрон АҚШ билан уруш эҳтимоли жуда юқори бўлганини билдирди
Эрон ташқи ишлар вазири Жавод Зарифнинг NBC телеканалига интервьюда маълум қилишича, давлат котиби Помпео Бағдод халқаро аэропортида Қосим Сулаймоний ўлдирилганидан кейин Теҳронга «жуда ноўрин» таҳдидли хабар юборган
Эронлик генерал Қосим Сулаймоний америкалик ҳарбийлар томонидан ўлдирилганидан кейин АҚШ ва Эрон урушга жуда яқин турганди. Бу ҳақда Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф NBC News’га интервьюда айтиб ўтди.
«Биз урушга жуда яқин эдик», - деди Зариф. Унинг таъкидлашича, Сулаймоний ўлдирилганидан кейин икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар ҳамон таранглигича қолмоқда. Шунингдек, Эрон ТИВ раҳбари АҚШ президенти Дональд Трампни Эронга нисбатан нотўғри сиёсат юритишда айблади.
Эрон ташқи сиёсат идораси раҳбарининг сўзларига кўра, инқироз авжига чиққан вақтда Теҳрон АҚШ Давлат департаменти раҳбари Майк Помпеодан Эронга нисбатан таҳдидларни ўз ичига олган «жуда ноўрин» хабар олди. Зариф ушбу хабардан иқтибослар келтиришдан бош тортиб, бу АҚШ давлат котибининг виждонига ҳавола эканини айтди. «Унинг ўзи бу мактубда нима ҳақида сўз юритилганини айтиб берсин», - дея маълум қилди у.
Зарифнинг сўзларига кўра, Эроннинг жавоби ҳам қаттиқ кўринишга эга бўлди, аммо «Помпеонинг хати каби қўпол чиқмади».
Америка ҳарбий хизматчилари жойлашган Ироқдаги базага ракета зарбасига изоҳ бериб, Зариф ўша пайт Теҳронда «кимнидир ўлдириш» вазифаси бўлмаганини билдирди. «Бизнинг мақсадимиз АҚШга, агар улар Эрон фуқароларини ўлдиришда давом этса, биз жавоб зарбаси беришимизни кўрсатиб қўйиш эди».
Эрон ташқи сиёсатидаги бош стратеги, Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг махсус бўлинмаси «Ал-Қудс» қўмондони, амалда Эронда оятуллоҳ Али Хоминаийдан кейинги иккинчи одам саналган Қосим Сулаймоний 3 январь куни Бағдоддаги аэропорт ҳудудида америкалик ҳарбийларнинг дрон орқали берган ракета зарбалари оқибатида ҳалок бўлди.
АҚШнинг ҳаракатларига жавобан Эрон америкалик ҳарбийлар жойлашган Ироқдаги базаларга ҳужум қилди. Пентагон маълумотларига кўра, натижада 109 киши турли тан жароҳатлари олди.
Мавзуга оид
22:10 / 23.12.2024
АҚШ Хитойнинг эски чипларига нисбатан тергов бошлади
19:00 / 23.12.2024
Трамп: АҚШ ҳукумати расман фақат иккита жинсни - эркак ва аёлни тан олади
18:12 / 23.12.2024
Байден ўлимга ҳукм этилган 37 нафар маҳбуснинг жазосини енгиллаштирди
17:17 / 23.12.2024