Жаҳон | 21:30 / 24.02.2020
48475
8 дақиқада ўқилади

Эрон қўшнилар учун хавф манбаига айланди. Ҳукумат коронавирус бўйича маълумотларни яширмоқдами?

24 февраль куни Осиёнинг яна беш мамлакати - Афғонистон, Баҳрайн, Кувайт, Уммон ва Ироқда COVID-19 коронавирусидан зарарланишнинг илк ҳолатлари қайд этилди. Бу давлатлардаги ҳолатлар Эронда вирус тарқалиши авж олиши билан боғлиқ. Эрон вирус қурбонлари сони бўйича Хитойдан кейинги иккинчи ўринни банд этмоқда.

Фото: AFP

Эрон коронавирус тарқалишининг яна бир ўчоғига айланган. Афғонистон, Баҳрайн, Уммон ва Кувайтда расмийлар шу кунларда Эроннинг Қум шаҳрида бўлиб қайтган фуқароларида янги типдаги коронавирус аниқлангани ҳақида маълумот берган.

Ироқ соғлиқни сақлаш вазирлиги эса мамлакат жанубидаги Нажаф шаҳрида бир кекса эронликда ҳамда бир ироқлик талабада коронавирус аниқлангани ҳақида маълумот берди.

Озарбойжонда икки киши коронавирус юқтиргани гумонланган ҳолда шифохонага ётқизилган. Улардан бири Эрон фуқароси, иккинчиси яқинда Эрондан келган озарбойжонликдир. Улар билан алоқада бўлган фуқароларнинг ҳам ҳарорати ўлчанмоқда.

Маълумот олиш қийин бўлган ушбу мамлакатда коронавирус қачон тарқалгани ҳам маълум эмас.

Қурбонлар сони кўп бўлиши мумкин

24 февраль куни Эроннинг ярим расмий ILNA ахборот агентлиги Қум шаҳрида шу ойда янги коронавирус келтириб чиқарган хасталикдан камида 50 киши нобуд бўлгани, вирусдан зарарланишнинг илк ҳолати расмий маълумотларда айтилаётганидек 19 февралда эмас, уч ҳафта муқаддам қайд этилгани, ўлим ҳолатлари эса 13 февраль кунидан бошлангани ҳақида хабар тарқатди.

Эронда 61 кишида Covid-19 коронавируси аниқланган / EPA

Нашр бу маълумотга манба сифатида Қум шаҳридан бўлган депутат Аҳмад Амирободий Фараҳонийнинг сўзларини келтирган. У Қумда камида 250 киши карантинда сақланаётганини қўшимча қилган.

Эрон расмийларининг сўнгги маълумотларида эса вирусдан зарарланишнинг 64 ҳолати ва 12та ўлим ҳолати келтирилмоқда. Шунингдек, 900га яқин киши коронавирус юқтиргани тахмини бўйича текширувдан ўтказилмоқда.

Эрон соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Ираж Ҳарирчи қумлик депутатнинг сўзларини инкор этди ва агар у айтган маълумотнинг ярми ҳам тасдиқланса, истеъфога чиқишга ваъда берди.

«Мен бу маълумотни қатъиян рад этаман. Ҳозир сиёсий қутблашиш вақти эмас. Коронавирус - миллий муаммо. 50 қурбон ҳақида айтдингиз, сиз қурбонларни номма-ном сананг-чи. 50 киши ҳақида гапирмоқдасиз, аммо мен тўғридан-тўғри айтаман, агар Қумда вирусдан ҳалок бўлганлар сони шунинг ярмича бўлса ҳам мен истеъфога чиқаман», деган у телевидение орқали жонли эфирга берилган матбуот анжумани вақтида.

Ҳукумат расмийларидан яна бири Али Рабий Covid-19 коронавируси билан боғлиқ расмий рақамлар шаффофлиги ҳақида айтиб ўтди.

Аммо Аҳмад Амирободий ўз гапида қатъий турибди.

«Мен вазир ўринбосарига 40 кишининг (вирус оқибатида ҳалок бўлган) рўйхатини бердим. Энди унинг истеъфосини кутмоқдаман», деган у.

Мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, инфекция ўчоғи шиалар учун муқаддас ҳисобланган Қум шаҳри бўлиб, бу ерда қайд этилган беморлар сони 34 киши. Теҳронда ҳам ўндан ортиқ кишидан вирус аниқланган.

Ҳукумат эҳтиёт чораси сифатида бир қатор вилоятларда мактаблар, университетлар ва бошқа ўқув муассасаларини ёпган, шунингдек, маданий тадбирлар бекор қилинган.

Эрон парламенти бош котиби мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Саид Намакийга асосланиб хабар қилишича, Эронда вирус тарқалишига мамлакат ҳудудига Покистон, Афғонистон ва Хитойдан ноқонуний равишда кириб келишлар сабаб бўлган.

Қум - Ҳазрат Масъум қабри жойлашган, шиалар учун муқаддас ҳисобланадиган шаҳар / REUTERS

Якшанба куни соғлиқни сақлаш вазири телевидениедаги чиқишида Қумда вирус оқибатида вафот этганлардан бири доимий равишда Хитойга қатнаб келган савдогар эди.

У мамлакат фуқароларини вақтинчаликка Қумга бормай туришга чақирмоқда.

Теҳрондан 120 километр жанубда жойлашган Қум шаҳри минтақадаги шиалар учун диний таълим маркази сифатида машҳур ҳисобланади.

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний мамлакат қуролли кучлари коронавирусга қарши курашга жалб этилиши, Ислом республикаси бу хавфни минимал йўқотишлар билан енгиб ўтишга ҳаракат қилишини маълум қилди.

«Жамоатчиликнинг саломатлиги учун ҳамма давлат органлари, қуролли кучлари, жамоат ташкилотлари барча зарур чораларни кўради. Биз имкон қадар камроқ йўқотишлар билан энг қисқа фурсатда касаллик устидан назорат ўрнатишни мақсад қилганмиз», деди у.

Бошқа мамлакатлар қандай чоралар кўрмоқда?

ЖССТ коронавирус тарқалишини пандемия сифатида тан олиши мумкин / EPA 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Адханом Гебрейсус Эрондаги вазиятдан хавотирларини билдирди. 

«Биз Эрон, Италия ва Корея Республикасида вирус тарқалиши тезлик билан давом этаётганидан жуда ташвишдамиз», деди у Стокҳолмдаги матбуот анжумани вақтида.

Вирус билан касалланган эронлик саёҳатчилар Канада, Ливан, Бирлашган Араб Амирликлари ва Баҳрайнда ҳам аниқланган. 

Шусиз ҳам АҚШ билан муносабатлари туфайли дипломатик ва иқтисодий жиҳатдан изоляция қилинган Эронни янада қийин даврлар кутмоқда. Чунки кўплаб давлатлар эронликлар учун ўз чегараларини ёпмоқда.

Тарқалаётган сўнгги хабарлар ортидан 23 февраль куни минтақадаги давлатлар Эрон билан чегараларни ёпишга ва авиақатновларни тўхтатишга киришди. Жумладан, Туркия Эрондан келувчи самолётлар учун ҳаво ҳудудини ёпди, лекин турк самолётлари Эронга учишда давом этади. Арманистон ҳам худди шундай чоралар қўллади - Эрон билан чегаралар икки ҳафта муддатга ёпилган, бу давлат билан авиаалоқа тўхтатилган.

Эроннинг шарқ томондаги қўшнилари Покистон ва Афғонистон ҳам чегараларни ёпиб қўйди. Грузия Эрон билан авиаалоқани чеклаган, Грузия авиакомпаниялари мамлакат ҳудудида бўлиб турган эронлик сайёҳларни ватанига қайтаришга тайёр.

24 февраль кунги хабарлардан кейин эса Саудия Арабистони, Кувайт, Ироқ ва Баҳрайн Эрон ҳудудидан кириб келишда чекловлар ўрнатди.

Кувайт Эрондан 750га яқин фуқаросини эвакуация қилмоқда ва Эрон келишувга зид равишда ўз тиббиёт ходимлари томонидан саёҳатчиларни чиқиш терминалида текширишни ман этганидан сўнг, улар мамлакатга киришда таҳлилдан ўтишмоқда. 

Тожикистон авиакомпанияларига ҳам 25 февралдан Эрон билан авиаалоқани тўхтатиш бўйича кўрсатма берилган.

Ўзбекистон ҳам Афғонистон билан чегарасини коронавирус сабаб ёпиши мумкинлиги тўғрисида хабарлар тарқалган.

Сўнгги маълумотлар
Ўтган йил декабрь ойи охирида илк марта Хитойда аниқланган ва бутун мамлакатни қамраб олган коронавирус сўнгги кунларда Жанубий Корея, Италия ва Эронда янги ўчоқлар ҳосил қилгани - вируснинг глобал тарқалишида янги босқич бошланганини англатиши мумкин.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг сўнгги маълумотларига кўра, коронавирус юқтирганлар сони 79 мингга яқинни ташкил қилмоқда, қурбонлар сони 2600дан ошиб кетди. Хитойдан ташқари жаҳоннинг 30дан ортиқ давлатида жами 1200та вирусдан зарарланиш ҳолати аниқланган ва 20та ўлим ҳолати қайд этилган.

Би-би-сининг тиббий корреспонденти Фергус Уолш соғлиқни сақлаш соҳасидаги экспертлар коронавирус эпидемияси глобал пандемия даражасига ўтишининг олдини олишга кеч бўлган бўлиши мумкинлигидан хавотирланишмоқда.

Мавзуга оид