Хитойлик икки журналист Ухандаги ҳақиқий ҳолатни кўрсатиб беришди. Улар ҳозир қаердалиги номаълум
Коронавирус ўчоғи бўлган Уханда эпидемия ҳақида фото ва видеоларни интернетда тарқатган икки жамоат фаоли ғойиб бўлиб қолди.
Фан Бин ва Чэнь Цюшининг видеолари YouTube порталида машҳур бўлиб кетди, аммо ҳозир улар янги контент тақдим қилишни тўхтатишди, уларнинг қариндошлари эса улар ҳозир қаердалигини била олишмаяпти.
Чэнь Цюши ғойиб бўлгач унинг ижтимоий тармоқдаги аккаунтларини юритаётган дўстининг айтишича, у пайшанба куни шифохонага борганида мажбурий равишда карантинга жойлаштирилган.
Чэннинг твиттерда 200 мингдан ортиқ фолловери бор, YouTube каналидаги обуначилари сони эса 400 мингдан ортиқ. У доимий равишда Ухандаги янгиликларни ёритиб борар, шифохоналардаги аҳвол ҳақида ҳикоя қилар, беморлар ҳамда шифокорлар билан гаплашарди.
Бу воқеалар Хитой интернетидаги цензурадан дарак беради.
Фан Бин ҳақида нималар маълум?
Уханлик тадбиркор Фан Бинь вирус тарқала бошлаганида «шаҳардаги ҳақиқий вазият ҳақида хабар бериб бориш» учун видеолар тайёрлай бошлаган.
25 январь куни у Хитойда тақиқланган YouTube порталида VPN’дан фойдаланган ҳолда биринчи видеосини эълон қилган.
Дастлабки видеороликларида у асосан машинасида шаҳар кезади ва турли туманлардаги вазиятни намойиш этади - видеолар 1000 мартадан ошиқ кўрилади.
Кейин 1 февраль кунги видеосида у Ухандаги шифохона олдида турган, ичига 8 жасад солинган микроавтобусни намойиш этади. Бу видео 200 минг мартадан ошиқ кўрилади.
Фаннинг айтишича, ўша куниёқ полиция унинг уйига келган ва видео бўйича сўроқ қилган. Уни олиб кетишган, қатъий огоҳлантиришган, кейин қўйиб юборишган.
9 февраль куни у 13 сониялик видео эълон қилган ва унда «барча одамларни кўтарилиш ва ҳукуматни халққа қайтариш»га чақирган.
Шундан кейин унинг аккаунтида ҳеч қандай янгиланиш бўлмаган.
Чэнь Цюши ҳақида нималар маълум?
Муқаддам таниқли адвокат ва ҳуқуқ фаоли бўлган Чэнь коронавирус эпидемияси бошлангач видеожурналистга айланди. Уни инсон ҳуқуқлари соҳасида яхши билишарди. У ўтган йил мобайнида Ҳонгконгдаги воқеаларни ёритиб бориши орқали катта машҳурликка эришган.
Кўп ўтмай Хитой ҳукумати таъқиб қила бошлаган ва унинг оғзини ёпган. У Ҳонгконгдан қайтгач 700 мингдан ортиқ ўқувчилари бўлган аккаунтлари ўчириб юборилган.
Лекин у узоқ вақт жим юрмайди - ўтган йилнинг октябрида у YouTube-аккаунт очади, айни вақтда канал обуначилари сони 400 мингдан ортиқ. Унда шунингдек, 265 мингдан ортиқ ўқувчига эга твиттер саҳифаси ҳам бор.
Январь ойи охирида у Уханга бориб, вазият қай даражада ёмонлашганини тасвирга олишга қарор қилади.
«Мен ўз камераларим орқали бу ерда аслида нималар бўлаётгани ҳақида гапириб бораман. Ваъда қиламан, асл ҳолатни… яширмайман», - деганди у YouTube орқали илк чиқишида.
У Ухандаги шифохонага ташриф буюрган, шароитларни ўрганган ва беморлар билан гаплашган. У 30 январь куни эълон қилган видеосида кўплаб беморлар шифохона йўлагида ётишгани кўрсатилган. Видеода яқиндагина вафот этган эркакни қучоқлаб олган ва кимгадир қўнғироқ қилишга уринаётган аёл тасвирланган кадрлар ҳам бор.
Чэнь таваккалга қўл ураётганини аввалдан билган. Февралда у Би-би-си мухбири Жон Садвортга бу фаолиятини яна қанча вақт давом эттира олишини билмаслигини айтганди.
«Цензура жуда қатъий, менинг контентимни улашаётган бошқа одамларнинг аккаунтлари ёпиб қўйилмоқда», - деган у.
7 февраль куни унинг айни вақтда дўсти томонидан юритилаётган твиттер саҳифасида жойлаштирилган видеода онаси ўғли айни вақтда қаердалигини билмаслиги айтилган.
Унинг дўсти Сюй Сяодун эса Чэнни мажбурий равишда карантинга жойлаштиришгани ҳақида хабар берган.
«Чэнь Цюши навбатдаги Ли Вэньлянга [ўтган йилнинг 30 декабрь куни вирус тарқала бошлагани ҳақида хабар берган, ҳукумат вакиллари уни миш-миш тарқатишда айблаган - Би-би-си] айланмаслиги керак! Хитой одамлар ҳақиқатни айтишига тўсқинлик қилмаслиги керак», - деб ёзган Weibo тармоғи фойдаланувчиларидан бири.
«Дунёда суперқаҳрамонлар йўқ, шунчаки борини айтадиган оддий одамлар бор», - дея ёзган бошқаси.
Ҳукумат нима демоқда?
Хитой ҳукумати бу воқеалар ҳақида ҳозирча изоҳ бермаган. Amnesty International ташкилоти вакили бўлган Патрик Пун шу вақтга қадар бу фаоллар полиция томонидан олиб кетилгани ёки «мажбурий равишда карантинга жойлаштирилгани» бўйича аниқ маълумот йўқлигини айтган.
У ҳукумат уларнинг оиласига улар билан учрашиш имкониятини тақдим этиши кераклигини қўшимча қилган.
«Хитой ҳукумати уларнинг оила аъзоларига хабар қилиши [улар қўлга олингани ҳақида] ва улар ўз ихтиёри билан адвокат ёллашига имконият яратиб бериши керак. Улар қийноққа солиниши ёки бошқа ёмон муносабатга учраши мумкин», - деган Пун Би-би-си.
Улар нима учун ғойиб бўлган?
Маълумки, Хитой ҳукумати ўз фаолияти юзасидан танқидларга кескин муносабатда бўлади. Ҳукумат вазият назоратдан чиқиб кетгани ҳақида тасаввур пайдо бўлишини ҳам истамайди.
Январь ойи бошида эпидемия бошлангани тўғрисида бошқаларни огоҳлантира бошлаган шифокор Ли Вэньлянга у «ёлғон хабарлар тарқатиш»ни бас қилиши кераклигини уқтиришганди. Якунда унинг ўзи ҳам вирусни юқтириб олди ва вафот этди.
Унинг ўлимидан кейин Хитой интернет майдонида норозилик тўлқини бошланди. Бунга жавобан ҳукумат доктор Ли ўлими бўйича ҳар қандай танқидий изоҳларни цензура қила бошлади.
«Хитойдаги авторитар ҳукумат азалдан фавқулодда ҳолатларда ҳақиқатни гапириб, ҳукуматни танқид қилганларни таъқиб қилган ва қўлга олган. Масалан, 2003 йилги SARS вируси эпидемияси вақтида, 2008 йилда Вэньчуандаги зилзила вақтида, 2011 йилда Вэньчжоудаги поезд ҳалокати вақтида ва 2015 йилда Тяньцзиндаги портлаш вақтида шундай қилинган», - деяди Human Rights Watch вакили Яцю Ванг Би-би-си билан суҳбатда.
У Хитой зудлик билан «касалликка қарши курашда шаффофликка риоя этиши ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиши, бунга қарши курашмаслиги» ҳақида гапирган.
Хитойдаги Weibo тармоғида (Твиттернинг муқобили) айни вақтда Чэнь ва Фан эсланган бир нечагина изоҳ қолган, афтидан, улар ҳам кўп ўтмай ғойиб бўлади.
«Тарихни ўзгартиришмоқда. Худди ҳеч қандай Чэнь Цюши бўлмагандек», дейилади шундай изоҳлардан бирида.
Мавзуга оид
15:03 / 10.12.2024
Хитой коронавирус Уҳан лабораториясида яратилганини рад этди
15:02 / 10.12.2024
Олимлар экологик тоза қуёш батареяларини ишлаб чиқариш усулини топди
20:48 / 09.12.2024
Трамп сайловда ғалаба қозонганидан кейин биринчи марта Си Жинпинг билан суҳбатлашди
23:36 / 19.09.2024