Ўзбекистон | 20:46 / 18.02.2020
43298
2 дақиқада ўқилади

Янгийўл туманига янги ҳоким тайинланди

Тошкент вилоятининг яна бир туманида раҳбар ўзгарди. Янгийўл тумани ҳокими Абдуқаҳҳор Тўхтабоев лавозимидан озод этилди.

Бугун, 18 февраль куни Халқ депутатлари Янгийўл тумани Кенгашининг навбатдан ташқари учинчи сессияси бўлиб ўтди. Сессия ишида Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Шерзод Кудбиев иштирок этди.

Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Сессия ишида ташкилий масала кўрилган. Кун тартибидаги масала бўйича вилоят ҳокими Рустам Холматов сўзга чиқиб, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан амалга оширилган ишларни танқидий таҳлил қилди, туманда қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланишда йўл қўйилаётган хато-камчиликлар, ҳудуднинг улкан салоҳиятини рўёбга чиқариш бўйича муаммоли ҳолатлар ҳақида тўхталиб ўтилди.

Музокаралардан сўнг вилоят ҳокимининг Янгийўл тумани ҳокими Абдуқаҳҳор Абдусатторович Тўхтабоевни эгаллаб турган вазифасидан озод этиш тўғрисидаги қарори депутатлар томонидан тасдиқланди.

  • Асли прокуратура соҳаси вакили бўлган, 2015-2017 йилларда Навоий вилояти прокурори лавозимида ишлаган Абдуқаҳҳор Тўхтабоев 2017 йилнинг июлида Янгийўл туманига ҳоким этиб тайинланганди.

Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабарига кўра, Улуғбек Усарович Ялгашев номзоди Янгийўл тумани ҳокими вазифасини бажарувчи лавозимига тавсия этилган ва у Янгийўл тумани ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.

Янгийўл тумани ҳокими в.б Улуғбек Ялгашев / Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Улуғбек Ялгашев 1973 йилда Самарқанд вилояти Пайариқ туманида туғилган. Миллати ўзбек. 1994 йилда Самарқанд давлат меъморчилик институтини, 2002 йилда Тошкент молия институтини тамомлаган. Меҳнат фаолияти давомида Молия вазирлигининг вилоятлардаги бошқармалари ҳамда Ўзбекистон Ҳисоб палатасида турли вазифаларда ишлаган.

Ушбу лавозимга тайинлангунга қадар Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасида бош инспектор сифатида фаолият юритган.

Мавзуга оид