Ўзбекистон | 21:29 / 02.03.2020
7825
3 дақиқада ўқилади

Вазир: Маҳалла давлат секторига ўтгани йўқ

«Энди маҳаллада давлат тизими бўладими? Йўқ, бу давлат тизими бўлмайди. МФЙ раисини бундан кейин ҳам фуқаро сайлайди. Биз унга фақат имкониятлар берамиз» – Раҳмат Маматов.

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

2 март куни ОАВ вакиллари билан учрашув ўтказган Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов ўз тузилмасининг мақсадини баён қилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Аввалги тизим ишламади, деб айта олмаймиз. Кимга қандай кўринган... Тўртта тизим ҳам ишлаётган эди. Лекин самараси бўлмагани учун давлат раҳбари бунга эътибор бердилар.

Хотин-қизлар, нуронийлар масалалари, маҳалла тизими, профилактика инспектори... Ҳаммасининг мақсади битта, лекин йўналиш тўртта эди.

Бу тепадан кўринмаслиги мумкин, лекин энг қуйи бўғинга тушганда ҳаммаси аён бўларди. Илгари фаолият юритган маҳаллада битта котиб ва МФЙ раиси ишларди холос. Уларни қўллаб-қувватлайдиган ҳеч ким бўлмади. Бир мушт бўлиб фуқаронинг олдига бориб гаплашадиган бўлса, мақсадга эришиш мумкин», деди у.

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Раҳмат Маматов янги вазирликнинг қандай принцип асосида ишлаши, ўзини ўзи бошқариш органи ҳисобланган маҳаллага давлатнинг таъсири бўлиши мумкинлиги ҳақидаги баҳсларга муносабат билдирди.

«Энди маҳаллада давлат тизими бўладими? Йўқ, бу давлат тизими бўлмайди. МФЙ раисини бундан кейин ҳам фуқаро сайлайди. Биз унга фақат имкониятлар берамиз, ўз вазифасини бажариши учун қўллаб-қувватлаймиз.

Маҳалла тизими нодавлат-нотижоратлиги ҳолатида турибди. Вазирлик маҳалладан юқори. У шаҳар ва тумангача тушиб боради. Қуйида эса ўзини ўзи бошқариш тизими тураверади. Вазирлик қўллаб туради», дея таъкидлади у.

Шунингдек, Раҳмат Маматов маҳалла ва оила учун алоҳида вазирлик ташкил этилишида ривожланган мамлакатлар тажрибаси ҳам ўрганилганини қайд этди.

«Ривожланган давлатлар оила билан ишлаш учун қандай тузилмани ташкил этганини ўрганиб чиқдик. Япония, Корея, Хитой, Германия...

Хулосалар билан вазирлик ташкил этилди. Агар бу хато бўлганида Адлия вазирлиги уни рўйхатдан ўтказмасди», дея қўшимча қилди вазир.

Мавзуга оид