Деҳлидаги қирғин. Диний низо туфайли келиб чиққан тўқнашувларда ўнлаб кишилар ҳалок бўлди
Ҳиндистон пойтахти Нью-Деҳли шаҳрида фуқаролик бўйича янги қонун туфайли содир бўлган тўқнашувларда ҳалок бўлганлар сони 27 кишига етди. Пойтахтнинг мусулмонлар яшайдиган қисмида уч кеча давом этган тартибсизликлар оқибатида юзлаб кишилар жароҳатланган. Сўнгги кунда тўқнашувлар тинган, аммо вазият ҳамон кескинлигича қолмоқда.
Ҳукумат тартибсизликлар қамраб олган ҳудудларга полициячиларни ва ҳарбийларни жўнатган. Бундай вазият мамлакат пойтахтида сўнгги ўн йилликларда кузатилмаганди.
Бош вазирнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Ажит Довал шошилинч йиғилиш ўтказиш учун Нью-Деҳли шимоли-шарқидаги полиция бошлиғининг идорасига ташриф буюрган.
Тўқнашувлар 24 февраль, якшанба куни бошланган. Катта эҳтимол билан, бунга Ҳиндистонда ҳукуматдаги партия бўлмиш индуистларнинг миллий партияси - «Бхарат Жаната Парти» етакчиларидан бири Капила Мишранинг чорловлари сабаб бўлган.
Мишра ўз тарафдорлари иштирокидаги митингда уларни асосан мусулмонлар яшайдиган Нью-Деҳлидаги туманлардан бирига йиғилишга даъват этган, у бу орқали ушбу ҳудудда фуқаролик тўғрисидаги қонунга киритилган тузатишларга қарши намойишга тўсқинлик қилишни кўзлаган.
Ҳиндистон парламенти ўтган ҳафтада Покистон, Афғонистон ва Бангладешдан келган қочқинларга фуқаролик беришни соддалаштириш бўйича таклиф берди - аммо бир шарт билан, улар мусулмон бўлмасликлари керак. Шу билан бир вақтда, кўплаб штатларда маҳаллий мусулмонлар Ҳиндистон фуқароси эканини исботлаши керак бўлади. Агар улар керакли далиллар келтира олишмаса, уларни депортация кутади.
Ушбу қонун лойиҳаси ҳиндистонлик мусулмонларни ғазаблантирди. Уларнинг фикрича, сўнгги тузатишлар конституцияга зид, чунки расман дунёвий ҳисобланган мамлакатда аҳолининг бир қисми диний эътиқодидан келиб чиқиб камситилмоқда. Ҳиндистон шимоли-шарқий штатлари аҳолиси ҳам қонунга эътироз билдирган — энди улар Бангладешдан келган миллионлаб одамлар уларнинг штатларида доимий қолиб кетишидан хавотирда. Бу тузатишларни маҳаллий аҳоли манфаатларига зид деб ҳисоблаган мусулмонлар оммавий норозилик акцияларини бошлади.
Ҳиндистон ҳукумати эса янги тузатишлар мусулмонларга қарши қаратилмагани, янги тартиб озчиликни таъқиблардан ҳимоя қилиш учун тақдим этилганини айтмоқда.
Мусулмонларга ҳужумлар ҳақидаги дастлабки хабарлар Мишра полиция уч кун ичида мусулмонларнинг намойишларини тўхтатиши кераклигини, акс ҳолда одамлар кўчаларга чиқишини маълум қилганидан кўп вақт ўтмай кела бошлади.
Сўнгги уч кун мобайнида ижтимоий тармоқда индуистлар жамияти вакиллари қуролсиз одамларни, жумладан, журналистларни ҳам калтаклаётгани тасвирланган кўплаб суратлар ва видеолар тарқалди. Шаҳар кўчалари бўйлаб калтаклар ва тошлар билан қуролланган кишилар гуруҳлари юриб, мусулмонларни таъқиб қилишди, гуруҳлар ўртасида қонли тўқнашувлар бўлиб ўтди.
Маҳаллий тиббиёт ходимлари маълумотларига кўра, 189 киши жароҳат билан шифохоналарга жойлаштирилган.
Қочқинлар
Деҳлида сўнгги марта диний низолар 1984 йилда кузатилган, ўшанда индуистлар сикҳларга ҳужум қилишган ва 3 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлганди.
Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди твиттердаги саҳифаси орқали фуқароларни тинчлик сақлашга чақирди ва полиция тартиб ўрнатишни бошлаганини маълум қилди.
Тартибсизликлар асосан пойтахт шимоли-шарқидаги мусулмонлар яшовчи маҳаллаларни қамраб олганди. Айни вақтда бу ҳудудлар полиция томонидан ўраб олинган.
Айни вақтда бу маҳаллалардаги кўчалар тошлар ва синган ойналар парчалари билан тўлиб кетган. Ҳар томонда ўт қўйилган автомобилларни кўриш мумкин.
Кўплаб уйлар ёқиб юборилган.
Би-би-си мухбирининг хабар қилишича, маҳаллий аҳоли вазият оғирлашиши мумкинлигидан хавотирга тушиб, ўз уйларини тарк этишга тушган.
Маҳаллий журналистларнинг хабар қилишича, йўлларда тўдалар йўловчиларни тўхтатиб, қайси динга эътиқод қилишини сўрамоқда. Фотожурналистлардан бирининг ҳикоя қилишича, уни кийимларини ечиб, суннат қилинмаганини кўрсатишга мажбурлашган. Бундай ҳолатлар Ҳиндистонда аввалги диний низолар вақтида ҳам кузатилганди.
Мамлакат ҳукумати Нью-Деҳлида назорат қўлга олингани ва тўқнашувлар бўлиб ўтган ҳудудларга етарли миқдорда полициячилар ва ҳарбийлар жойлаштирилганини маълум қилди.
Бир қатор нашрларда агар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари вазиятни ўнглай олмаса, пойтахтга армия кириши мумкинлиги ҳақида ёзилган.
EĞER ;#Hindistan'da
— Gökhan Kahraman (@GkhnKhrman) February 26, 2020
- Ateşe verilenler CAMİ değilde KİLİSELER olsaydı
- Evis basılan çoluk çoğu öldürülen Ingiliz yada Fransız olsalardı
- Sokak ortasında linç edilen bu adam Müslüman değilde, Hrisitiyan yada Yahudi olsaydı
Dünya böyle sessiz izlermiydi?
pic.twitter.com/tN4jVhR7wu
Мавзуга оид
18:07 / 24.12.2024
Ҳиндистон 2040 йилда Ойга ўз космонавтини учиради
23:25 / 23.12.2024
Бангладеш Ҳиндистондан собиқ бош вазир Шайх Ҳасинани экстрадиция қилишга ёрдам беришни сўрамоқда
11:42 / 18.12.2024
Ўзбекистон ва Ҳиндистон заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш имконини ўрганмоқда
20:02 / 17.12.2024