Ўзбекистон | 09:45 / 16.02.2020
42934
9 дақиқада ўқилади

Йўлларда нега кўп одам ҳалок бўлмоқда?

ИИВ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси жорий йилнинг 21-31 январь кунларида мамлакат бўйлаб 125та йўл транспорт ҳодисаси рўй бергани ва унда 54 нафар фуқаро ҳалок бўлгани ҳақида маълумот берди. Февраль ойининг дастлабки 10 кунида эса Ўзбекистонда 126 та ЙТҲ қайд этилган бўлиб, уларда 41 киши ҳалок бўлди, 136 киши жароҳатланган.

Бизнингча, бу жуда кўп. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, 2018 йил ЙТҲда ҳалок бўлганлар сони бўйича Ўзбекистон дунёнинг 175та давлати орасида 117-ўринда қайд этилган. Ўша йили Ўзбекистонда ЙТҲ натижасида ҳалок бўлганлар сони ўртача 100 минг кишига 11,5 нафар одамдан тўғри келган.

175 давлат орасида 117-ўрин бир қарашда биздан ҳам аҳволи ёмонлар бор экан-ку, деган юпатувчи хулоса уйғотиши мумкин, лекин йўлларда бир кишининг ўлиши ҳам кўп!

Хўш, автоҳалокатлар нега бу қадар кўп одамнинг умрига зомин бўлмоқда? Қуйида бу саволга жавоб излаймиз.

Ҳайдовчилар

Афсуски, бизда аксар ҳайдовчиларнинг маҳорати қониқарли эмас. Шунчаки машина ҳайдашни билиш бошқа, уни маҳорат билан бошқариш бошқа. Шунингдек, йўл ҳаракати қоидаларини ҳам кўпчилик яхши билмайди. Бу ҳолатнинг сабабларини аввало ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш тизимидан қидириш керак.

Яшириб нима қиламиз, бизда ҳайдовчилик гувоҳномасини номигагина имтиҳон олиб, бериб юбораверишади. Ҳатто имтиҳондан ўта олмаганлар кейинчалик қандайдир йўл билан «права» олиб кетишади.

Бу масалада йирик шаҳарлардаги ҳайдовчиларни тайёрлаш мактабларида аҳвол бирмунча яхши. Улар ўзи ўқитаётган фуқароларнинг билим ва кўникмаларини ошириш учун меҳнат қилишади, аммо чекка ҳудудларда жойлашган автомактаблар ҳақида бундай деб бўлмайди. Уларнинг аксари ҳайдовчилик гувоҳномасини олишга талабгор бўлган фуқарони шартнома асосида ўқишга қабул қилади, кейин у дарсга келяптими, йўқми назорат қилишмайди. Курс тугагач «йўлини қилиб» гувоҳномани олиб беришади. Шу билан ҳар икки тараф хурсанд: бири ҳайдовчилик гувоҳномасини олади, иккинчиси билимсиз «ўқувчи»дан осон қутулади.

Менимча, ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш тизимини ўзгартириш керак. Гувоҳномани олишни хоҳлайдиганларга талабларни қийинлаштириш керак.

Хорижда юрган ватандошларимиз ижтимоий тармоқларда Европада, АҚШ ва Канадада ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш осон эмаслиги, бу учун такрор-такрор имтиҳон топширишларини айтишади.

Ҳайдовчиларнинг маҳорати камлигига биргина мисол: жорий йил январь ойида Қарши-Самарқанд йўлининг Нуробод туманидан ўтган қисмида юз берган ЙТҲ оқибатида бир неча ўн автомобиль жиддий зарар кўради. Юзлаб автомобиллар бир неча соат тирбандликда қолиб кетди.

Ана шу ЙТҲга ҳайдовчиларнинг маҳорати камлиги сабаб бўлган. Йўл музлама бўлган ва қалин туман қоплаган ҳолатда улар ўзаро оралиқ масофани сақламаган ҳолда ҳаракатланган. Оқибатда, бузилиб тўхтаб қолган юк машинасига аввал биринчи, кейин иккинчи автомобиль урилган, қолганлари ҳам худди киноларда кўрсатиладигандай уларнинг ортидан келиб урилаверган.

Тўғри, ҳайдовчи минг маҳоратли бўлмасин бундай ноқулай об-ҳавода автомобилни бошқара олмай қолиши мумкин, лекин ҳайдовчилар маҳоратли бўлганида жабрланган инсонлар ва шикастланган автомобиллар сони камроқ бўлиши мумкин эди.

Йўллар

Минг афсуски, сифатли йўлларимиз бор деб мақтана олмаймиз. Айнан сифатсиз йўллардаги «яма»ни четлаб ўтаман деб қарама-қарши йўналишдан келаётган автомобиллар қаршисига ёки йўлнинг четига чиқиб кетиш, пиёдалар устига ҳайдаб юбориш каби ҳолатларга ҳайдовчи сифатида тез-тез гувоҳ бўламан. Йўлнинг сифатсиз қисмида шинаси ёрилиши ёки бошқа қисмига зарар етиши оқибатида ҳаракатланиб кетаётган автомобилнинг бирданига тўхтаб қолиши ёки йўлнинг қарама-қарши томонига ўтиб кетиши оқибатида ҳам ЙТҲ содир бўлади. Шундай экан, сифатсиз йўллар ҳам автоҳалокат содир бўлишига ва одамлар ҳалок бўлишига сабаб бўлади.

Узоққа бормайлик, йўлнинг ҳолатидан қатъи назар, унда қаторларни ажратиб турувчи чизиқларнинг сифатли чизилиши ЙТҲни бирмунча камайтиради. Айниқса, тунда чизиқларнинг аҳамияти жуда катта, чунки аксарият ҳайдовчилар кечаси ўша чизиқларни мўлжаллаб юради. Шундоғам сифатсиз йўлларимизда ҳеч бўлмаса оддий чизиқнинг кўринадиган қилиб чизилмагани афсусланарли. Шунингдек, йўл белгилари масаласида ҳам муаммолар бор.

Пиёдалар, пиёдалар, пиёдалар

ЙТҲ натижасида ҳалок бўлганларнинг бир қисмини пиёдалар ташкил этади. Пиёдалар йўлакчасини кесиб ўтаётганда ҳам машина уриб кетиб ҳалок бўлганлар оз эмас. Айнан пиёдаларга йўл бермасликда бизнинг ҳайдовчилар «олди қаторларда туради». Кўчаларда пиёдалар йўлакчасини кўп кузатаман: одамлар светофор билан тартибга солинмайдиган пиёдалар йўлакчасида «зебра»нинг устига чиқиб кўчада автомобиллар оқимининг ўтиб бўлишини кутади. Кўча бўшагандан кейин ҳам йўлакча устидан кўпинча югуриб ўтишади, чунки келаётган машина пиёдалар йўлакчасига яқинлашганда нафақат тўхтамаслиги, ҳатто секинлашмай пиёдани босиб кетиши мумкин.

Икки-уч қаторли йўлларда биринчи қатордаги улов пиёдага йўл берса, иккинчи ёки учинчи қатордаги бошқаси пиёдани уриб юбориш ҳам биз учун янгилик эмас.

Умуман олганда, мамлакатимизда пиёдаларга осон эмас, айниқса, ногиронлик аравачасидан фойдаланадиган ёки кўзи ожиз инсонларнинг бизнинг шаҳар кўчаларида ҳаракатланиши жуда қийин. Йўлларимизда улар учун деярли ҳеч қандай шароит йўқ.

Албатта, пиёдаларни ҳам бу масалада айбсиз деб бўлмайди. Кўчани белгиланмаган жойдан кесиб ўтиш, пиёдалар йўлакчасидан ўтаётганда қулоққа қулоқчин тақиб, телефонга термилиб юриш – буларнинг барчаси ЙТҲ хавфини ошириб бораверади.

Мастлик ва тезлик

Бугун аксарият ҳайдовчилар йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималар миқдори жуда юқори белгиланган деб нолийди. Жарималар баландлиги бор гап, лекин сўнгги йилларда ЙТҲ маълум миқдорда камайиб келаётган бўлса ҳам йўл ҳаракати қоидаларини бузиш камаймаяпти. Ҳайдовчилар бир тарафдан жарималар миқдори жуда баландлигидан норози, иккинчи томондан эса ўзлари онгли равишда қоидани бузаверишади.

Қоида бузиш-бузмаслик ҳар бир ҳайдовчининг ўзига боғлиқ. Агар ҳайдовчи ўзи хоҳласа, қоидани умуман бузмасдан ҳам автомобиль бошқара олади. Ҳамма гап хоҳишда ва автомобилга ўтирганда ҳиссиётларни енгиб олишда.

Энди, белгиланган жазо чораларига келсак. Мен айнан тезликни ошириб ёки автомобилни маст ҳолда бошқариб, хоҳ кўчадаги пиёданинг, хоҳ автомобиль салонида ҳамроҳ бўлиб кетаётган инсонларнинг умрига зомин бўлган ҳайдовчиларни қонунда белгиланган жазо чораларидан ташқари бир умрга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тарафдориман.

Ҳозир тафсилотларини келтириб ўтирмайман, аммо бир нечта юқори тезликда ёки маст ҳолатда автомобиль бошқариб инсон ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчилар Ёшлар иттифоқи кафиллиги билан ёки жабрланувчи томонларнинг ўз даъвосидан кечиши туфайли арзимаган жазо олган ҳолатларни кўрганмиз. Тўғри, улар жиддий жазо олмаган бўлса ҳам, маълум муддатга автомобиль бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиняпти. Аммо бутун бошли тирик одамнинг ҳалок бўлишига сабаб бўлган ҳайдовчилар умрбод ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши лозим. Ана шунда маст бўлиб ёки тезликни ошириб автомобиль бошқарадиганлар ўйлаб иш қилади.

Албатта, кимларгадир бу оғир жазо бўлиб туюлиши мумкин, лекин қоидаларни қўпол тарзда бузган ҳайдовчилар сабабли ҳалок бўлиб кетаётган инсонларнинг ҳам бу ҳаётда яшашга ҳаққи борлигини ва уларнинг ҳеч бир сабабсиз ҳалок бўлиб кетаётганини инобатга олсак, жазо адолатсиз бўлмайди. Қолаверса, ЙТҲ натижасида бировнинг ўлимига сабаб бўлаётган ҳайдовчилардан жонга жон сўралмайди, балки бошқа автомобиль бошқармаслиги белгиланади.

Ҳайдовчилар ўртасида ҳурматсизлик

Агар сиз пиёда бўлсангиз ёки ҳар доим жамоат транспортидан фойдалансангиз, ҳайдовчиларнинг кўчада автомобиль бошқариш жарёнида нақадар асабийлашиб юришларини билмайсиз. Умумий манзара шуки, бизда аксарият ҳайдовчилар нафақат ўзи билан ёнма-ён ҳаракатланётган ҳайдовчиларни, балки кўча ҳаракатининг бошқа қатнашчиларини ҳам ҳурмат қилмайди ва одоб билан муносабатда бўлмайди. Бунинг натижасида бир ҳайдовчи озгина эҳтиётсизликка йўл қўйса, бошқа бир ҳайдовчи уни ҳақорат қилади ёки унинг ҳаракатланишига халақит бериб, йўлнинг четига чиқариб юборишга уринади.

Айрим ҳайдовчилар оқибатини ўйламай, арзимаган ҳолатда қасд олишга уринади. Умумий манзарада бу ҳолат автоҳалокатга, энг даҳшати ОДАМ ЎЛИШИГА сабаб бўлади...

Ғайрат Йўлдош

Мавзуга оид