Қорача тоғидаги хазина: Жимжитлик ортидан унинг тақдири хавф остида қолмоқда
Ҳикоя қилмоқчи бўлганимиз — Қорача тоғидаги ноёб моддий-маънавий бойликлар бир неча минг йиллик тарихга эга. У билан боғлиқ воқеалар тарихи эса энди бошланмоқда...
Пайариқ туманининг Аламли қишлоғи тоғ-адирлар орасида жойлашган, Нурота тоғ тизмаларига кирувчи бу ҳудуддаги тоғни айримлар «Қорача», айримлар «Қароқчи тоғи» дейишади.
Ана шу тоғлар орасида яшовчи аҳоли неча йилки аҳён-аҳёнда турли қадимий буюмлар топиб олишади. Қоятошда ўйилган ноодатий суратларга дуч келишади.
Аммо бу буюм ва суратларнинг қанчалик қийматга эга экани, тарихийлиги ҳақида ҳеч нарса билишмайди.
Бундан уч ой олдин, 2019 йилнинг декабрида шу қишлоқда яшовчи Норпўлат Тўқбоев олимларга мурожаат қилади. Самарқанд давлат университети археология кафедраси мудири Н.Холматов раҳбарлигида археологик гуруҳ ҳудудда ўрганиш олиб боради.
Натижада, Aламли қишлоғидаги Ўрта ҳовуз манзилида «Мезолит-неолит» ёдгорлиги аниқланади. Ер сатҳидан 3 дона тош буюм, яъни тош ўзаги, қирғич қурол, қайроқтош бўлаги топилади. Шунингдек, сой ён дараларида кўплаб қоятош расмлар ҳам борлиги аниқланади.
Олимлар хулосасига кўра, мазкур ҳудуд тош асридан буён ўзлаштириб келинган. Матбуотда Пайариқда тош асрига оид расм ва буюмлар топилгани ҳақида эълон қилинади (Википедия маълумотларига кўра, Марказий Осиёда тош асри бундан тўрт минг йил олдин тугаган – таҳ.). Бу ёдгорлик маконида қазилма ишларини амалга ошириш, қоятош расмларини ўрганиш, қўшни сойларда ҳам кенг археологик қидирув ишларини амалга ошириш мақсадга мувофиқлиги айтилади.
Яқинда бу қадимий буюмлар ҳақида олимларга илк бор хабар берган фуқаро Н.Тўқбоев таҳририятга мурожаат қилди. Унинг айтишича, ўша қадимий маданий бойликлар ҳали ҳам эътиборсиз, муҳофазасиз қолаётган, бу ҳам етмаганидек, йўқ қилинаётган экан. Kun.uz ижодий жамоаси тезда ўша манзилга етиб борди.
Мазкур қамишзор ва сойдан ўтиб, қоятошлар маконига кириб борасиз. Дарвоқе, биз ҳали сойга етиб бормасданоқ қишлоқнинг турли ҳудудларида сопол идиш бўлакларига дуч келдик. Н.Тўқбоевнинг айтишича, одамлар ўра кавласа ҳам шундай бўлакларга, баъзан бутун қадимий идишларга дуч келаверади. Қишлоқ марказидаги қабристонда қабр кавланганда деярли бу ҳолат доим такрорланади.
Қоятошлар оралаб бораркансиз, ҳақиқатан ҳам тошларга ўйилган суратларга дуч келасиз. Уларга боқиб, бундан минг йиллар олдин одамлар бу ҳудудда қандай ҳайвонларга дуч келганини тасаввур қилиш кишига завқ бағишлайди. Қоятошлар жуда кўп ва сиз ўзингиз минглаб йиллар аввал чизилган суратларни излаган сайин топаверасиз. Булар ҳали ҳам деярли тадқиқ этилмагани ҳайратингизни оширади.
Ҳайвонлар шаклидан ташқари, айрим ёзувга ўхшаш бир хил белгиларга тез-тез дуч келдик. Аммо унинг қандай белги экани, ёзувми ё тасодифий ўхшашликми, билолмайсиз. Ҳайвонлар сурати эса аниқ-тиниқ кўриниб турарди. Қолаверса, уларнинг бир қанчасини ўрганган олимлар ҳақиқатан ҳам қадимий эканини айтиб турибди.
Бу ерда тош асридан буён минг йиллар давомида одамлар яшаб келган, кейинчалик нима сабабданлиги номаълум — ўртада яна кимсасиз маконга айланган. Ҳозир эса ушбу қишлоқда ўттиз чоғли хўжалик истиқомат қилмоқда, холос.
Энди масаланинг оғриқли томонига ўтамиз. Мана шундай бетакрор табиат, энг муҳими, қадимий ва ноёб маданий бойликларнинг ростдан ҳам хавф остида эканига гувоҳ бўлдик.
Эҳтимол, суратлар ўйилган бу қоятошларни кимлардир синдириб, хорижда юз минглаб долларга сотяпти, деб ўйларсиз. Ёки кимдир уларни секин-аста шахсий коллекциялари учун ташиб кетяптими, дерсиз? Ҳар ҳолда жуда қадимий! Аммо иккиси ҳам эмас. Бу қоятошлар шунчаки, қурилиш ишлари учун ишлатиляпти. Айрим ҳудудларда янги қуриладиган иморатлар пойдеворига тоғ тоши терилади. Бор-йўғи шу мақсадда!
Иморатнинг пойдеворига бир иккита тош керак бўлса, бу маданий бойлик миллион доллар турмайдими?! Билмаганга, қадрламаганга бунинг аҳамияти йўқ.
Бу Самарқанд вилояти ҳудудида кузатилган биргина ҳолат эмас. Ўтган йили Жомбой туманида ҳам темурийлар даврига оид дея тахмин қилинган тангалар топилгани ҳақида хабар берилганди. Кишини ўйлантирадиган жиҳат шуки, нега бизнинг олимларимиз ижобий маънода саргузаштталаб эмас? Нега бундай объектлар тезлик билан илм эгаларини жалб қилмайди, ўша ҳудудларда ўрганишлар олиб борилмайди, муҳофаза қилинмайди?
Айтганча, ҳудудда фуқаролар қадимий буюмлар билан бирга тарихий тангалар ҳам топиб олишган экан. Албатта, археологлар ҳали бу ердан кўп нарса топишлари мумкин. Фуқаролар эса бу топилмаларга шунчаки, ернинг юқори қисмидан дуч келмоқда.
Н.Тўқбоевнинг ўзида ҳам тош, тангалар ва сопол буюмлардан иборат бутун бир коллекцияга гувоҳ бўлдик. Тангаларнинг қайси даврга тегишли экани, қайси қадимий давлат ҳаётидан ҳикоя қилиши, аҳамияти, умуман, бундай жойларнинг эътиборсиз қолаётгани хусусида тез орада олимлар билан суҳбат уюштириб, эътиборингизга ҳавола этамиз.
Анвар МУСТАФОҚУЛОВ, Исомиддин ПЎЛАТОВ (фото),
Kun.uz мухбирлари.
Мавзуга оид
18:55 / 23.11.2024
Австрияда сантехник 30 килоли тилла тангалар топиб олди
18:12 / 09.11.2024
Бир чуқурдаги икки мурда – Пайариқдаги қотиллик тафсилоти
16:43 / 07.10.2024
Бир мактабга бахшида умр: 60 йилдан буён ишлаб келаётган пайариқлик ўқитувчи
19:20 / 16.01.2024