Сурия кучларининг авиазарбалари оқибатида 33 турк ҳарбийси ҳалок бўлди
Сурия ҳукумат кучларининг Идлибга берилган авиазарбалари 33 турк ҳарбийсининг ҳалок бўлишига олиб келди. Бундан ташқари, 30 дан кўпроқ турк ҳарбийси жароҳатланган.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған армиянинг йўқотишлари ҳақидаги хабарлар ортида хавфсизлик масалалари бўйича тезкор йиғилиш ўтказган. Эрдўғаннинг таъкидлашича, Анқара Идлиб бўйича ён босишларга бормайди ва ушбу ҳудудда ҳарбий иштирокини оширишни давом эттиради.
“Башар Асад тарафдорлари Сочидаги келишувларга билан белгиланган туташиш чизиғи ортига чекиниши керак. Асадга берилган муҳлат тугамоқда. Туркия орқага бирорта қадам ташламайди ва тузум қўшинларини деэскалация ҳудуди ортига сиқиб чиқаради”, деб айтган Эрдўған.
Ўз навбатида турк ҳарбийлари 28 февралга ўтар кечаси Сурия қўшинларининг Идлибдаги позицияларига жавоб зарбалари бера бошлаган. Бу ҳақда Туркия президенти маъмуриятининг алоқалар бўйича бошқармаси бошлиғи Фаҳриддин Олтун маълум қилди.
Унинг айтишича, зарбалар ҳам ҳаводан, ҳам ердан берилмоқда.
Туркия жаҳон ҳамжамияти ва Остона музокаралари иштирокчиларини “Сурия тузуми томонидан инсониятга қарши содир этилаётган жиноятларни” тўхтатиш учун жавобгарликни ўз зиммасига олишга чақирди.
Шунингдек, Туркия 28 февралда Идлибдаги воқеа юзасидан НАТО билан маслаҳатлашувлар ўтказади. Бу ҳақда Туркиянинг етакчи Адолат ва тараққиёт партияси матбуот котиби Умар Челик маълум қилди ва Сурия авиазарбаларини НАТОга ҳужум деб атади.
“Биз буни битта Туркияга эмас, балки жаҳон ҳамжамиятга ҳужум деб баҳолаймиз. Биз тотал муносабатни кутиб қоламиз”, деб айтган Челик.