Ўзбекистон | 17:16 / 05.03.2020
97220
2 дақиқада ўқилади

Фарғона давлат университети проректорига жиноий иш очилди

Фарғона давлат университети проректори П.П. (исми шарифи шартли ўзгартирилган) 2019-2020 ўқув йили учун кириш имтиҳонлари вақтида 18 нафар абитуриентни ўқишга олиб киргани аниқланди.

Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов Фарғона вилоятидаги олий ўқув юрти проректори томонидан содир этилган жиноят фош этилгани тўғрисида хабар берди.

«Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан Фарғона давлат университетида кириш имтиҳонлари натижалари сохталаштирилгани ҳолати юзасидан ЖКнинг 228-моддаси 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган.

Терговда аниқланишича, Фарғона давлат университети проректори П.П. (исми шарифи шартли ўзгартирилган) 2019-2020 ўқув йили учун «Жисмоний маданият» имтиҳон комиссиясининг масъул котиби этиб тайинланиб, 2019 йил июль ойида ўтказилган «Жисмоний маданият» факультетига кириш имтиҳонлари жараёнида комиссиянинг бошқа аъзолари билан жами 18 нафар абитуриентнинг имтиҳон натижаларини сунъий равишда ошириб кўрсатиб, сохталаштириши натижасида ушбу абитуриентлар олий таълим муассасига ўқишга қабул қилинган», дейилади хабарда.

2020 йилнинг 4 мартида шаҳар прокуратураси томонидан университет проректорига нисбатан ЖКнинг 205-моддаси 1-қисми ва 209-моддаси 2-қисми «а» банди билан айб эълон қилинган.

Айни вақтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид