Жамият | 14:50 / 19.02.2020
31287
3 дақиқада ўқилади

Андижонда коллеж ўқитувчилари 500$, Наманганда ОТМ котибаси 200$ пора билан ушланди

Ўқитувчилар коллежга ўқишга келмай диплом олиб беришни ваъда қилган бўлса, университет котибаси декан ёрдамчиси лавозимини таклиф қилган – Бош прокуратура.

Фото: kp.ru

Бош прокуратура матбуот хизмати идора ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти томонидан сўнгги кунларда аниқланган жиноятлар ҳақида маълумот берди.

Андижонда коллеж ўқитувчилари 500 доллар билан қўлга тушди

Андижон 2-маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ва Андижон ижтимоий-иқтисодиёт ва педагогика коллежи ўқитувчилари Г.А ва З.Қ.лар фуқаро М.га ўрта-махсус маълумотни берувчи коллежни тамомлаганлиги ҳақидаги дипломни ўқув машғулотларига қатнашмасдан олиб бериш эвазига 500 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далил билан ушланди.

Г.А. ва З.Қ.ларга нисбатан жиноий иш қўзғатилди.

Тезкор тадбир Департаментнинг Андижон шаҳар бўлими томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилди.

Наманганда котиба 200 доллар олаётганда ушланди

Наманган давлат университетида котиба лавозимида ишловчи С.Э. фуқаро Н.А.нинг ишончига кириб, уни алдаб, шу университетга декан ёрдамчиси вазифасига ишга киритиб қўйиш эвазига 200 АҚШ доллари ва 1,9 млн. сўмни олган вақтида ашёвий далил билан ушланди.

С.Э.га нисбатан жиноят иши очилди.

Тезкор тадбир Департаментнинг Наманган вилояти бошқармаси томонидан ўтказилди.

Пахтачида олтин моддасини ажратиб олиш билан шуғулланиб келаётган яширин цех фаолиятига чек қўйилди

Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида фуқаро Ж.У. ва бошқалар «Навоий кон-металлургия комбинати» ДКга қарашли «Қорақўтон» тоғ тизмаси ҳудудидан таркибида қимматбаҳо олтин моддаси бўлган тош хом ашёсини ўғирлик йўли билан ковлаб олиб келгани аниқланди.

Маълум бўлишича, улар хом ашёни ўзлари ташкил этган яширин цехда қайта ишлаб, олтин моддасини ажратиш ва сотиш фаолияти билан шуғулланиб келган.

Тезкор тадбир давомида улардан 237та қопда таркибида маълум миқдорда олтин моддаси бўлган 4 тонна тоғ жинслари ашёвий далил сифатида олинди.

Ҳолат юзасидан А.У. ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Тезкор тадбир Департаментнинг Пахтачи туман бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилди.

Мавзуга оид