Ўзбекистон | 21:48 / 01.03.2020
42701
4 дақиқада ўқилади

АҚШ ва «Толибон»нинг Қатарда имзоланган сулҳи: Музокара иштирокчилари Ўзбекистон роли ҳақида

29 февраль куни Қатар пойтахти Доҳада АҚШ ва «Толибон» ҳаракати ўртасида тинчлик келишуви имзоланди. Келишувни АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод ҳамда «Толибон» етакчисининг ўринбосари, ҳаракатнинг Қатардаги офиси раҳбари мулла Абдулла Ғани Бародар имзолади.

Фото: Google Photos

Тадбир иштирокчилари Афғонистондаги тинчлик жараёнида Ўзбекистоннинг роли қай даражада бўлганлиги ҳақида сўзлаб беришди.

Маркус Потцель, ГФРнинг Афғонистон ва Покистон масалалари бўйича махсус вакили:

— Афғонистон Марказий Осиёнинг бир қисми ҳисобланади. Германия Афғонистон масаласида узоқ йиллардан буён ҳамкорлик қилиб келмоқда.

 Ҳамкорлик доирасида афғон ёшларини ўқитиш бўйича грантлар ажратилмоқда. Ўзаро ҳамкорликнинг ёрқин мисоли сифатида бештомонлама ёндашувни тилга олиш мумкин, унга кўра Қатар, Норвегия, Индонезия, Ўзбекистон ва Германиянинг саъй-ҳаракати билан Афғонистондаги турли кучлар ва гуруҳлар ўртасида мулоқот ўрнатилмоқда.

Германия Ўзбекистон Афғонистонда тинчлик ўрнатилишида муҳим ўринга эга, деб ўйлайди. Айнан Ўзбекистон президенти Афғонистонда тинчлик ўрнатилишига йўналтирилган халқаро конференция ўтказиш ташаббуси билан чиқди. Бундан ташқари, ГФР президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг 2019 йил майида Ўзбекистонга ташрифи чоғида президент Шавкат Мирзиёев билан Афғонистон мавзуси чуқур таҳлил қилинган эди.

«Толибон» ҳаракатининг Қатардаги сиёсий ваколатхонаси раҳбарининг ўринбосари Абдуссалом Ҳанафий ўз фикрларини ўзбек тилида баён қилди:

 — Жаноб президент Мирзиёевнинг Афғонистондаги тинчлик, барқарорлик ва хавфсизлик борасидаги ижобий ташаббусларини юқори баҳолаймиз. Афғонистон ва Ўзбекистон халқи тарихан бири-бири билан дўст ва оға-ини. Ушбу минтақада яшаётган барча мамлакатлар ва барча миллатлар бир вужудмиз. Иншааллоҳ, келажакда ҳам оға-ини бўлиб яшашимиз керак. Афғонистоннинг хавфсизлиги бу Ўзбекистоннинг ҳам хавфсизлигидир.

Қори Дин Муҳаммад, «Толибон» ҳаракатининг Қатардаги сиёсий ваколатхонаси раҳбарининг ўринбосари:

— Узоқ йиллардан буён, қарийб 40 йилдан бери Афғонистонда уруш давом этмоқда. Бизга ва қўшниларимизга урушнинг тугаши, тинчлик ва барқарорлик ўрнатилиши жуда муҳим. Ўзбекистон президенти Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши учун ташаббуслар илгари сурганини биламиз ва бугун биз бу тарихий натижа остонасида турибмиз.

Афғонистон ва Ўзбекистон умумий сарҳад ва маданиятга эга. Икки мамлакат халқи бир дарёнинг икки соҳилида яшашади. Тақдирларимиз бир қўлнинг беш бармоғи сингари тарихан муштарак. Сизларнинг тинчлик ўрнатилишини таъминлаш, қурилиш соҳаси, таълим соҳаси ва бошқа кўплаб соҳаларда кўрсатаётган ёрдамларингиз узоқ давлатлардан келаётган ёрдамлардан кўра самаралироқ бўлмоқда.

Элдор Орипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги минтақалараро тадқиқот маркази директори:

— АҚШ ва «Толибон» ҳаракати ўртасида тинчлик битимининг имзоланиши дарҳақиқат, тарихий воқеадир. 40 йиллик урушдан сўнг илк марта зўравонликка, аҳоли ўртасидаги саноқсиз қурбонларга чек қўйиш имкони юзага келди. Ўтган шу давр ичида 2 миллион қурбон берилди, 4 миллиондан зиёд афғон мамлакатни мажбурий қочқин сифатида тарк этди.

Бугунги сулҳ истиқболлари яқин фурсат ичида миллионлаб афғонлар осуда ва тинч ҳаёт кечира бошлашидан ҳикоя қилмоқда. Албатта, бугун ушбу тинчлик битими имзоланишига, Афғонистонда тинчликка эришиш бўйича муваффақиятга эришишда шахсан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг ҳиссаси катта. Айнан унинг ташаббуси билан ўз вақтида ушбу тинчлик жараёнига кучли старт берилди. Мен аввало Афғонистон бўйича Тошкент конференциясини назарда тутмоқдаман. Ўшанда глобал барқудрат давлатлар ва қўшни давлатлар ўртасида Афғон можаросини бартараф қилиш борасида умумий принциплар ва ёндашувлар бўйича умумий келишув шакллантирилган эди. Буни уддалаш мумкинлигига ишонганлар жуда кам эди. Умуман, Афғонистонда тинчлик истиқболига ишонаётганлар кам эди. Бироқ Ўзбекистоннинг изчил ва прагматик сиёсати шарофати билан бунинг уддасидан чиқдик.

Мавзуга оид