Ўзбекистон | 11:50 / 04.03.2020
77111
2 дақиқада ўқилади

Андижон вилоятида ҳам аёл ҳоким пайдо бўлди

Ўзбекистонда яна бир аёл ҳоким пайдо бўлди. Андижон вилоятининг Бўстон туманига (собиқ Бўз) аёл киши раҳбар этиб тайинланди.

Бугун, 4 март куни Андижон вилояти, Бўстон туманида фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ва президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Қаҳрамон Қуронбоев иштирок этди.

Йиғилишда туман ҳокими Иномжон Солижонович Мамадалиев лавозимидан озод этилгани маълум қилинди. У туманга 2018 йил августидан буён раҳбарлик қилиб келаётганди.

Kun.uz мухбири хабар беришича, Садбархон Неъматжоновна Мамитова туманнинг янги раҳбари этиб тайинланган.

Садбархон Мамитова 1966 йилда Андижон вилоятининг Жалақудуқ туманида туғилган, 1982-1986 йилларда Наманган қишлоқ хўжалиги техникумида ўқиган, 1993 йил Тошкент давлат аграр университетини (сиртқи) тамомлаган.

У турли йилларда Жалақудуқ туманида турли лавозимларда меҳнат қилган, 2007-2008 йилларда туман ҳокими ўринбосари - туман хотин-қизлар қўмитаси раиси в.в.б бўлган, 2019 йилдан ҳозиргача «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати Андижон вилояти ҳудудий бўлими раҳбари сифатида ишлаб келаётганди. 2019 йил декабридаги сайловларда халқ депутатлари Андижон вилояти кенгашига депутат этиб сайланган.

  • Эслатиб ўтамиз, бунга қадар Ўзбекистонда икки туманга аёл кишилар раҳбар этиб тайинланган, 2020 йил 18 февраль куни Сирдарё вилоятининг Боёвут туманига сенатор Дилфуза Уралова ҳоким бўлган, 29 февраль куни эса Бухоро вилоятининг Олот тумани ҳокими ўринбосари сифатида ишлаб келган Наргиза Неъматова туман ҳокими в.в.б этиб тайинланганди.

Мавзуга оид