«Пахта иши»: Бир вилоятнинг ўзида хирмоннинг чорак қисми қўшиб ёзилгани маълум бўлиб қолди
2019 йилда республика бўйлаб қарийб 143 минг тонна пахта қўшиб ёзилган. Шундан 120,6 минг тоннаси пахта ишлаб чиқаришлари ва кластерлари ҳиссасига тўғри келади. Сурхондарё вилоятида эса «расман етиштирилган» деб кўрсатилган пахта ҳосилининг 26,5 фоизи фақатгина қоғозларда мавжуд бўлган.
Ўзбекистонда «пахта иши» ва қўшиб ёзишлар ҳамон давом этмоқда. Хусусан, Kun.uz таҳририятига келиб тушган маълумот, республиканинг Сурхондарё, Фарғона, Тошкент, Жиззах, Наманган ва Андижон вилоятларида «Пахта-2019» мавсумида йирик миқдорда кўзбўямачиликлар бўлганини кўрсатмоқда. Жумладан, Сурхондарё вилоятидаги 7та масъулияти чекланган жамиятларда умуман қабул қилинмаган 22,3 минг тонна оқ-олтин «қабул қилингани» ҳақида ҳисобот берилган.
Kun.uz таҳририяти ихтиёрига Давлат статистика қўмитасига йўлланган хат нусхаси келиб тушди. Унда Ўзбекистонда 2019 йилги пахта ҳосили йиғим-терим мавсумига доир ҳисоботида қўшиб ёзишларга йўл қўйилгани ҳақида сўз боради.
Жумладан, хатда шундай дейилади:
«...37та пахта тозалаш корхоналари, 76та пахта тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари ҳамда 7та масъулияти чекланган жамиятда 2019 йил ҳосилидан қабул қилинган пахта хомашёси статистик ҳисоботлар ва мавжуд ҳужжатларга мувофиқлиги юзасидан назорат тадбирлари ўтказилди. Назорат тадбирларида пахта тозалаш корхоналари ҳамда пахта тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерларининг статистик ҳисоботларида 2019 йил 1 декабрь ҳолатига қабул қилинган пахта хомашёсининг миқдори 2 млн 830,3 минг тоннани гашкил этган ёки Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 декабрдаги «2019 йилда навлари бўйича жойлаштирган ва пахта хомашёси етиштиришнинг прогноз ҳажмлари тўғрисида»ги 1037-сонли қарори билан тасдиқланган 2 млн 958 минг тонна прогноз ҳажмларига нисбатан 95,7 фоизга бажарилган. Шундан пахта тозалаш корхоналарига 775 минг тонна, пахта тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерларига 2 млн 33 минг тонна ҳамда масъулияти чекланган жамиятларга 22,3 минг тонна тўғри келган.
Ўтказилган назорат тадбирлари натижасида ҳақиқатда қабул қилинган пахта хомашёсинниг миқдори 2 млн 697,1 минг тоннани ташкил этган бўлиб, шундан пахта тозалаш корхоналарига 775 минг тонна ҳамда пахта тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерларига 1 млн 922,2 минг тонна тўғри келди.
Пахта тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари ҳамда масъулияти чекланган жамиятлари томонидан қабул қилинган пахта хомашёси миқдорининг статистик ҳисоботларида қабул қилинган пахта хомашёсига нисбатан 142,9 минг тоннага (4,5 фоиз) кўп қўшиб кўрсатилиб келинган. Шундан 120,6 минг тоннаси пахта ишлаб чиқаришлари ва кластерлари томонидан кўрсатилган бўлса, 22,3 минг тонна умуман пахта хомашёси қабул қилмаган Сурхондарё вилоятидаги 7та масъулияти чекланган жамиятларига тўғри келади.
Ҳудудлар (вилоятлар) кесимида таҳлил қилинганда: Сурхондарёда 71,9 минг тонна (26,5 фоиз), Фарғонада 37 минг тонна (15,5), Тошкентда 22,9 минг тонна (10,4). Жиззахда 7,7 минг тонна (3,7), Наманганда 2,6 минг тонна (1,3), Андижонда 0,821 минг тонна (0,3) пахта хомашёси ҳақиқатда қабул қилинганга нисбатан кўп кўрсатилган.
Сурхондарё вилоятида:
- «Chinoz textile» МЧЖ 11,1 минг тонна;
- «Asg-angor paxta tozalash» МЧЖ 7,4 минг тонна;
- «Сурхондарё Агрохизмат» МЧЖ 9,3 минг тонна;
- «Шашмохкашоб» АСФ 7,5 минг тонна;
- «Termiz jayxun cluster» МЧЖ 3,4 минг тонна;
- «Surxon sifat textil» МЧЖ 1,1 минг тонна.
Фарғона вилоятида:
- «Global textile solutions» МЧЖ 6,7 минг тонна;
- «Bulut textile» МЧЖ 6,6 минг тонна;
- «Fergana-oseana» МЧЖ 6,4 минг тонна;
- «Baxodir log'on tekstil» МЧЖ 5,2 минг тонна;
- «Expo Kollor Prin Teks» МЧЖ 4,8 минг тонна;
- «Fergana spinning» МЧЖ QK 4,4 минг тонна;
- «Real Trans Logistics» МЧЖ 2,9 минг тонна.
Тошкент вилоятида:
- «Maxim Gold Тех» МЧЖ 7,9 минг тонна;
- «Nature Cotton» МЧЖ 7,9 минг тонна;
- «Abc Oqqorgon Agro Classter» МЧЖ 7,1 минг тонна.
Жиззах вилоятида:
- «Жиззах Индустриал тўқима» МЧЖ 5,2 минг тонна;
- «Жиззах кентекс» МЧЖ 2,5 минг тонна қўшиб ёзилган.
Сурхондарёдаги 7та масъулияти чекланган жамиятларда умуман пахта қабул қилинмаган бўлса-да:
- «Bandixon Zarafshon agrofirma» МЧЖ 6,9 минг тонна;
- «Muzrabot gallakori agrofirma» МЧЖ 4,4 минг тонна;
- «Oq toshobodlik gallakor agrofirma» 3,5 минг тонна;
- «Sariosiyo meva sabzavot» МЧЖ 1,9 минг тонна;
- «Surxon eksport» МЧЖ 4,1 минг тонна;
- «Uz trade agro» МЧЖ 0,7 минг тонна;
- «Surxon gold fresh» agrofirmasi МЧЖ 1,4 минг тонна қабул қилгани ҳақида ҳисобот тақдим этган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, статистика ҳисоботларига мавжуд бошланғич ҳужжатларга асосан ортиқча пахта хомашёсини кўрсатган пахта тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари, масъулияти чекланган жамиятлари мансабдор шахсларига нисбатан чоралар кўриш ва статистика ҳисоботларидан чиқариш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўришингизни ва натижаси юзасидан 15 кун муддат ичида ахборот беришингизни сўраймиз», - дейилади расмий хатда.
Ушбу хат молия вазири ўринбосари Ёрқин Турсунов имзоси билан Давлат статистика қўмитасига юборилган. Kun.uz мухбири мазкур маълумотлар қанчалик ҳақиқатга мослигини аниқлаш мақсадида Давлат статистика қўмитаси билан боғланди. Қўмита вакили ҳақиқатдан ҳам ушбу хатлар идорага келиб тушганини тасдиқлади.
Шу ўринда, эътиборингизни хатда қайд этилган 2та рақамга қаратиш орқали уларнинг иқтисодий зарар кўламини тасаввур қилишга ҳаракат қилиб кўрамиз.
Республика бўйича жами 142,9 минг тонна пахта қўшиб ёзилгани аниқланган. Такрорлаймиз, бу ҳали қайд этилгани. Пахта пунктларида «иссиғида содир бўлган» ёнғинлар боис қоғозда «ёниб кетган» пахта ҳосилини билмаймиз.
Хуллас, таҳририятда мавжуд маълумотларга ишонадиган бўлсак, 142,9 минг тонна – 142 900 000 кг йўқ пахтани давлат харид қилган бўлиб чиқмоқда. Ушбу терилмаган пахта учун иш ҳақи, йўл-транспорт ва ёқилғи-мойлаш харажатлари ҳам амалга оширилгандир, эҳтимол.
Юқоридаги килограмни пахта теримчиларига тўланган иш ҳақининг ўртача миқдорига кўпайтирсак, ҳақиқатда терилмаган пахта учун тўланган маблағ кўлами келиб чиқади. Биз терилган 1 кг пахта учун ўртача иш ҳақини 1000 сўм деб олдик:
142 900 000 * 1000 сўм = 142 900 000 000 (142 млрд 900 млн) сўм терилмаган пахтага ҳақ тўланган.
Маълумки, 2019 йилда 1 тонна пахтанинг давлат хариди нархи қўшимча қиймат солиғи билан бирга 4 млн 300 минг (1 кг – 4300) сўм этиб белгиланган.
Шундан келиб чиқиб ҳисобланганда 142 900 000 * 4 300 сўм = 614 470 000 000 (614 млрд 470 млн) сўм терилмаган пахтанинг давлат харидига ажратилган бўлиб чиқади.
Иккита ҳолатдаги жами сумма 757 370 000 000 (757 млрд 370 млн) сўмни ташкил этмоқда.
Давлат раҳбарияти томонидан амалга оширилаётган шаффофлик, пахта ҳосилини йиғиб олиш ва қўшиб ёзиш билан боғлиқ ҳолатлар бўйича назорат кучайтирилишининг Ҳукумат қарорида таъкидланиши, онлайн электрон тарозилар ўрнатилгани ҳақида бонг урилганига қарамай, «қўшилган» пахта ҳосилининг кўлами кишини ҳайратга солмай қўймайди.
Толиб Раҳматов
Дилшод Абдуқодиров
Мавзуга оид
09:33 / 26.11.2024
Пахта маҳсулотини сотишда манипуляцияга йўл қўйган корхонага чора кўрилди
18:02 / 10.10.2024
Шаҳрисабзда аҳолини пахта теришга мажбурлаган маҳалла раиси салкам 19 млн сўм жаримага тортилди
19:45 / 09.10.2024
Ўқитувчиларнинг пахта теримига жалб этилиши ноқонуний — ММТВ
15:43 / 28.09.2024