Жамият | 18:26 / 23.02.2020
37725
5 дақиқада ўқилади

Нигора Ҳакимова: «Аёлни тарбиялай олсак, тўйлар бўйича қарорга ҳам ҳожат қолмасди»

Жамиятда аёлни тарбия қила олсак, бунинг ортидан кўп муаммолар ўз-ўзидан ечимини топиб кетади, дейди Оксфорд университетининг Исломшунослик маркази тадқиқотчиси Нигора Ҳакимова.

Kun.uz Англияга сафари мобайнида Оксфорд шаҳрида ҳам бўлиб, бу ердаги нуфузли Исломшунослик марказида илмий изланиш олиб бораётган илк ўзбекистонлик аёл билан интервью ташкил қилди.

– Аёл ва илм-фан. Бу масалада фикрлар турлича. Масалан, аёл уйда рўзғор ишлари билан машғул бўлишининг ўзи етарли, деган қараш бор. Бу борада сизнинг фикрингиз қандай?

– Бу масалада умумий якдил фикр йўқ. Буни ҳар бир аёл ўз шароити, қобилиятидан келиб чиқиб ҳал қилади. Агар оила, фарзандлар, эри, эрининг қариндош-уруғларига хизмат қилиб, ўзбекона чиройли оиланинг бекаси бўлишни танласа ҳам, жамият учун жуда катта фойдаси тегади, дея оламиз.

Лекин агар аёлнинг ўзида қобилият, истак бўлса, албатта бундай аёлларни қўллаб-қувватлаш керак, деб ўйлайман. Чунки хоҳлайсизми-йўқми, оилада фарзандлар тарбияси, рўзғорга қараш масалаларининг катта қисми аёлнинг зиммасига тушади. Шунинг учун ҳам ён-атрофдагиларнинг қўллаб-қувватлашисиз аёл кишига қийинроқ бўлади.

Ўзимдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, турмушга чиқмасимдан олдин ота-онам қандай қўллаб-қувватлаган бўлишса, турмушга чиққанимдан кейин хўжайиним, қайнона-қайнотам менинг бу соҳадаги фаолиятимни қўллаб-қувватлаб келишяпти. Уларнинг ёрдами билан илмий иш қилишга, ўзимнинг кичик бўлса-да ҳиссамни қўшишга ҳаракат қилиб келяпман.

Қолаверса, ислом динида илм олиш ҳар бир мусулмон учун фарз. У хоҳ аёл киши бўлсин, хоҳ уй бекаси ёки бошқа соҳа эгаси – илм олиши керак. Ҳеч бўлмаганда ўзига хос бўлган илм олиш керак – аёлларга, оила ва фарзандлар тарбиясига хос масалалар бор. Шунинг учун илм олишни соҳасидан қатъи назар чегараламаслигимиз керак. Уй бекаси бўлган тақдирда ҳам, ҳар бир аёлнинг китоб ўқишга шароити бўлиши керак, деб ҳисоблайман.

Жамиятда аёлни тарбия қила олсак, бунинг ортидан кўп муаммолар ўз-ўзидан ечимини топиб кетади.

Ҳозир тўйларни ихчамлаштиришга, исрофгарчилик қилмасликка катта эътибор бериляпти. Лекин бундай олиб қарасангиз, буларнинг ҳаммаси ортида барибир аёл киши туради. Аёлни тарбиялай олсак, бу ҳақда қарор қабул қилишга ҳам эҳтиёж қолмаган бўларди, деб ўйлайман.

Шунинг учун энг биринчи навбатда аёлларимизни тарбиялашимиз керак, уларни билимга, китобга бўлган муҳаббатини оширишимиз керак.

– Исломшунос олима сифатида ажралишлар сони ошиб бораётганининг сабабларини нималарда кўрасиз?

– Афсуски, ажралишлар сони жуда ҳам кўпайиб боряпти. Энг кўп тилга олинадиган сабаблардан биттаси – «характерларимиз тўғри келмади, бир-биримизни тушунмаяпмиз» дейишади. Балки, бу фақат умумий баҳона холосдир.

Шунинг учун қайнона-қайнота ёки ажрим жараёнларида бевосита қатнашадиган отинойиларимиз келин ва куёв билан айнан фиқҳий масалалар бўйича ҳам суҳбатлар олиб бориши керак, деб ўйлайман. Характеримиз мос келмади, деган умумий баҳонанинг остидаги асл сабабни, муаммо илдизи нимадалигини очиб бериш ҳам улардан маҳорат, билим ва кўникмаларни талаб қилади.

Қолаверса, баъзида аёллар, баъзида эркаклар жуфтида поклик масаласига эътибор бўлмаганини яшириб, ажралишга сабаб сифатида умумий баҳонани айтишади. Ваҳоланки, эркак ва аёл муносабатларида покликнинг биринчи ўринда бўлиши – динимизнинг энг асосий кўрсатмаларидан ҳисобланади.

Бу сабаб арзимасдек бўлиб кўриниши мумкин, лекин катта муаммолар замирида ҳам шу арзимас сабаблар, динимиздаги йўл-йўриқларни билмаслик ётган бўлиши мумкин. Бу масалаларни аввало она, турмушдан кейин қайнона ўргатиши керак.

Баъзида оналаримизнинг ўзлари ҳаё қилишади, кейин улар қайнонанинг қўлига бориб тушади, лекин қайнона ҳам қайсидир сабабларга кўра бу нарсадан узоқ бўлгани учун ёшлар шу сабаб билан ажралиш ҳолатига келиб қолаётган бўлиши ҳам мумкин. Бу ҳам ажрим омилларидан бири.

Нигора Ҳакимова Оксфордда олиб бораётган илмий тадқиқоти, исломшунослик илмини аёлларга ўқитиш масалалари, фарзандлари ўқиётган Оксфорддаги мактаблар, ғарб маданияти ичида фарзанд тарбиялаш ва келгуси режалари ҳақида ҳам сўз юритди. Суҳбатни тўлиқ ҳолда Kun.uz'нинг YouTube'даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид