«Трастбанк»нинг Термиз филиали янги биносининг очилиш маросими бўлиб ўтди
Ўтган йили ўзининг 25 йиллик тўйини нишонлаган «Трастбанк» хусусий акциядорлик банки бугунги кунда жадал ривожланаётган хусусий банклардан бўлиб, у нафақат мижозлар ўртасидаги ўзаро муносабатда, балки филиалларнинг ички ва ташқи қиёфалари дизайни бўйича ҳам илғорликда фаолият юритмоқда.
Жорий йилнинг 2 март куни Термиз шаҳри Навбаҳор кўчасида замонавий ҳамда миллий архитектура уйғунлиги талабларига тўлиқ жавоб берадиган «Трастбанк» хусусий акциядорлик банки Термиз филиали янги биносининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Тантанали очилиш маросимида Сурхондарё вилояти ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Сурхондарё вилояти Бош бошқармаси мутасаддилари, банк ва молия муассасалари вакиллари, тадбиркорлар, кенг жамоатчилик вакиллари, бино қурилишида бевосита иштирок этган пудратчи ташкилот – “Inco-construction” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари жамоаси ҳамда филиал ходимлари иштирок этди.
Бу каби янгиланишларга, Президентимизнинг 2018 йил 23 мартдаги “Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисидаги” қарори ҳамда 2020 йилнинг 24 январь куни Олий Мажлисга мурожаатида банк тизимини ривожлантириш, филиаллар тармоғини кенгайтириш, шу жумладан 2020 йилдан бошлаб ҳар бир банкда кенг кўламли трансформация дастури амалга оширилиши борасида берган топшириқлари бош омил бўлди.
Вилоят ҳокими Тўра Боболов ўз нутқида «Трастбанк»нинг Термиз филиали 2009 йилнинг 18 декабрь куни, яъни бундан 11 йил аввал вилоятда ташкил этилганлиги, бугунги кунда мижозлар сони ортгани, янги замонавий бинога бўлган талаб ва эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда «Трастбанк» хусусий акциядорлик банки акциядорлари ва бошқаруви томонидан замонавий ва кўркам бинонинг қурилиши маъқулланганлиги вилоят аҳолисига қувонч бахшида этганлигини алоҳида таъкидлади. Албатта, банкнинг бу филиали мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришга ҳисса қўшиш билан бирга, мамлакатда бизнес юритишни истаган ишбилармонлик вакиллари учун қулай шарт-шароитлар яратиш, мижозларга тез ва самарали хизмат кўрсатиш ва қолаверса, вилоят миқёсида ажратилган банк кредитлари ҳисобига янги иш ўринлари ташкил этиш мақсадида ўзининг янги филиали эшикларини очаётганлигини қайд этиб ўтди.
«Трастбанк» хусусий акциядорлик банки бошқаруви раиси таъкидлашича, янги бинони очишдан мақсад банкни ўз мижозларига янада яқинроқ қилиш ва уларнинг молиявий ривожланишларига кўмаклашишдир. Бу эса, албатта банкнинг ҳам ривожланишига имконият яратади. Бугунги кунда «Трастбанк» ўзининг барқарор молиявий натижалари билан ривожланган хусусий банклар қаторидан жой олган бўлиб, мижозлар учун барча турдаги банк хизматлари ва маҳсулотларини тақдим этади.
Шундан сўнг, тантанали очилиш маросимининг рамзий тасмалари кесилиб, банк филиалининг очилганлиги расман эълон қилинди ҳамда филиал бошқарувчисига бинонинг рамзий калити топширилди. Тадбир иштирокчилари замонавий ҳамда миллий архитектура уйғунлиги талабларига тўлиқ жавоб берадиган, ўз меъморий дизайни билан шаҳар кўркига кўрк қўшиб турган филиал биноси кириб, банк мижозлари ва ходимлари учун яратилган шарт-шароитлар, қулайликлар билан танишдилар.