Ўзбекистон | 14:37 / 18.02.2020
6052
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Венгрия делегациясини қабул қилди

Учрашувда ҳудудлараро алоқаларни ривожлантириш, банк, транспорт соҳаларига оид дастурларни амалга ошириш, юқори малакали мутахассислар тайёрлаш истиқболлари муҳокама қилинди

Фото: Президент матбуот хизмати

18 февраль куни Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги йиғилишини ўтказиш учун амалий ташриф билан мамлакатда бўлиб турган Венгрия ташқи иқтисодий алоқалар ва ташқи ишлар вазири Петер Сийярто бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, давлат раҳбари Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги анъанавий дўстлик ва кўп қиррали шериклик муносабатлари охирги йилларда изчил ривожланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этди.

Турли даражада самарали мулоқотлар йўлга қўйилди. Мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми ўтган йил якунларига кўра 45 фоизга ортди. Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, фармацевтика ва бошқа тармоқларда қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Таълим, маданият ва туризм соҳасидаги алмашинувлар кенгаймоқда.

Петер Сийярто самимий қабул учун Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдириб, Венгрия бош вазири Виктор Орбаннинг энг эзгу тилакларини етказди.

Учрашувда икки томонлама ҳамкорлик ва минтақавий, жумладан, Европа иттифоқи билан мулоқот форматидаги шерикликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Венгриянинг етакчи компаниялари илғор тажрибаси ва замонавий технологияларини жорий этган ҳолда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда уларни молиялаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳудудлараро алоқаларни ривожлантириш, банк, транспорт соҳаларига оид дастурларни амалга ошириш, юқори малакали мутахассислар тайёрлаш истиқболлари муҳокама қилинди.

Бўлажак олий даражадаги учрашувлар режаси ҳам кўриб чиқилди, дейилган маълумотда.

Бундан олдин, Абдулазиз Комилов Петер Сийярто билан учрашганди.

Мавзуга оид