Ўзбекистон | 18:10 / 04.03.2020
33959
2 дақиқада ўқилади

Тўрақўрғон туманига ҳам аёл ҳоким тайинланди

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган Зулайҳо Маҳкамова Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманига ҳоким бўлди.

Бугун, 4 март куни халқ депутатлари Тўрақўрғон туманида фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди.

Наманган вилояти ҳокими, сенатор Хайрулло Бозоров ва Ўзбекистон Республикаси президентнинг  кадрлар бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Қаҳрамон Қуронбоев иштирок этган йиғилишда Тўрақўрғон тумани ҳокими Ғуломжон Собитхўжаевич Муродхўжаев ўз лавозимидан озод этилгани маълум қилинди.

Kun.uz манбаси хабар беришича, эндиликда Зулайҳо Баҳриддиновна Маҳкамова Тўрақўрғон тумани ҳокими этиб тайинланган.

Зулайҳо Маҳкамова 1968 йилда Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида туғилган. 1989 йили Наманган давлат педагогика институти ва кейинчалик Президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган. Мутахассислиги ўқитувчи-педагог.

У турли йилларда Янгиқўрғон тумани ҳокими ўринбосари - туман хотин-қизлар қўмитаси раиси, Фермер ва деҳқон хўжаликлари уюшмаси Янгиқўрғон тумани вакиллиги, Фермерлар уюшмаси Янгиқўрғон тумани фермер хўжаликларига хизмат кўрсатиш маркази директори, Наманган вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси раиси, Наманган вилояти ҳокими ўринбосари - вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимларида ҳам фаолият юритган.

Зулайҳо Маҳкамова 2018 йилнинг апрель ойидан айни вақтда тугатилган Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган.

Маълумот учун, Зулайҳо Маҳкамова эндиликда Ўзбекистондаги бешинчи аёл ҳоким бўлди. Бунгача Сирдарё вилояти Боёвут туманига Дилфуза Уралова, Бухоро вилояти Олот туманига Наргиза Неъматова, Андижон вилояти Бўстон туманига Садбархон Мамитова, Қашқадарё вилояти Қарши туманига Мақсуда Мустафоева ҳоким этиб тайинланган эди.

Мавзуга оид