Жамият | 20:31 / 02.03.2020
52015
4 дақиқада ўқилади

Тимсоҳ боласидан қимматбаҳо тошларгача: Straus House раҳбарлари пулларни нималарга сарфлашган?

Straus House МЧЖ раҳбари мижозларидан туяқуш жўжаларини етказиб беришни ваъда қилиб, шартнома асосида олган пулларга маҳалласига асфальт ётқизган, дабдабали тўй қилган, ўзи ва яқинларига автомашина харид қилган, Туркия, Таиланд каби бир қанча давлатларда дам олиб қайтган, умра зиёратига борган.

Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти бошлиғи ўринбосари – Жиноятларни тергов қилиш бошқармаси бошлиғи Ойбек Қулбеков маълум қилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Жиноят иши доирасида ҳужжатли тафтиш тайёрланган. Улар томонидан туяқуш жўжаси учун жалб қилинган маблағлар қаерга сарфланганлиги, албатта, бизни ҳам қизиқтирган. Чунки фуқароларга етказилган зарарнинг аксарият қисми қопланмаган.

Одамлар уларга туяқуш жўжаси учун пул тўлашган. Тадбиркор – агар шундай деб аташ мумкин бўлса – одамларга туяқуш жўжаси етказиб бериш мақсадида шартнома тузган. Ўз-ўзидан у шартномавий мажбуриятини бажариши, яъни мижозларига туяқуш жўжасини етказиб бериши керак эди.

Straus House таъсисчиси МЧЖни очган вақтда ҳисобрақамда пули бўлмаган. Ҳисобрақамига келиб тушган пулларнинг ҳаммасини фуқаролар туяқуш жўжасини олиш учун ўтказиб берган. У бу пулларни нима қилган?

МЧЖ раҳбари муқаддам бошқа жиноят иши доирасида фуқароларни чет элга ишга юбораман деб одамлардан алдаб пул олган. Иш судда кўрилаётган вақтда, одамлар туяқуш жўжаси учун берган 745 миллион сўмни ўзидан жабр кўрганларнинг зарарини тўлаш учун ўтказиб берган.

Бундан ташқари, у Straus House МЧЖга ўтказилган пуллар ҳисобидан маҳалласига асфальт ётқизган, дабдабали тўй қилган, ўзи ва яқинларига автомашина харид қилган, Туркия, Таиланд каби бир қанча давлатларда дам олиб қайтган, умра зиёратига борган», – деди Ойбек Қулбеков.

Аниқланишича, МЧЖ мансабдорлари жами 16,1 миллиард сўм миқдордаги тўловларни жамиятнинг банкдаги ҳисоб рақами орқали қабул қилган. Аммо белгиланган муддатда умумий 319 нафар шахсга туяқуш жўжаларини етказиб бермасдан, 7,2 миллиард сўмни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

«100 минг долларни Таиланд Қироллигига тимсоҳ олиб келиш учун ўтказгани аниқланган. Туяқуш жўжаси олиш ниятида пул берган одамларнинг маблағини тимсоҳ учун сарфлашга кимнинг ҳақи бор? Шартномавий мажбурият бўйича туяқуш жўжасини олиб келиши керак эмасмиди?

Ваҳоланки, хавфсизлик нуқтайи назаридан ҳам, санитария қоидалари ва нормалари бўйича ҳам тимсоҳ болаларини Ўзбекистонга олиб кириш тақиқланган. У буни яхши билган. Нима эмиш, тимсоҳни катта қилиб, унинг терисини сотармиш.

Туяқуш териси бўйичаям нималар деганини эшитган бўлсангиз керак?! 200 долларга машҳур бренддан олган катмонини одамларга кўрсатиб, мана, кореялик бизнесмен 10 йилдан бери ишлатаётган экан, кўряпсизларми, туяқуш терисидан ишланган нарса қанчалик мустаҳкам бўлади, деб одамларни чув туширган», дейди Қулбеков.

Ойбек Қулбеков

Тергов департаменти маълумотига кўра, «Straus House» МЧЖ таъсисчиси Иброҳим Исроилов мижозлардан келиб тушган пулнинг 180 минг долларини Покистонга қимматбаҳо тошлар билан шуғулланувчи фирманинг ҳисобига ўтказиб юборган, бу пуллар катта қийинчилик билан ортга қайтарилган.

Бундан ташқари, Ойбек Қулбеков айбланувчи Иброҳим Исроиловнинг терговчилар ундан бир миллион доллар талаб қилгани ҳақидаги иддаоларига ҳам муносабат билдирди.

«Қимматбаҳо тошлар билан туяқуш жўжасининг фарқи бўлса керак?! Қолаверса, биз қизиққанимизда Покистонда ҳеч қандай туяқуш боқилмаслиги ойдинлашди.

«Straus House» МЧЖ таъсисчиси порахўр, мендан бир миллион доллар талаб қилди, деб айтган болалар Ташқи ишлар вазирлиги, Мажбурий ижро бюросига мурожаат қилишди. ТИВ консуллик бошқармаси ҳамда Ўзбекистоннинг Покистондаги консулхонасининг ёрдами билан икки ойдан ортиқ муддатда олиб борилган музокаралар натижасида ўша пуллар юртимизга қайтарилди. Раҳмат ўшаларга.

Ҳисобида 3 миллион сўмдан ортиқ пули бўлмаган одамдан қайси аҳмоқ бир миллион доллар талаб қилади? Албатта, бу масала бўйича ўзимизнинг муносабатимизни билдирамиз. Тегишли идораларга бу бўйича мурожаатлар юборилди», дейди у.

Мавзуга оид