Ўзбекистон | 16:10 / 15.02.2020
28693
13 дақиқада ўқилади

«Мигрантни туҳмат билан қамаб юбориш осон» – юрист Россия ҳуқуқ тизими ва муҳожирлар ҳақида

«Россиядан муҳожирларни чиқариб юбориш билан боғлиқ судлар одатда 2-3 дақиқа давом этади. Россиялик фуқаро бир жиноят учун 5 йилга қамалса, Ўзбекистон фуқароси худди шу қилмиши учун максимал муддат олиб, 10 йилга қамалади», дейди Россияда ишлаётган муҳожирлар ишлари бўйича ҳуқуқшунос Ботиржон Шермуҳаммад.

Migrant.mobi ҳуқуқий портали юристи Ботиржон Шермуҳаммад Kun.uz мухбири билан суҳбатда Россиядаги меҳнат мигрантлари дуч келаётган муаммолар, Россия суд-ҳуқуқ тизимида мигрантлар масалалари қандай кўриб чиқилишига доир фикрларини билдирди.

«Умуман олганда, Россиядаги муҳожирларнинг муаммолари кўп. Уларни ҳуқуқий жиҳатдан энг ҳимояланмаган қатлам десак ҳам бўлади. Бунинг сабаблари бир нечта:

  • тилни яхши билмаслик;
  • ҳуқуқий билимларининг етишмаслиги;
  • уларга тақдим этиладиган давлат ҳимоячиларининг камлиги кабилар шулар жумласидан.

Аслида, Россиянинг суд ва қонунчилик тизимида муаммо бор. Яъни рус фуқароларининг ҳам туҳмат ёки бошқа бир ҳолатлар воситасида қамалиб кетиш ҳоллари учраб туради. Мисол учун, журналист Голунов воқеасини ёдга олиш кифоя. Ҳеч қандай айби йўқ журналистга наркотик моддаларни солиб қўйишиб, қамашга уринишди, фақатгина жамоатчилик ва журналистлар талаби билан қўйиб юборилди. Унинг ўрнида оддий одам бўлганида қамалиб кетиши мумкин эди.

Бунга ўхшаш ҳолатлар кўп. Бунга асосий сабаб – Россия ИИВ тизимида собиқ иттифоқдан қолган ички ишлар ходимлари фаолиятини баҳолаш тизими. Жиноятчиликка оид статистика маълумотларида, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан шунчага камайди, дейилади.

Мисол учун, ўтган йилда 10та одам ўлдириш билан боғлиқ жиноят содир этилган бўлса, бу йил якуни бўйича бу рақамни кескин камайтириш ёки кўпайтириб юбориш мумкин эмас. Кўпайса, раҳбариятдан яхши ишламаётгани учун танбеҳ эшитади, камайса, келаси йилда бу жиноят билан боғлиқ рақам ортиб кетса, яна танбеҳ эшитади.

Шу боис, улар сунъий равишда жиноятчилик билан боғлиқ рақамларни ўтган йилдагидан яхшироқ қилиб, ушлаб туришга ҳаракат қилишади. Масалан, 2019 йилда 5та маълум бир жиноят қайд этилди. 2018да 10та эди. Етмаётган 2-3та жиноятни қаердан олади? Жиноятчиликни сунъий яратади, бунда энг қўл келадигани – мигрантлардир. Яъни мигрантларнинг тилни билмаслиги, адвокати йўқлигидан фойдаланган ҳолда айрим ҳужжатларга имзо қўйдириш ҳолатлари анча кўп.

Мана яқинда бўлган бир воқеа. 11 ой аввал бир танишимизни ушлашган. Менга қўнғироқ қилди. Биз эртаси куни етиб боргунимизча, давлат томонидан тайинланган адвокат иштирокида илк суриштирув ишларини олиб борган. Саволлар берган, бўйнига олганига доир имзо қўйдирган. У бола русчани яхши билмайди, аммо имзо қўйган тилхатида мен рус мактабида ўқиганман, таржимон керак эмас, дея қайд этилган. Ўзидан сўрасак, тушунмайди ҳам, хабари ҳам йўқ.

Муаммо нимада? Муаммо шундаки, ҳимоячи ҳам таъкидлаганидек, биринчи кўрсатмаларнинг аҳамияти катта. Суд ўша биринчи кўрсатмаларни кўпроқ инобатга олади, яхшироқ адвокат билан кейинги берган кўрсатмаларингиз эътиборга олинмайди. Россия суд-ҳуқуқ тизимида мана шундай муаммолар жуда кўп учрайди. Бу-ку жиноий судлар ҳақидаги гапларимиз.

Депортация билан боғлиқ маъмурий судларда ҳам аҳвол шу. Мамлакатдан чиқариб юбориш билан боғлиқ судлар одатда 2-3 дақиқа давом этади. 10-15 нафар мигрантни олиб келишади. Баъзида, улар суд залини кўришмайди ҳам. 5-10 дақиқада суд қарорини тайёрлаб бериб юборишади.

Ишни кўриб чиқиб, нима бўлганини аниқлаш йўқ. Таржимони борми, тилни биладими, бу билан ҳам иши йўқ», – дейди ҳуқуқшунос.

– Мигрантлар номусга тегиш, зўрлаш, номусга тажовуз қилиш ёки ўғрилик, ё бўлмаса гиёҳванд моддалар билан савдо қилиш каби ўта оғир жиноятларда гумонланиши кўп учрамоқда. Сиз бу жиноятларни ўзлари кескин рад этган гумонланувчилар билан кўришиб, суҳбатлашганмисиз?

– Албатта. Менга ҳар икки кунда бир қайсидир меҳнат муҳожири шунга ўхшаш жиноий иш бўйича қўнғироқ қилади. Биз адвокат эмасмиз, жиноий ишларда тергов жараёнида иштирок этиш ҳуқуқимиз йўқ. Биз фақат судда қатнаша оламиз, тергов-суриштирув жараёнларида эмас. Қўнғироқ қилганларнинг аксарияти рус тилини яхши билмайди, уларга ўзбек тилини яхши тушунадиган адвокат керак бўлади.

Охирги пайтлар мигрантларни оғир жиноятларда айблаш жуда кўпайди. Ўзимизнинг қишлоқдан бўлган бир ватандошимиз 12 йилга қамалиб кетди. У маҳаллий аёлга уйланган эди. У аёлнинг аввалги турмушидан бир қизи бўлган. Эри билан муносабати бузилиб турган вақтда, қизининг номусига тегишга тажовуз бўлди, дея туҳмат қилган, оқибатда 12 йилга қамалди.

Шу билан бирга, Россиянинг айрим ҳудудларида прокуратура ёки полицияда қариндоши борларнинг иши осонликча ҳал бўлади, ноқонуний бўлса ҳам. Шунинг учун мен бир неча маротаба маслаҳат бердимки, бундай ишларни маҳаллий ҳокимият таъсир кўрсата олмайдиган бошқа ҳудудлар, масалан, Москвада кўриш керак.

– Нега энди ўта оғир жиноятлар мигрантлар зиммасига юкланмоқда?

– Чунки ўта оғир ёки оғир жиноятларни Россия фуқароси зиммасига қўйиш қийин. Тилни билади, адвокат олиш имконияти бор. Буни исботлаш, турли далилларни кўрсатиш талаб этилади.

Биздан келган мигрантларнинг бўйнига қўйиш эса анча осонроқ. Шунинг учун статистикани тўғрилаш мақсадида бундай ҳолатлар кўп учраяпти. Россия полицияси жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси билан эмас, кўпроқ статистика учун ишлаяпти.

Яқинда бир ватандош аёл билан гаплашиб қолдик. Унинг айтишича, эри туҳмат билан 12 ёки 15 йилга қамалган. Кейинчалик, ўша туҳматни қилган рус аёли ўзбек аёлга қўнғироқ қилиб, узр сўраган, бу уюштирилган эди, деб тан олган. Аммо, бир ўзбек йигити узоқ муддатга қамалиб кетмоқда.

Энди бунақа ишлар туҳмат билан ёки бирорта материални бошқа бир мигрантнинг бўйнига қўйиш билан бўлади-да, бошқа варианти йўқ. Мана оддий журналист Голунов иши бунга яққол мисол.

Аслида, ўша мулозимларга қарши жиноят иши қўзғатилиши талаб этилади, аммо улар ишдан бўшатилди, холос. Россияда бундай ҳолатлар жуда кўп, ҳатто ўз фуқароларига нисбатан ҳам мана шунақа уюштиришлар етарлича учрайди. Айтмоқчи бўлганим, Россиянинг аксарият аҳолиси ўқимишли бўлган жамият учун бундай ҳолатлар кўплик қилади. Улар бундан воз кечишлари керак.

Бу ерда яна бир нарса борки, россиялик фуқаро айни жиноят учун тилни билгани, етарли ҳимояга эга бўлгани боис, 5 йилларга қамалса, ўзбекистонлик фуқаро худди шу қилмиши учун максимал муддат олади, яъни 10 йилга қамалганлар бор. Майда ишлар сабабли қамалиб кетганлар ҳам кўп.

– Аслида, суд жараёнида, терговда, дастлабки суриштирув вақтида ёзилган нарсаларни чиғириқдан ўтказиш талаб этилади. Аммо юқорида биринчи берган кўрсатмаси муҳим рол ўйнайди, дедингиз. Бу суд ҳокимиятига ижро органлари, хусусан, ИИВ идораларидан босимни англатадими ёки суднинг мустақил эмаслигини намоён этадими, нимани билдиради?

– Бу ерда, кўпроқ, маҳаллий ҳокимият билан ўзаро ёзилмаган келишувлар бўлса керак, деб ўйлайман. Яъни мен сенинг ишингни қайтармайман, статистикангни бузмайман, сен менинг устимдан шикоят ёзмайсан қабилида.

Бу каби ҳолатлар бизда ҳам бўлган илгарилари, ҳозир билмадим. Биз кўпроқ маъмурий ишларда иштирок этганмиз. Судларда полиция ходими нимани ёзиб берса, шунга ишониш бор. Қўлида олтита патенти бор, иш гаплашишга борган жойида расмга олиб, ишлаяпти, деб мамлакатдан чиқариб юборишни сўраяпти. Биз, мигрантнинг ишчи кийимида эмаслигига эътибор қаратяпмиз, ўрганиш зарурлигини сўраяпмиз. Бир хонага одам кирса, ишлаётган бўлиб қолмайди, деяпмиз.

Биласизми, Москва маъмурий судларида бир хил иш бўйича икки хил қарор чиқарилган ҳолатлар ҳам кўп. Бир масала бўйича маълум бир суд чиқарган қарор бошқаларида ҳам такрорланиши керак. Давлатда бир хил турдаги ишлар бўйича бир хил муносабат бўлиши шарт.

– Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари Россияда жиноят содир этиб қамалганларни Ўзбекистонга қайтариш масаласида музокаралар олиб бораётганини эшитдик. Бу қанчалик тўғри бўлади?

– Энди, менинг фикримча, Россия қамоқхоналарида сақланаётган ватандошларни Ўзбекистонга кўчириш яхши бўлади. Биринчидан, бу ер қариндошларига узоқ. 5-10 йил қамалганларни яқинлари келиб, кўриб кетиш имкони йўқ бу ерда.

Бундан ташқари, туҳмат билан қамалганлар, уларнинг ишини қайта кўриб чиқиш, амнистия қўллаш имкониятлари бўлади. Россияда жуда кам амнистия эълон қилинади. Ўзбекистонда эса кўп сабаблар билан амнистия эълон қилиняпти.

Қолаверса, ҳали айтганимдек, яқинлари бориб ҳолидан хабар олиб туришига қулай бўлади. Сиз айтаётган шартномани кўриб чиқдим. 2016 йил май ойида Россиянинг озодликдан маҳрум қилиш жойларида сақланаётган фуқароларни ўзаро алмашиш тўғрисида шартнома тузилган экан. Лекин ҳозиргача бу парламентлар томонидан маъқулланмаган, ратификация қилинмаган. Яқинда, 4 йил бўлади.

Албатта, бунда айрим жиноятлар Россияда жиноят саналса, Ўзбекистонда жиноят ҳисобланмайди. Уларнинг қўйиб юборилиши эҳтимоли бор. Олиб кетиш харажатлари бор. Аммо, шу ўринда, шахсий фикрим, Россияда ўтирганларнинг 50 фоизи ноҳақ ўтирибди. Адвокат ёрдами етарли бўлмаган, таржимон бўлмаган, билмасдан имзо қўйиб юбориб, қамалиб қолганлар бор.

Мана, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳузурида мигрантларга ёрдам берадиган махсус жамғарма ташкил этилди. Мигрантлар олиб кетиляпти, кўмак берилмоқда. Аммо, ҳеч ким мигрантлар билан боғлиқ жиноят ишлари билан шуғулланмаяпти.

Ўзбек тилини яхши билган, давлат томонидан тайинланган бирор адвокатни танимаймиз. Бизга ўхшаган юристлар маъмурий, фуқаролик ишлари билан шуғулланади, холос. Чунки жиноят ишлари билан шуғулланиш учун юрист Россия фуқароси бўлиши керак.

Биз Россия фуқароси бўлган, тажрибали адвокатлар билан ишлашимиз лозим. У ўзбек тилини билмаса, яхши биладиган таржимон билан таъминлаб, у ўзбек фуқароларининг жиноят ишлари билан шуғулланиши керак. Бепул эмас, пулга бўлсаям, ишончли, ўз ишини пухта биладиган адвокатлар топишимиз талаб этилади. Афсуски, бу йўналишда ҳеч қандай иш қилинаётгани йўқ.

– Мигрантлар жиноятчилиги билан боғлиқ муаммоларнинг олдини олиш, бартараф этиш ва келгусида ўзбекистонлик мигрантлар ўртасида жиноятчиликни камайтириш бўйича қандай таклифларни берган бўлар эдингиз? Нималар қилиш керак?

– Энди, профилактика – қийин масала. Комплекс ёндашувни талаб қилади. Мигрантларимиздан илтимос қилардимки, барчамиз нима бўлганда ҳам меҳмондамиз, ўзимизнинг Ўзбекистонда қиладиган эркаликларини қилмасин. Алкоголли ичимликлар ичиб, тўполонлар қилиш, бунинг ортидан ўзаро муштлашиш кабилар. Бу ерга, ишлагани, оиламизга пул юборгани келдикми, шуни қилиб қайтиш керак. Ўзбекистонда бўлса, адвокат ёллаш мумкин.

Мана, ёш йигитлар кўп келяпти. Кўпининг оиласи йўқ. Ёки янги уйланган, оиласи Ўзбекистонда. Бу ерга келиб, ўзимизда бўлмаган шароитга тушяпти. Кийиниш, юриш-туриш, муомалада. Шу сабабли аёллар билан боғлиқ муаммолар кўп бўляпти. Бунинг ортидан номусга тегиш, тажовуз қилиш каби жиноятлар бор, ҳақиқатда содир этилганлари ҳам кўп.

Россиядаги бирор аёл киши сенга яхши гапирса, бу сен билан бирга бўламан, деганини англатмайди. Бу ердаги муҳит, тарбия шунақа, биздан фарқ қилади. Аёллар билан муносабатларда жуда эҳтиёт бўлиш лозим.

Бундан ташқари, давлатимиз томонидан, дипломатик ваколатхоналар томонидан ҳуқуқий ёрдам ва тушунтириш ишлари йўлга қўйилса, яхши бўларди.

Муаммо шундаки, биз давлат ташкилотларини кўп танқид қиламиз. Тўғри, давлат ташкилотлари кўп фойдали ишлар қилаётган бўлиши мумкин, аммо уларда тарғибот доим оқсайди, ўзларининг қилаётган яхши ишларини ҳам кўрсата олмайди. Бунинг сабаби кадрлар етишмаслигидами, билмадим, эски тизимда қолишган.

Телевидениега боришади, қандайдир роликлар қўйишади, роликлар ҳам эскича усулда олинган, одамларга зерикарли. Кўпроқ интернетдан фойдаланиш керак, ёшларга чиқиш лозим. Ёшлар қизиқадиган платформалар, мана бугунги кунда Инстаграмга чиқишсин. Қисқароқ, қизиқарлироқ қилишсин. Ёшлар ҳурмат қиладиган, уларга таъсир қила оладиган инсонлар, блогерлар бор, шулар орқали тарғиб қилсин. Блогерларни ўзига душмандек кўрмасдан, шундай тарғибот ишларида фойдаланишсин.

Тарғибот сифатли эмас. Ўша берган флаерларида ҳам маълумотлар жуда ҳам расмий қонуний, яъни (оддий фуқаро учун) тушунарсиз тилда. Биз айтардикки, шу матнларни экспертлар кўриб берса. Масалан, регистрация (рўйхат)га тур деяпти, унга қандай туради, бу ердаги шароитлар қанақа?

Роликларда ҳам, маълумотномаларда ҳам шу ердаги шароитлардан келиб чиққан ҳолда маслаҳат бериш керак. Бўлмаса, у нарсаларга бекорга пул сарфлагани қолади, холос.

Толиб Раҳматов суҳбатлашди. 

Мавзуга оид