Ўзбекистон | 11:25 / 26.02.2020
5502
3 дақиқада ўқилади

Қурилишни давлат томонидан тартибга солиш функциялари белгиланмоқда

Қурилишда суғурталаш белгиланиши натижасида қурилиш объектларининг тасодифан зарарланишининг олдини олиш кафолатланади

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

Қонунчилик палатасининг 2020 йил 25 февралда ўтказилган мажлисида депутатлар «Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодексини тасдиқлаш ҳақида»ги (янги таҳрир) қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар. 

Қайд этилганидек, Шаҳарсозлик кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳасида Россия, Германия, Америка Қўшма Штатлари, Канада, Буюк Британия, Финляндия, Беларус, Қозоғистон ва Озарбойжон тажрибалари атрофлича ўрганилган.

Таъкидланганидек, амалдаги Кодекс маънан эскирган бўлиб, унда шаҳарсозликни техник тартибга солишнинг замонавий механизмлари ва рақобат муҳитини яратиш тизимлари кўзда тутилмаган. 

Кодекснинг янги таҳририда эса, 26 та янги модда қўшилиб, амалдаги 20 дан ортиқ модданинг мазмуни-моҳияти кенгайтирилган. Жумладан, шаҳарсозлик фаолияти соҳасига оид қарорларни муҳокама ва қабул қилиш, лойиҳа ҳужжатларининг экспертизасини амалга ошириш, соҳада рақобатни қўллаб-қувватлаш, лицензиялаш ҳамда аккредитациялаш, қурилишни назорат қилиш ва амалга ошириш, фаолиятнинг молиявий таъминоти, суғурталаш ҳамда шаффофликни таъминлашни назарда тутувчи янги боблар билан тўлдирилган. «Аҳоли пункти», «шаҳар», «шаҳарча» ва «қишлоқ (овул)», объектлар турлари, «ўзбошимчалик билан қурилиш қилиш», «урбанизация» каби тушунчалар, шаҳарсозлик фаолиятида фуқаролар муҳокамаси иштироки ва бошқа иборалар билан бойитилган.

Депутатларнинг қайд этишича, Кодекснинг янги таҳририни қабул қилиш натижасида аҳоли пунктларининг бош режаларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, шаҳар чегараларини аниқлашнинг янги қонуний асослари яратилиб, бу борада бюрократик тўсиқлар бартараф этилиши таъминланади. Шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларининг ишлаб чиқилишининг тартиби ҳамда уларнинг йўналишлари аниқ белгилаб берилади. Соҳада жамоатчиликнинг кенг иштироки таъминланиши атроф-муҳит муҳофазаси ва инсонларнинг соғлигини асрашга замин яратиб, энг мақбул ва адолатли қарорлар қабул қилинишига туртки беради.

Шу билан бирга, қурилишни давлат томонидан тартибга солиш функциялари белгиланиб, қурилиш сифатини яхшилаш, маблағларнинг оқилона сарфланишини таъминлашга хизмат қилади. Қурилишда суғурталаш белгиланиши натижасида қурилиш объектларининг тасодифан зарарланишининг олдини олиш кафолатланади. Лойиҳалаштириш, қуриш ва реконструкция қилиш ишларини сифатли олиб бориш, аҳоли пунктларининг архитектура қиёфасини яхшилаш, аҳолининг турмуш даражасини оширишга хизмат қилади.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинди.

Мавзуга оид