Ўзбекистон | 21:40 / 05.03.2020
16354
8 дақиқада ўқилади

Давлат хизматчисига тажовузни оқлаш мумкинми?

2018 йилда Ўзбекистон қонуний тартибларга итоат этиш борасида дунёдаги 142та давлат орасида 7-ўринда қайд этилган. АҚШнинг Гэллап институти томонидан «Қонуний тартибларга итоат қилиш индекси» мавзусида 2019 йилда эълон қилинган тадқиқот натижалари шундан дарак бермоқда.

Албатта, халқимиз буюк тарихий маданиятга эга эл сифатида қонун ва тартибларга, айниқса, жамоатчилик тартибига риоя этади, айрим қўшни давлатлар фуқаролари каби оммавий тартибсизлик ва давлат хизматчиларига нисабатан агрессив муносабат бизда одатда кузатилмаган.

Биз ҳақли равишда фахрланадиган барқарорлигимиз ва хотиржамлигимизни таъминлашда, албатта, ички ишлар органларининг ҳам роли катта.

Бироқ сўнгги йилларда айрим ташвишли ҳолатлар ҳам кўзга ташланмоқдаки, бу ҳақида ортиқ жим туриш мумкин эмас.

Бугун ижтимоий тармоқлар ҳаётимизга жадал суръатда кириб келиб, шунчалар тез сингишиб кетдики, ундаги жараёнлар кўп ўринда бизнинг маънавий-ахлоқий қиёфамизни белгилаб беряпти, кўзгу тутмоқда.

Хўш, «ойна»да нималарни кўряпмиз: фуқароларнинг ички ишлар, тиббиёт умуман давлат хизматчиларига нисбатан тажовузкор муносабати, ур-йиқит, дўппосла...

Ушбу тартибсизликларни қилган фуқароларни оқлашга, тажовузга учраган давлат хизматчиларининг ўзини айбдор қилишга уринишлар эса бу ишларни тўғри ва бундан кейин ҳам давом эттириш мумкин деган нотўғри хулосани келтириб чиқаряпти, тартибсизлик ва тажовузни яширин тарғиб қилишдек бўляпти.

Ички ишлар ходими... улар хизмат машаққатини сиз-у бизга қараганда кўпроқ тушунади, англайди. Улар балки ижтимоий тармоқда ўтириб клавиатура билан ўзини ҳимоя қилишга вақти йўқдир, аммо тартибни, келажакни ҳимоя қилиш масъулиятини яхши ҳис этади. Хўш, улар шундай нохолис муносабатга лойиқми?

Жамиятда барқарорликни таъминлаш ҳар қандай ислоҳот учун устун, асосдир. Буни унутмаслигимиз лозим. Фақат барқарор, тинч, халқ ва давлат уйғунликда мавжуд бўлган жамиятдагина ислоҳот, янгилик, тараққиётга интилиш каби мақсадлардан маъно топса бўлади. Иқтисодиётни юксалтириш асоси бўлган инвестицияларми, туризмми, тадбиркорликни ривожлантиришми ёки мулкни ҳимоя қилишми – қайси соҳада бўлмасин ривожланиш фақат тинчлик ва барқарорлик шароитидагина мумкиндир.

Latinobarómetro агентлиги томонидан 18та Лотин Америкаси давлатларида ўтказилган ўрганиш натижаларига кўра, уларнинг 12тасида бугунги кунда жиноятчилик, қотиллик ва ишсизлик авж олган.

2012 йилдаги 437 минг глобал қотилликларнинг энг юқори 36 фоизи Лотин Америкаси давлатларига тўғри келган ва бу 2010 йилга нисбатан 8,5 фоизга кўп.

Марказий Америкада ҳар куни ҳар 100 минг аҳолига 25та қотиллик тўғри келади, Жанубий Америкада эса 23та, Кариб денгизи давлатларида ушбу кўрсаткич 16тани ташкил қилади. Эътибор беринг, бу табиий ўлим эмас, инсонларнинг бир-бирини қасддан ўлдириши.

Сўзимиз бошида тилга олган «Қонуний тартибларга итоат қилиш индекси»га кўра, Аргентина, Бразилия ва Венесуэла каби давлатларда аҳолининг катта қисми ўзини кимдир ўлдириб кетишидан қўрқиб яшайди.

Ўтган асрнинг 90-йилларида Ўзбекистонда ҳам уюшган жиноятчилик – мафия кучайганини катта авлод вакиллари жуда яхши эслайди.

Мафия нимани англатади? Мафия бу давлат ўрнатган қонуний тартиблардан ташқарида, тор доирадаги шахслар манфаати учун хизмат қилувчи «алоҳида тартиблар» борлиги деганидир.

Халқона тилда айтганда, тадбиркор бўлмоқчимисиз, давлатга тўлайдиган солиқлардан ташқари, ўша ҳудуднинг мафияларига ҳам бадал тўлаб туришингиз керак бўлади.

Бахтимизга, бу даврлар ортда қолди. Давлат томонидан уюшган жиноятчиликка қарши қаттиқ курашлар самараси ўлароқ, бундай гуруҳлар жиловланди ва энди «мафия» Ўзбекистон учун ўтмиш бўлиб қолди, холос.

  • Факт: Ўзбекистонда 2019 йилда жиноятчилик кўрсаткичи 2018 йилга нисбатан 3 мингтага камайган!

Жиноятчиликни жиловлаш ва барқарор жамият қуришда ички ишлар ходимларининг ўрни ва ролини, улар берган қурбонларни унутмаслигимиз лозим.

Шунингдек, умрининг нимчорак қисмини ўз касбининг фидойиси бўлиш учун ўқишга сарфлаган шифокорларга нисбатан қилинаётган шафқатсиз муносабатдан одамнинг эти жунжикади. Танасидаги оғриқдан халос бўлиш илинжида бемор шифокор ҳузурига келса-ю, лекин шифокорнинг ўзини ярадор қилиб кетса, буни қандай баҳолаш мумкин ахир? Афсуски, бизда бундай тажовузларни ҳам оқлашга уриниш кўринмоқда.

Ўз жаҳлини жиловлай олмасдан бир профессионал шифокорни ногирон қилиб қўйган шахс унинг билими ёрдамида дардига даво топиши мумкин бўлган юзлаб бошқа беморларни ўйламайдими? Эртага фарзанди ё ота-онасининг жони оғриганда, ўз касбидан кўнгли совиган шифокорга дуч келиши мумкинлигини-чи? Ўзи кетаётган кемани чўктириш ақлданми?

  • Факт: Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 2018-2019 йилларда Ўзбекистонда шифокорларга нисбатан 400дан ортиқ тажовуз ҳолатлари қайд этилган.

Шундай зўравонликларни «мумкин экан», «оқласа бўлар экан», «муаммони ҳал қилишга ёрдам берар экан» деган нотўғри қараш билан тарбияланаётган ёш авлод таълим бераётган устозига қўл кўтаряпти, уни калака қилиб тасвирга оляпти ва ижтимоий тармоққа жойлаяпти. Бу ҳол давом этаверса, келажагимизни қандай тасаввур қилиш мумкин?

Шу ўринда, пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадислари ёдга тушади: «Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У – хотиржамлик ва сиҳат-саломатликдир».

Мусулмонларнинг бир-бирига нисбатан қўл кўтариши шариатимизга ҳам зид.

Яна маълумот учун қуйидаги фактларни ҳам билиб қўйсак, зарар қилмайди:

- Австралиянинг Янги Жанубий Уэльс штати Жиноят кодексида полиция ходимларига нисбатан куч ишлатиш учун алоҳида жавобгарлик белгиланган бўлиб, бунда айбдор шахсларга нисбатан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади;

- АҚШнинг Флорида штати қонунчилигида ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ва тиббий хизмат кўрсатувчи ходимларга ҳужум қилганлик, уларни калтаклаганлик учун алоҳида жавобгарлик белгиланган;

- миллий қонунчилигимизда алоҳида ички ишлар, тиббиёт, таълим ёки бошқа соҳа ходимларига қаршилик кўрсатганлик, уларни дўппослаганлик учун алоҳида жавобгарлик белгиланмаган бўлса-да, ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсларга нисбатан жавобгарлик чоралари белгиланган.

Унга кўра, қонун доирасида хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакили ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қандай шаклда бўлмасин ўзининг хизмат вазифасини бажариш ёки фуқаровий бурчини бажаришдан воз кечишга, шунингдек, қонунга хилоф ҳаракатлар содир этишга мажбур қилиш беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланишга олиб келади.

Давлат хизматчиларига, хусусан, ички ишлар ходимларига муносабат бу давлатга муносабатдир. Чунки ҳар бир ички ишлар ходими ўзининг шахсий хизматини эмас, давлат хизматини ўтамоқда.

Унутманг, тинчлигимиз, соғлиғимиз посбонларига қилинган тажовуз – давлат барқарорлигига тажовуздир! Бу ўзини емириш ва анархия сари йўлдир. Халқ сифатида яшаб қолишни ва юксалишни истаган ҳеч бир халқ бу йўлдан юрмаса керак.

Шахсий эҳтиёжлар ҳамда жамият эҳтиёжлари ўртасидаги мувозанатнинг сақланишини таъминлаш эса ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Фурқат Тожиев

Адлия вазирлиги масъул ходими

Мавзуга оид