Президентнинг Туркияга сафари, коронавируснинг янги ўчоқлари, Яқин Шарқдаги кескинлик ва ҳафтанинг бошқа хабарлари
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркияга сафари давомида ўзаро савдо ҳажмини ошириш, Ўзбекистонда турк университетлари ва турк тиббиёт муассасалари филиалларини, шунингдек, турк инвестицияси асосидаги корхоналар очиш бўйича келишувларга эришилди. Коронавирусдан зарарланиш темпи Хитойда пасайди, лекин Жанубий Корея ва кутилмаганда Италияда вирусдан зарарланганлар сони ошиб кетди. Сурияда эса ҳарбий ҳаракатлар авжига чиқмоқда, Туркия ва Россия ўртасида тўқнашув рўй бериш эҳтимоли йўқ эмас.
Якунланаётган ҳафта ҳам барча ҳафталарда бўлганидек муҳим жараёнларга бой бўлди, жаҳоннинг турли нуқталарида ҳам, Ўзбекистонда ҳам эътиборга молик воқеалар бўлиб ўтди. Kun.uz ўтган ҳафтанинг энг асосий ва диққат марказида турган мавзулари бўйича ҳафталик дайжестни тақдим этади.
Туркияга сафар
19-20 февраль кунлари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикасига расмий ташрифини амалга оширди. Ташриф доирасида президент Туркия ишбилармон доиралари ва компания вакиллари билан учрашди, учрашувда келгусидаги лойиҳалар муҳокама қилинди, Ўзбекистонда турк университетлари филиали, янги клиникалар ва бошқа йўналишлар учун инвестициялар. Туркиянинг йирик инвесторлари Ўзбекистонга кириб келиши бўйича режалар белгилаб олинди.
- Туркия савдо палаталари ва биржалари уюшмаси президенти Рифат Хисарчиклиўғлининг айтишича, 19 февраль куни имзоланган битим бўйича яқин орада Ўзбекистонда Туркия университети филиали очилади.
- Сурхондарё вилоятида аввалроқ тиббий клиника ташкил қилган Туркиянинг «Канимед Сағлиқ Чўзумлери» компанияси эндиликда Урганч ва Термиз шаҳарларида замонавий типдаги туғруқхоналар очиши кутилмоқда. Бу борада компания бошқарув кенгаши раиси Филиз Марашиўғли Ўзбекистон президентидан клиникалар очиш учун ер майдони, давлат ва хусусий сектор шерикчилиги борасида қонунчиликнинг такомиллаштирилишини сўраб мурожаат қилди.
- «Дуньягоз» компанияси бош директори Эрай Капичиўғлининг кўз касалликлари клиникасининг филиалини очиш бўйича тайёргарлик ишлари олиб борилади.
- «Баҳчишеҳир» университети асосчиси ва раиси Анвар Южел ҳам Ўзбекистонда ўз университетини очиш истагини билдирди. Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда «Баҳчишеҳир» университети дунёнинг 7та давлатида, жумладан, Истанбул, Берлин, Вашингтон, Грузия ва Кипрда филиалларига эга. Президент ушбу масалага тегишли ечим топишни Ўзбекистоннинг Туркиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Алишер Аъзамхўжаевга топшириқ қилиб берди. Ўзбекистонда Анвар Южел билан ҳамкорлик қилишни истовчи тадбиркорлар кўплиги ҳам қўшимча қилинди.
- Туркиянинг мис, олтин, кумуш, қўрғошин қазиб чиқариш билан шуғулланувчи «Eczacıbaşı group» компанияси бошқарув кенгаши раиси Булент Экзачибаши компания Ўзбекистонга инвестиция киритишни режалаштираётганини айтиб ўтди. Шавкат Мирзиёев ушбу тадбиркорнинг Ўзбекистонда бизнес бошлаши учун керакли шароитлар яратиб берилишини маълум қилди ва бу масала бўйича ўз маслаҳатчиси Равшан Ғуломовга керакли топшириқлар берилганини айтди.
«Тошкентга борганингиздан кейин ҳеч қандай бюрократияларсиз иш бошлашингиз мумкин», деди президент.
Бундан ташқари, Туркиянинг «Ronesans Holding» компанияси Олмалиқ тоғ-кон металлургия комбинатига 4,1 миллиард доллар миқдорида тўғридан-тўғри инвестициялар киритади. Шунингдек, «Ўзбекистон металлургия комбинати» акциядорлик жамиятини модернизация қилиш ва ривожлантиришга 630 миллион евро ажратиш, шифохоналар ва савдо марказлари қуриш бўйича қарийб 3 миллиард долларлик янги лойиҳаларни амалга ошириш тўғрисида келишувларга эришилган.
Маҳалла вазирлигидаги тайинловлар
Президентнинг 18 февраль кунги «Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилди.
Якунланган ҳафта давомида вазирлик раҳбари ва унинг ўринбосарлари кимлар бўлиши аниқ бўлди:
- Вазир — Раҳмат Маматов, муқаддам «Маҳалла» хайрия жамоат фонди раиси;
- Вазирнинг биринчи ўринбосари — Эльмира Боситхонова, муқаддам Хотин-қизлар қўмитаси раиси;
- Вазир ўринбосари — Содиқжон Турдиев, муқаддам «Нуроний» жамғармаси раиси;
- Вазир ўринбосари — Ботир Парпиев, муқаддам «Маҳалла» кенгаши раиси ўринбосари;
- Вазир ўринбосари — Азизбек Икромов, у бир пайтда Ички ишлар вазирининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари сифатида ҳам фаолиятини давом эттиради.
Бундан ташқари, республиканинг барча ҳудудларида вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи ва бошлиқ ўринбосарлари тайинланди. Бошқарма бошлиғи вилоят ҳокими ўринбосари ҳам ҳисобланади.
Эътиборли жиҳати, улар орасида ички ишлар соҳаси вакиллари кўпчиликни ташкил этади.
АҚШда президентлик пойгаси
АҚШ президентлиги сайловларида навбатдаги праймеризлар бошланиши арафасида Америка разведкаси вакили Конгресс Вакиллар палатасининг разведка бўйича қўмитасига Россия Дональд Трампга қайта сайланиши учун кўмак кўрсатишга ҳаракат қилаётгани тўғрисида маълумот етказди.
New York Times нашрининг аноним манбаси маълумотига кўра, бу ҳақда ўтган ҳафтада қўмитада ўтказилган яширин брифингда маълум қилинган. Маълум бўлишича, бу брифингдан хабар топганидан кейин Трамп жаҳл отига минган ва АҚШ миллий разведка бошқармаси директори вазифасини вақтинча бажарувчи Жозеф Магуайрни лавозимга тасдиқламаган. Кўп ўтмай Трамп АҚШ миллий разведка бошқармаси директори вазифасини бажарувчи лавозимига Ричард Гренеллни тайинлагани маълум бўлди. У бунга қадар АҚШнинг Германиядаги элчиси бўлган ва разведка соҳасида тажрибага эга эмас, аммо у ўзини содиқ трампчи сифатида намоён этади.
Шу вақтда Трампнинг бошқа бир сафдоши Рожер Стоун 2016 йил Россиянинг АҚШдаги сайловларга аралашуви бўйича берган гувоҳлигида ёлғон кўрсатма бергани учун 40 ойга қамалди. Стоун Москва билан боғлиқ ишда ёлғон гувоҳлик беришда айбланган Трампнинг олтинчи яқин одами бўлди.
Жулиан Ассанжнинг адвокати эса АҚШ президенти Дональд Трамп Wikileaks асосчисига 2016 йилги президентлик сайловларига Россиянинг аралашуви бўйича маълумотни рад этиш эвазига афв ваъда қилгани ҳақида гапирди.
Унинг айтишича, Трампнинг бу таклифини Ассанжга республикачи конгрессмен, кўплаб масалаларда Россия тарафдори бўлган Дана Рорабахер томонидан етказилган. У Ассанж билан 2017 йил ёзида Эквадорнинг Лондондаги элчихонасида учрашган.
Россия демократларнинг ёзишмаларига аралашувини тан олмайди, аммо 2018 йилда Россия разведкасининг АҚШдаги бир қанча ходимларига айблов эълон қилинди.
Рорабахернинг ўзи Оқ уй топшириғи бўйича эмас, ўз ташаббуси билан ҳаракатланганини айтган.
22 февраль куни Невадада кокуслар бўлиб ўтди. Ҳисоб бўйича учинчи праймеризда ҳам Берни Сандерс етакчилик қилди - у қарийб 50 фоиз олган, иккинчи ўринни собиқ вице-президент Жо Байден эгаллаган.
Энди 29 февраль куни Жанубий Каролинада праймериз бўлиб ўтади.
3 март кунига эса «суперсешанба» белгиланган, шу куни мамлакатнинг 14та штатида (жумладан, энг кўп делегатлар овозини ютиш мумкин бўлган Калифорния ва Техасда ҳам) сайлов бўлиб ўтади.
Коронавирус жаҳонга ёйилмоқда
Якунланаётган ҳафтада Жанубий Корея коронавирус тарқалишининг янги ўчоғига айланди. Айни вақтда бу мамлакатда 600дан ортиқ кишида янги вирус аниқланган, 5 киши ҳалок бўлган.
Якунланаётган ҳафта бошида ҳам Жанубий Кореяда янги вирус билан хасталанганлар сони 30 кишидан камроқ эди, аммо пайшанба куни уларнинг сони 100 кишига етди, жума куни эса 200 кишидан ошиб кетди. Пойтахт Сеулдан 300 километр масофада жойлашган ва 2,4 миллион аҳоли истиқомат қиладиган Тэгу шаҳри COVID-19 коронавирусининг бош ўчоғига айланган.
Шунингдек, кутилмаганда Италияда юздан ортиқ киши коронавирус юқтириб олди, икки киши вирус қурбони бўлди.
Коронавирус Италиянинг жами бешта вилоятида қайд этилган. Касалланиш ҳолати мамлакатнинг бешта вилоятида кузатилган. Венетода 17 нафар, Эмилия-Романье ва Лациода икки нафар, Пьемонтда бир нафар одам коронавирусга йўлиққан. Бутун мамлакатда коронавирус юқтириб олганлар сони 132 нафарга етган, уларнинг 26 нафари оғир аҳволда.
Мамлакатда турли спорт тадбирлари, жумладан, Италия А Серияси ўйинлари қолдирилган.
Италияда коронавируснинг тарқалиши модельер Жоржо Арманининг (Armani компанияси асосчиси) Миланда ўтадиган мода ҳафталиги ёпиқ эшиклар ортида томошабинларсиз ўтадиган бўлди. Vogue мода уйи ахборот хизмати намойишларнинг «Armani.com» ва бренднинг Facebook ҳамда Instagram’даги саҳифаларида трансляция қилинишини маълум қилган. 23 февраль, якшанба кунига 8 та мода уйининг намойиши, жумладан, Dolce & Gabbana тақдимоти ҳам ўтказилиши режалаштирилганди, аммо уларнинг ўтиш ёки ўтмаслиги тасдиқланмаган. AP нашри Италиядаги мода уйларининг аксар қисми COVID-19 янги пневмонияси ушбу бизнесга жиддий зарар келтириши мумкинлигидан хавотирда, сабаби Европа Иттифоқига келувчи хитойлик сайёҳлар мода брендлари савдосининг чорак қисмини харид қилади. Италия мода палатаси (CNMI) 2020 йил биринчи ярим йиллигидаги даромад фоизга пастлашини тахмин қилган.
Коронавирус 2019 йил декабрь охирларида Хитойнинг Хубэй провинцияси Ухань шаҳрида тарқала бошлаган. Коронавирус Хитойнинг материкли қисмидан ташқарида жами 28 мамлакатда кузатилган: АҚШ, Россия, Италия, Франция, Исроил, Эрон, Миср, Испания, Тайвань, Япония ва бошқалар. 23 февраль ҳолатига кўра, бутун дунёда жами 78 724 нафар одам коронавирусга чалинган, уларнинг 2,4 минг нафардан кўпроғи ушбу касалликдан вафот этган. Касалланиш ҳолатларининг 1800таси, ўлим ҳолатларининг 20таси Хитойнинг материк қисмидан ташқарида қайд этилган.
ЖССТ эса эпидемия Африканинг қашшоқ давлатлари бўйлаб ёйилишидан ташвишга тушмоқда.
Суриядаги эскалация
20 февраль куни ҳам Туркия Идлибда икки нафар ҳарбийси ҳалок бўлганини маълум қилди ва бу билан туркларнинг Сурияда шу ойдаги қурбонлари сони 15 нафарга етди. Бундан бироз аввалроқ Россиянинг Суриядаги душман томонларни яраштириш маркази Су-24 бомбардимончилари гуруҳи Идлибдаги айирмачи кучлар позицияларига зарба бергани ҳақида маълумот тарқатганди. Хабарда мухолифат кучлари турк артиллерияси кўмагида Сурия армиясининг Идлибдаги марраларини ёриб ўтишга ҳаракат қилгани айтилади. Туркиядаги нашрларда айтилишича, турк ҳарбийлари Идлибдаги мухолифат кучларини нафақат артиллерия орқали, балки махсус топшириқли жангчилар бўлинмалари ва танклар ёрдамида ҳам қўллаб-қувватламоқда.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған турк армиясининг Сурия ҳукуматига қарши амалиёти «муқаррар» эканини айтди.
«Идлибда ҳарбий амалиёт бошланиши - вақт масаласи», - деди Эрдўған ва Сурия ҳукуматига сўнгги огоҳлантириш берилаётганини таъкидлади.
Шу билан бир вақтда, Анқара Москва билан муносабатларда ўзини тийиб турибди.
Россия суриялик ҳарбийларни қўллаб-қувватлашини маълум қилган.
Россия Федерацияси президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг сўзларига кўра, Анқара Идлибдаги ҳарбий кучларни тарқатиб юбориш ва оғир қуролларни деэскалация зонасидан олиб кетиш шартларини таъминламаган ҳамда Суриядаги жангари гуруҳларга «доимий равишда ҳарбий анжомлар, ўқ-дорилар ва ҳарбий техника» етказиб берилмоқда.
Россия ва Туркия айнан нима истамоқда?
Россия ва Туркия 2018 йил сентябрида тузилган Сочи келишувига амал қилинишини талаб қилмоқда. Унга кўра, Идлиб анклавида қуйидаги шартлар асосида сулҳ тузилган:
- Россия ва Эрон Сурия президенти Башар Асаднинг иттифоқчиси сифатида Сурия ҳарбийлари Идлибдаги анклавга киришига йўл қўймаслик.
- Туркия Асад мухолифатининг бир қисмига иттифоқчи сифатида бу гуруҳларни фронт чизиғидан 20 километр ичкарига олиб кетиш ва «мўътадил мухолифатчилар»ни «Ал-Қоида»га яқин бўлган террорчи гуруҳлардан ажратиш.
- Чегара ҳудудида туркларнинг, россияликларнинг ва эронликларнинг кузатув постлари ўрнатилган — уларнинг ҳар бирига бир неча ўнлаб ҳарбийлар жойлаштирилган.
- Бундан ташқари, анклавдаги мухолифат Идлиб ҳудудидан ўтган иккита асосий трассада: М5 Дамашқ — Ҳалаб ва М4 Латақия — Ҳалаб шосселарида ҳаракат хавфсизлигини (шу жумладан, ҳукуматга қарашли транспорт воситалари ҳаракати) таъминлаши керак бўлган.
Келишув шартлари Туркия томонидан бажарилмаган; Сурия ва Россия ҳам бир неча марта келишувни бузган.
Мавзуга оид
21:04 / 22.12.2024
Туркияда тиббий вертолёт шифохона биносига урилиб, қулаб тушди
12:58 / 22.12.2024
Янги Сурия қандай бўлади: Идлиб кўчаларидан қиёс
11:37 / 22.12.2024
Ўғриликда айбланиб 4 йилдан буён қидирувда бўлган аёл Туркиядан Ўзбекистонга депорт қилинди
20:38 / 20.12.2024