Жаҳон | 13:24 / 02.03.2020
55017
7 дақиқада ўқилади

Секта раҳбарлари қотилликда айбланмоқда. Коронавирус бўйича сўнгги янгиликлар

Якшанба куни Сеул маъмурлари прокуратурага қотиллик, зарар етказиш ва инфекцион касалликлар тарқалиши устидан назорат тўғрисидаги қонунни бузишда айбланаётган «Синчонджи» диний сектасининг 12 раҳбарига қарши даъво аризаси киритишди.

Фото: Getty Images

Расмийлар мамлакатда коронавирус тарқалишига сектанинг Тэгу шаҳрида ўтказилган маросимлари вақтида секта аъзоларининг касалликни бир-бирига юқтириши сабаб бўлгани, вирус шу орқали Жанубий Кореянинг бошқа ҳудудларига ёйила бошлаганини таъкидлашган.

Би-би-сининг Сеулдаги мухбири Лора Бикернинг сўзларига кўра, бу даъво мамлакатда лидери ўзини масиҳ деб атайдиган диний ташкилотга нисбатан норозилик ортиб бораётганини англатади.

Маъмурлар ушбу сектанинг барча аъзоларини — 230 минг кишини текшириб чиқишди ва тахминан 9 минг киши ўзида коронавирус аломатларини бошдан кечиргани айтилди. Секта етакчиси 88 ёшли Ли Ман Хи ҳам коронавирус текширувидан ўтган, унинг натижалари ҳозирча номаълум.

Шу билан бирга, якшанба куни Жанубий Кореядаги барча католик черковлари Covid-19 вируси тарқалишининг олдини олиш мақсадида ёпилди. 

Кўплаб ижтимоий тадбирлар, шу жумладан, BTS поп гуруҳининг концерти ҳам бекор қилинган.

Тэгу шаҳри Жанубий Кореядаги коронавирус ўчоғи / Getty Images

Жанубий Кореяда католик черковига ибодат қилувчилар тахминан 5,8 миллион кишини ташкил қилади — у мамлакатдаги энг катта конфессиялардан бири. 7 мартга қадар 1734та черковда ибодатлар бекор қилинди.

Бу католиклар мазҳабининг Жанубий Кореяда фаолият кўрсатган бутун 236 йиллик тарихида мисли кўрилмаган қадамдир.

Бошқа кўплаб диний конфессиялар, хусусан, протестантлар черковлари ва будда ибодатхоналари ҳам якшанба кунги диний маросимларни бекор қилди. 

Жанубий Корея коронавирус тарқалиши сони бўйича Хитойдан кейинги иккинчи мамлакатга айланди: вирус юқиши билан боғлиқ 4335та ҳолат тасдиқланган ва 26 киши вафот этган.  Вирусга чалинганларнинг ярмидан кўпи «Синчхончжи» диний сектаси таълимоти издошларидир. 

«Синчонджи шоҳидлик чодири ибодатхонаси» нима ўзи?

Ли Ман Хи / EPA
  • 1984 йилда жанубий кореялик воиз Ли Ман Хи томонидан ташкил этилган диний ҳаракат
  • 88 ёшли Ли ўзини Инжилдаги Исонинг ўрнига келувчи «ваъда қилинган руҳоний» деб атайди
  • Унинг таълимоти издошларига вақти номаълум бўлган бу ҳодиса аллақачон Ли Ман Хи сиймосида кузатилган, деб ўргатилади
  • «Синчонджи» қисқартмаси «Янги осмон ва янги ер» деган маънони англатади. 
  • Ли Ман Хининг таъкидлашича, Инжил шифрланган метафора тилида ёзилган ва ундаги асл маъно фақат унга ва унинг издошларига маълум
  • Ҳаракат дастлаб фақат Жанубий Кореяда мавжуд эди, аммо ҳозир у бошқа давлатларга ҳам тарқалмоқда. 
  • Ташкилот диний маросим яратишда айбланмоқда, унинг фаолияти қатор мамлакатларда танқид ва шикоятлар келтириб чиқармоқда.

Буюк Британиядаги вазият
Якшанба куни Британияда Covid-19 вирусининг яна 12та ҳолати мавжудлиги тасдиқлади. 

Британияда 36 киши коронавирусдан зарарланган / GETTY IMAGES

12 кишидан уч нафари илгари ушбу вирус мавжудлиги тасдиқланган одам билан яқин алоқада бўлган, деб хабар бермоқда Англиянинг бош шифокори, профессор Крис Уитти.

Улардан бири, Эссекс графлигида яшовчи бемор яқинда чет элда бўлмаган ва шифокорлар айтишларича, бошқа касалланганлар билан тайинли алоқада бўлмаган. Бу одам қандай юқтиргани ҳозирча номаълум. 

Қолган саккиз бемордан олти нафари яқинда Италиядан ва икки киши эса Эрондан қайтган. 

Ўтган жума куни Саррей графлигида ҳам инфекцияланиш тарихи номаълум бўлган янги бемор аниқланди.

Умуман олганда, бугунги кунда Британияда 36та коронавирусдан касалланиш ҳолати мавжуд.

Якшанба куни Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги Теҳрондаги элчихонаси ходимларини олиб келиши ҳақида эълон қилди.

Франция
Музей ходимлари ўз соғлиғи хавотири сабаб деярли бир овоздан ишга бормасликка овоз беришганидан сўнг Парижда Лувр ёпилди.

Лувр олдида узун навбатлар ҳосил бўлган, аммо келувчилар ичкарига киритилмаяпти / REUTERS

Лувр — дунёдаги энг кўп ташриф буюриладиган музей. Шанба куни Франция ҳукумати бино ичида бир вақтнинг ўзида беш мингдан ортиқ одам йиғилишини тақиқлади.

Францияда Covid-19’нинг 100та ҳолати қайд этилган. Икки киши вафот этди. 

Лувр яна қачон очилиши номаълум. 

Мамлакатлар бўйича маълумотлар
ЖССТ маълумотларига кўра, жами 68 мамлакатда 89143та янги вирус ҳолати қайд этилган (Хитойда 80 026 ҳолат).

Дунё бўйича ўлим сони 3048 нафарга етган. Касалланиш ва унинг оқибатидаги ўлимнинг аксарияти ХХРда кузатилмоқда - сўнгги бир кунда яна 42 киши вафот этди ва энди бу мамлакатда вирус қурбонлари сони 2912 нафарни ташкил қилмоқда. 44,4 минг киши соғайиб кетган. Дунё бўйлаб жами 44 899 киши тузалган.

Якшанба куни Австралия ва Таиланд коронавирус туфайли ўлим ҳоллари қайд этилган мамлакатлар рўйхатига қўшилди: вирусни февраль ойида «Даймонд Принцесс» круиз кемасида юқтириб олган 78 ёшли австралиялик вафот этди.

Таиландда 35 ёшли эркак вафот этди, у коронавирусдан ташқари, денге иситмаси билан оғриган. Ушбу мамлакатда жами 43та ҳолат мавжуд. 

Шанба куни АҚШда, Кинг округида (Вашингтон) Covid-19’дан биринчи ўлим қайд этилди. Бу ҳақда давлат соғлиқни сақлаш бошқармаси вакили маълум қилди. 

Францияда ёпиқ биноларда ҳар қандай йирик тадбир ўтказиш тақиқланди. Ушбу якшанба куни ўтказиладиган очиқ ҳаводаги кўплаб тадбирлар, шу жумладан, Париж марафони ва Ниццедаги мушакбозлик ҳам бекор қилинган.

Жазоирда коронавирусдан зарарланишнинг яна икки ҳолати қайд этилди - 53 ёшли аёл ва унинг 24 ёшли қизи касалланган.

Италияда расмийлар Covid-19 авж олиши келтириб чиқарадиган иқтисодий оқибатларга қарши курашиш учун 3,6 миллиард евро ажратилганини эълон қилишди. Италия ҳозирги кунда коронавирусдан энг кўп зарар кўрган Европа давлати бўлиб турибди (1694 бемор ва 34 қурбон). 

Японияда Токиодаги марафон бекор қилинмади, аммо унда 38 минг иштирокчининг ўрнига фақат профессионал спортчилар куч синашди. 

Якшанба куни Эронда коронавирус вирусининг янги 385 ҳолати маълум бўлди. Умумий ҳисобда, мамлакатда 978 нафар коронавирус бемори ва 54та ўлим ҳолати қайд этилган.

Ўлим ҳолатларининг ёш, саломатликнинг ҳолати ва жинс бўйича миқдори.
Cardiovascular - юрак-қонтомир касалликлари, Diabetes - диабет, Respiratory disease - респиратор касаллик, Hypertension - гипертензия, None - ҳеч бири
Ўлим ҳолатлари эркаклар ўртасида кўпроқ учрамоқда.

Мавзуга оид