Ўзбекистон | 21:30 / 05.03.2020
67868
4 дақиқада ўқилади

Саида Мирзиёева: «Одам гапирган гапи учун қамалмаслиги керак»

Самарқандда ўтказилган Марказий Осиё судьялар мулоқотида иштирок этган Саида Мирзиёева сўз эркинлигини таъминлашнинг нақадар муҳимлиги ҳақида гапирди.

Фото: Telegram / Saida Mirziyoyeva

Самарқандда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ташаббуси билан II Марказий Осиё судьялар мулоқоти бўлиб ўтди. Унда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш фонди васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов, фонд васийлик кенгаши раисининг ўринбосари Саида Мирзиёева, ЕХҲТнинг ОАВ эркинлиги масалалари бўйича вакили Арлем Дезир ва бошқа кўплаб экспертлар қатнашди.

Конференцияда сўзга чиққан Саида Мирзиёева сўз эркинлигини таъминлашнинг нақадар муҳимлиги ҳақида гапирди.

Саида Мирзиёева / Telegram / Saida Mirziyoyeva

«Мамлакатимизда сўз эркинлиги бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларнинг халқаро майдонда тан олиниши исботи сифатида Марказий Осиё судьялар мулоқотининг навбатдаги раундини юртимизда қабул қилиш биз учун шараф. Президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган очиқлик сиёсати сабаб мамлакат кўз ўнгимизда ривожланмоқда. Давлат ташкилотлари ва фуқаролар ўртасидаги муносабатлар қандай ўзгараётганини, воқеалар жамоатчилик орасида муҳокамага сабаб бўлаётганини кўряпмиз.

ОАВ ҳақиқий тўртинчи ҳокимиятга айланиб, одамлар сиёсатга, давлат бошқарувига қизиқа бошлади. Асосийси, улар ўз танқидий фикрларини қўрқмай, очиқчасига айта олишмоқда. ОАВ давлат бошқарув устидан жамоатчилик назоратининг байроқдорига айланди ва бу жараён тўхтаб қолгани йўқ. Мамлакатда чекланган мавзулар камайиб, журналистлар уларни ҳимоя қиладиган қонунларга фаол мурожаат қилишмоқда.

Аввал камера ёки диктофон кўтарган одамни ҳеч қандай сабабсиз бирор ерга киритмаслик мумкин бўлса, ҳозир журналистик фаолиятга қаршилик кўрсатиш учун жиддий далиллар керак. ОАВ суд жараёнида овоз ва видео ёзадиган ускуналардан фойдаланиш ҳуқуқини талаб қилиб бунга эришди. Журналистлар раҳбарлардан қилган ишлари юзасидан ҳисоб сўрашни ўрганди.

Шу ўринда ахборот маконини назорат қиладиган қонунлар 10-15 йиллаб ўзгармаганини айтмоқчиман. Бу қонунларнинг аксарида эскича фикрлар мавжуд ва улар ишлатилмай кетган. Масалан, Жиноят кодексининг 144-моддасида «ўз фикрини билдирган ва танқидий чиқиш қилган одамни таъқиб қилиш тақиқлангани» ҳақида гапирилган, аммо бу қонун кўпчиликнинг эсига ҳам келмайди. Бир сўз билан айтганда, одам гапирган гапи учун қамалиши керак эмас. Ҳа, қонунлар доим ҳам ривожланиш билан ҳамқадам бўла олмайди.

Жиноят кодексининг 139 ва 140-моддасига ўзгартиш киритиш тўғрисида қонун лойиҳаси тузилганини эслатмоқчиман. Бу лойиҳада туҳмат ва ҳақорат учун озодликдан маҳрум қилиш жазосини чеклаш назарда тутилган. Шунингдек, унга кўра белгиланган жарима миқдори ҳам камайтирилади. Журналист қамалишидан қўрқмай хато қилиш ҳуқуқига эга бўлиши керак.

Қонун лойиҳасида Жиноят кодексининг 327-моддасига «интернетдаги ахборот манбалари» деган қўшимча киритиш ҳам кўзда тутилган. Яъни, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бирор масала юзасидан жиноят иши қўзғатиш учун нафақат ОАВда чиққан маълумот, балки ижтимоий тармоқда, мессенжерларда эълон қилинган маълумотларга ҳам эътибор беришга ундалган.

Интернетда жиноят аломатлари хабар қилинган ҳар қандай маълумотдан сўнг масъул органлар бу факт юзасидан суриштирув ўтказишга мажбур бўлади. Албатта, маълумотни эълон қилган нашр ўз манбасини яшириш ҳуқуқига эга бўлиш нормаси сақланиб қолади.

Бу қонун лойиҳасини ишлаб чиқаришда нафақат юристлар, балки журналистлар ва блогерлар қанташиши мумкин. Ҳаммангизга бизнинг очиқ ва адолатли келажагимизга ўз ҳиссангизни қўшганингиз учун раҳмат айтаман, бу тарихий жараёнда биз билан бирга эканингиздан хурсандман», дея Саида Мирзиёеванинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид