Ўзбекистон | 17:16 / 24.02.2020
72845
5 дақиқада ўқилади

Маҳкума: «Бир бурда нонга ҳам қорним тўяркан...» (2-қисм)

Kun.uz ижодкорлари Тошкент вилояти Зангиота тумани 21-сонли аёллар колониясида бўлиб, маҳкумаларнинг яшаш тарзи билан танишиб, бир неча қисмли туркум дастурлар тайёрлади.

Ўтган сондаги репортажда колониядаги яшаш тарзи ҳақида ахборот берилган бўлса, бу сафар аёлларнинг ички дунёси, ўй-хаёлларига назар солишга ҳаракат қиламиз.

Маҳкумаларни бу ерга олиб келган сабаблар, қамоқхонадаги ҳаёт манзаралари, алам ва нафрат, ёлғизлик ва афсус-надоматлар... Биринчи қаҳрамонимиз ҳаёт йўлида адашгани ва бундан пушаймонлиги, чорасизлик ҳақида ўз тақдири мисолида гапириб берди.

«Онгли равишда жиноят қилгандим»

– Бу ерга келишимга сабаблар кўп. Оилавий қийинчилик, етишмовчилик, чорасизлик мени шу жойларгача етаклаб келди. Героин савдосига қўшилиб қолдим. 6 йилини ўтадим, яна 5 йил қолди.

Жиноятни қилишдан олдин ўзим билиб, онгли равишда содир этганман. Нима сабабдан героин сотдим? Болаларим ёш эди, эрим билан ажрашганман. Кўчага чиқиб ишлолмасдим. Оилада ягона боқувчи эдим. Етишмовчилик мени жиноят кўчасига етаклади. 2 нафар қизимни кўкрак сути билан боқишим керак эди. Онам ишламасди. Отам ҳам шу жиноят билан айбланиб қамоқда эди. 2 нафар укам ҳам ҳали ёш эди.

2007 йилда шу йўлга кирганман. Ўша йили 2 қизим ҳам қамқонлик туфайли шифохонада реанимацияда эди. Рўзғорда ҳеч вақо йўқ. Шифохонадан уйга келдим. Қизларимга дори-дармон олиб бориш керак эди. Нима қилишни билмасдим. Уйимиз ертўласига тушиб, ўкириб-ўкириб йиғладим. Кейин бирдан бир тешикка кўзим тушди.

Яхшилаб қарасам, шиша идишда отамдан қолган героин бор экан. Дарров отамнинг яқин дўстига қўнғироқ қилдим. Бўлган воқеани, чорасизлигимни айтиб, йиғладим. У келиб озроқ пул берди. Рўзғорни бутлаб, кам-кўстимни тўлдирдим. Шу тариқа оз-оздан героиндан олиб сотадиган бўлдим.

«Меҳнатдан қочмаймиз, лекин жамият биздан воз кечган»

– Биринчи марта судланганимда шартли равишда озодликка чиқаришди. Топган даромадимнинг 25 фоизини давлатга тўлашим керак эди. Агар 3 ой ичида тўлолмасам, яна колонияга қайтишим керак эди.

Паспорт ўрнини босувчи вақтинчалик ҳужжат беришди. Иш излаб борган жойимда рад жавоби бераверишди. Ҳокимиятга бордим иш сўраб, ҳамма жойдан бир хил йўқ жавоби олдим. Бу ерда болаларим оч-наҳор, уйда мендан бошқа боқувчи йўқ эди.

Иложсиз эдим ва яна жиноят кўчасига кирдим.

Уйда сотиладиган ҳар қандай буюмни сотиб бўлгандик. Кўпчилик ўйлаши мумкин: «Озодликка чиққандан кейин қамалганларга ишлаш ёқмайди, шунинг учун иш тополмаяпман, деб баҳона қилади». Йўқ, ундаймас. Шу ерда ҳам ишлаяпмиз-ку. Меҳнатдан қочмаймиз. Жамият биздан аллақачон воз кечган. Кераксиз одамларга айланганмиз.

«Колония формасини кийиш жуда оғир бўлган»

– Формани беришганда, хаёлимдан кўп нарсалар ўтган, қўрққанман. Онамга йиғлаб гапириб берсам: «Болам, кафан киймаяпсан. Кафан кийган қайтмайди. Капалак кийяпсан. Бу ҳаммаси бир кунлик азоб, ўтиб кетади, озод бўласан, кейин қутуласан. Чидагин», – деб овутарди.

Бир бурда нонга ҳам қорним тўяркан. Бу ерга келганимдан кейин ҳаётимда кўп нарса ўзгарди. Кўп туҳматларга қолдим. Бу ерда яшаш жудаям оғир.

Мен дўзахга бормаганман. Лекин қамоқхонани бу дунёнинг дўзахига ўхшатаман.

«10 йилдан бери ўзимни яшамаяпман, деб ўйлайман»

– Мени бу ерда энг кўп қийнаган туйғу – соғинч азоби. Фарзандларимга меҳр беролмаганим, онамни азоблаганим, укаларим бошини эгиб қўйганим, ҳаётимни барбод қилганимдан афсус чекаман.

Мен ўзимни 10 йилдан бери яшамаяпман, деб ўйлайман. Бу ерга келиб ҳаётнинг қадрига етдим.

«Бу ерда ўйловларимиз ҳам чегараланган»

– Озодликка чиққанимдан кейин кўп ишлар қилишни режалаштирганман. Болаларимни оёққа турғазишим керак. Уй-жойимни тиклашим зарур.

Сўнг тадбиркорлик билан шуғулланиш режамда бор. Агар бирор ҳомий бўлса, ўзимни тиклаб олишга имкониятим бўларди.

Режаларим жудаям кўп. Лекин бу ерда ўйловларимизнинг ўзи ҳам чегараланиб қолади. Чунки 6 йилдан бери бир хил тартибда яшаяпман.

«Бир хилликдан ўзгариб бўлмайди, фақат азобланиш мумкин»

– Муассаса ходимлари давр ўзгаргани, ислоҳотлар бўлаётгани ҳақида бот-бот такрорлашади. Ташқаридаги шароитни тасаввур қилолмайман.

Бизга ўзгаришимиз кераклигини айтишади. Бу ерда ўзгариш жуда қийин. Бир хиллик инсонни ўзгартирмайди. Инсон фикрлаш доирасини хилма-хиллик кенгайтиради, деб ўйлайман.

Бир хилликдан ҳеч нарса ўзгармайди. Бир хилликдан фақат азобланиш мумкин. Ҳаётимиз фақат бир хил ўйлайлардан иборат: қорнимиз тўқ бўлса, ҳеч ким билан жанжаллашмасак, кунимиз тезроқ ўтиб, муддатимиз тугаса... Шу фикрлар бўлади.

Қамоқхонада аёллар бир-бирини кўришни истамайди, чунки ҳар куни бир хил қиёфалар. Бир хилликдан асабий бўлиб қоламиз.

Муҳаббат Маъмирова суҳбатлашди.
Тасвирчи – Отахон Юсупов.

Мавзуга оид