1 мартдан қонунчиликда нималар ўзгармоқда?
Ўз кучини йўқотадиган тангалар, ошириладиган иш ҳақи, пластик кадастр ҳужжати, Аграр университетнинг очиладиган филиаллари.
Kun.uz сайти 2020 йил 1 мартдан бошлаб кутилаётган айрим ўзгаришларни эътиборингизга ҳавола этади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йилнинг 12 декабрдаги «Кўчмас мулк объекти кадастр паспортининг янги намунасини босқичма-босқич жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 987-сонли қарорига асосан кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тизимини янада такомиллаштирилиб, 2020 йил 1 мартдан янги намунадаги пластик шаклда тайёрланадиган кўчмас мулк объекти кадастр паспорти босқичма-босқич жорий этилади:
- Пластик кадастр ҳужжати Тошкент шаҳрида, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида 2020 йил 1 мартдан бошлаб,
- бошқа вилоятларда ва Қорақалпоғистонда 2020-2022 йилларда босқичма-босқич жорий этилади.
Қарорга кўра, кўчмас мулк объектига бўлган мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар вужудга келган, бошқа шахсга ўтган, бекор бўлган ёки кўчмас мулк объектининг ҳуқуқий ҳолати ўзгарганини тасдиқлаш юзасидан мурожаат қилинганда, ариза берувчига давлат хизматлари марказлари орқали янги намунадаги кадастр паспорти берилади.
Маҳалла раиси ва ўринбосарларининг иш ҳақи ошади
Ўзбекистон Республикаси президентининг фармонига мувофиқ жорий йил 1 мартдан маҳалла раиси ва унинг ўринбосарларининг ойлик иш ҳақи ўртача 1,35 бараварга оширилиши белгиланди.
Фуқаролар йиғинлари раислари ва масъул котибларининг ойлик иш ҳақи фонди 2019 йил 1 майдан 1,25 бараварга ва 1 октябрдан 1,2 бараварга оширилган эди.
Эски намунадаги тангалар ва банкнотлар кучини йўқотади
Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 25 сўмлик ва ундан кичик номинал қийматдаги тангалари ва банкнотларини муомаладан қайтариб олиш тартиби тўғрисидаги низомига мувофиқ, эски намунадаги тангалар ва банкнотлар 2020 йил 1 мартдан бошлаб қонуний тўлов воситаси сифатида ўз кучини йўқотади.
Низомга кўра, Марказий банк томонидан муомалага чиқарилган 1994 йил намунасидаги 1 тийинлик, 3 тийинлик, 5 тийинлик, 10 тийинлик, 20 тийинлик, 50 тийинлик, 1997 йил намунасидаги 1 сўмлик, 5 сўмлик, 10 сўмлик, 1999 йил намунасидаги 5 сўмлик, 10 сўмлик, 25 сўмлик, 2000 йил намунасидаги 1 сўмлик, 10 сўмлик, 2001 йил намунасидаги 5 сўмлик, 10 сўмлик номинал қийматдаги тангалар эски намунадаги тангалардир.
Марказий банк томонидан муомалага чиқарилган 1994 йил намунасидаги 1 сўмлик, 3 сўмлик, 5 сўмлик, 10 сўмлик, 25 сўмлик номинал қийматдаги банкнотлар эса эски намунадаги банкнотлар дея эътироф этилади.
Муомаладан қайтариб олинадиган эски намунадаги тангалар ва банкнотларнинг айирбошлаш муддати 2021 йил 1 январгача этиб белгиланган.
Олий таълим муассасаларида Аграр университетнинг ихтисослашган кафедралари филиаллари ташкил этилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида белгиланган вазифаларни 2020 йилда амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан 2020 йил 1 мартдан пахта хомашёси ва бошоқли дон етиштиришда банд бўлмаган майдонларда тупроқ-иқлим шароитлари ва бозор конъюнктурасидан келиб чиққан ҳолда туманларни босқичма-босқич ихтисослаштириш тизими жорий этилади.
Шунингдек, қарор билан тасдиқланган чора-тадбирлар дастурига мувофиқ, 1 мартга қадар мева-сабзавотчилик ва узумчилик, замонавий иссиқхоналарда мева-сабзавот экинларини етиштириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш бўйича юқори малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги олий таълим муассасаларида Тошкент давлат аграр университетининг ихтисослашган кафедралари филиалларини ташкил этилиши кўзда тутилган.
Мавзуга оид
13:59 / 29.10.2024
Камбағалликни қисқартиришда янги дастур, заргарлик буюмлари импортида енгиллик ва чиқинди қарздорлиги учун “жазо” – 1 ноябрдан нималар ўзгаради?
14:36 / 28.09.2024
Оширилаётган иш ҳақи, давлат харидларидаги шаффофлик ва овчилар учун янги тартиб – 1 октябрдан нималар ўзгаради?
14:09 / 26.08.2024
Пенсиялар ошади, ўқувчиларга бепул автобус ва солиқчиларга янги ваколат – 1 сентябрдан нималар ўзгаради?
18:12 / 29.07.2024