Жаҳон | 21:48 / 21.02.2020
153795
7 дақиқада ўқилади

Жанубий Корея коронавируснинг учинчи ўчоғига айланди. Сўнгги маълумотлар

Жанубий Корея коронавирус тарқалиши бўйича дунёда учинчи катта ўчоққа айланди. Бунга икки бора ташхислардан бош тортган маҳаллий секта аъзоси сабабчи бўлди.

Daegu Metropolitan City Namgu / AFP / Scanpix / LETA

Жанубий Кореяда янги коронавирус юқтиришнинг 204та ҳолати қайд этилди. Мамлакат эпидемия кўлами бўйича дунёда Хитой (75 мингдан ошиқ бемор) ва Япониядан (700дан ортиқ зарарланиш) кейинги учинчи йирик ўчоққа айланди.

Жанубий Кореяда вирусдан зарарланганлар сони ҳафта бошида 30 нафардан ошмасди, аммо пайшанба кунига қадар рақам 100га етиб, жума кунги ҳолатга кўра 200дан ортди. Шундан сўнг, бош вазир Чон Се Гун мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилди. Сеулдан 300 км узоқликда жойлашган, 2,4 миллион аҳоли яшовчи Тэгу шаҳри Covid-19’нинг бу мамлакатдаги асосий ўчоғи бўлиб турибди. 

Жанубий Корея расмийлари касалланишнинг 204 ҳолатидан камида 144тасини Синчонджи христиан диний ташкилоти билан боғламоқда. Ташкилотга 1984 йилда ўзини Исо Масиҳнинг янги тимсоли деб атовчи воиз Ли Ман Хи томонидан асос солинган.

Фото: GETTY IMAGES

Секта деб ҳисобланувчи ушбу ташкилот умумий ҳисобда турли мамлакатларда 200 мингдан ортиқ издошларига эга. Хабарларга кўра, Синчонджи аъзолари хизмат пайтида жисмоний алоқа қилишади ва касалликларга бефарқ эканликлари айтилади. Улар абадий ҳаётга ишонишади, уларнинг наздида фақат иймони заиф кишилар касал бўлади ва ўлади.

Тэгу шаҳрида коронавирус тарқалишининг сабабчиси деб Синчонджининг 61 ёшли издоши ҳисобланмоқда. Касаллик аломатлари унда 10 февраль куни юзага келган, аммо хабарларга кўра, у чет элга чиқмаганини важ қилиб, вирус таҳлилидан икки марта бош тортган. Аёл 18 февралдаги қатъий Covid-19 ташхисигача камида иккита диний маросимда қатнашишга улгурган. У Жанубий Кореяда коронавирус билан касалланган 31-шахс бўлди ва ҳозирда ушбу вируснинг мамлакатдаги аниқланган асосий тарқатувчиси бўлиб турибди. Унинг ўзи кимдан юқтиргани ҳақида ҳозирча маълумот йўқ. 

Синчонджнинг якшанба кунлари ўтадиган диний маросимларида у билан бирга мингдан ортиқ одам қатнашган. Ҳозирда тахминан 9 минг аъзодан барча алоқаларни тўхтатиш сўралган ва коронавирусга текширув бошланган. Аллақачон ушбу сектанинг 544 аъзоси ўзларида инфекция аломатлари ҳақида хабар қилишган, аммо ҳали аниқ ташхислар қўйилмаган. Синчонджи Тэгу шаҳридаги ўз жамоаси фаолиятига чек қўйди, ибодат ва йиғилишлар тўхтатилди (улар онлайн тарзда ўтказилади) ва кечирим сўраб, Тэгу жамоасининг аъзоси касаллик аломатларини одатий шамоллашга йўйганини тушунтирди. Синчонджи асосчиси воқеаларни «иблиснинг ҳийлалари» деб атади, издошларини йиғилмасликка ва расмийларнинг кўрсатмаларига риоя қилишга чақирди. 

Коронавирус тарқалиши туфайли Тэгу — Жанубий Кореянинг тўртинчи йирик шаҳри — «алоҳида эътибор ҳудуди» деб эълон қилинди. У ерга қўшимча шифокорлар, ётоқ ва тиббий жиҳозлар юборилди. Тэгу шаҳри мэри вазиятни «мисли кўрилмаган инқироз» деб атади ва аҳолини заруратсиз кўчага чиқмасликка чақирди. Касалхоналарда зотилжам билан оғриган барча беморлар текширилмоқда, болалар боғчалари ва кутубхоналар ёпилган, кекса одамларга ёрдам кўрсатиш марказлари устидан назорат кучайтирилган, ҳарбий қисмларга кириш чекланган. Фуқаролар Тэгу иккинчи Уханга айланиши мумкинлигидан хавотирда. 

Фото: AFP/GETTY IMAGES

Тэгудан ташқари, унга қўшни бўлган кичик Чхондо шаҳри ҳам «алоҳида эътибор ҳудуди» деб эълон қилинган. Маҳаллий шифохонада коронавирус юқтирган 16 киши аниқланди, улардан бири вафот этди (Жанубий Кореяда янги вирус сабаб бўлган икки ўлимнинг биринчиси эди). Маъмурлар коронавирус инфекциянинг ушбу ўчоғи Тэгу шаҳридаги «31-сонли бемор» билан боғлиқлигини текширмоқда. Дастлаб хабар қилинишича, у Синчонджи жамоасининг бошқа аъзолари билан феврал ойи бошида секта асосчиси акаси вафоти туфайли Чхондо касалхонасига дафн маросимига келган. Маросим 31 январдан 2 февралгача давом этган. Кейинроқ расмийлар аёлнинг Чхондода бўлганини, аммо касалхонага бормаганини таъкидлашган.

Хитойда ва бошқа мамлакатларда аҳвол қандай?

Сўнгги маълумотларга кўра, Хитойда 2 236 киши коронавирусдан вафот этган ва касалланганларнинг умумий сони 75 мингдан ошади.

Вирус Хитой қамоқхоналарига етиб борган ва 500дан ошиқ маҳбусга юққан. 

Осиёнинг турли мамлакатлари, Европа, АҚШ ва Африкада 1000дан ортиқ янги ҳолатлар ва бир нечта ўлим қайд этилди.

«Даймонд Принцесс» круиз кемаси эвакуацияси қандай кетмоқда?

EPA/MAK REMISSA

Икки ҳафталик карантиндан сўнг, «Даймонд Принцесс»нинг вирус ташхиси қўйилмаган йўловчилари Йокогамада кемани тарк этишни давом эттирмоқда. 

Австралиянинг 150дан ортиқ фуқаролари лайнердан эвакуация қилинди ва аллақачон Дарвин шаҳрига етиб боришди, у ерда улар яна икки ҳафта карантинда бўлишади. 

Жума куни Австралия маъмурлари хабар беришича, келганларнинг олти нафари безовталик ҳақида шикоят қилишган ва уларнинг иккисида коронавирус қайд этилган, ваҳоланки Япониядан кетишдан олдин олинган таҳлилларда инфекция аниқламаганди. 

Ҳонгконглик йўловчиларнинг биринчи гуруҳи уйларига қайтишди ва карантинни давом эттиришмоқда. 

«Даймонд Принцесс» бортида бўлган 70дан ортиқ британияликларнинг эвакуацияси жума кунидан шанбага қолдирилди. Ташувчи самолёт Уилтширдаги ҳарбий базага қўниши керак ва йўловчилар у ердан 14 кунлик карантин учун Уиррал шаҳридаги касалхонанинг махсус бўлимига олиб борилади.

Кема бортида касаллик ташхиси қўйилган тўрт нафар британиялик ҳозирча Британияга қайтарилмайди.

Италияда уч бемор

Жума куни Италия шимолидаги Лоди шаҳрида учта коронавирус юқтириш ҳолати аниқланди. Хабар қилинишича,  беморлардан бири, 38 ёшли эркак, вирусни яқинда Хитойдан қайтган дўсти билан кечки овқат ейиш пайтида юқтирган.

Қолган икки бемор унинг ҳомиладор хотини ва у билан яқин алоқада бўлган яна бир киши.

Мавзуга оид