Президент қарори: Ўзбекистонда пахтага давлат буюртмаси бекор қилинди
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Пахтачилик соҳасида бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, давлат томонидан пахта хом ашёси ишлаб чиқариш ва сотиш режасини белгилаш амалиёти ҳамда пахта хом ашёсининг харид нархини белгилаш амалиётидан воз кечилади.
Rewiev.uz хабарида қайд этилишича, қарор президентининг 2019 йил 23 октябрдаги «Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020—2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлаш, давлат буюртмаси ҳажмларини босқичма-босқич камайтириш, шу жумладан, пахта хом ашёси етиштириш, харид қилиш ва сотишда эркин рақобатни таъминлайдиган бозор тамойилларини жорий этиш, ушбу йўналишда фермер хўжаликлари манфаатдорлигини ошириш ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасига инвестицияларни кенг жалб қилиш мақсадида қабул қилинди.
Унда, биринчидан, 2020 йил ҳосилидан бошлаб:
- давлат томонидан пахта хом ашёси ишлаб чиқариш ва сотиш режасини белгилаш амалиёти бекор қилинади;
- пахта хом ашёсининг харид нархини белгилаш амалиётидан воз кечилади;
- пахта хом ашёси етиштирувчиларга районлаштирилган навларни эркин танлаш ҳуқуқи берилади;
- сертификатланган уруғлик етказиб бериш тизими сақлаб қолинади.
Иккинчидан, пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил этилмаган ҳудудларда пахта тозалаш корхоналари иштирокида фермер хўжаликларининг ихтиёрий кооперацияси ташкил этилади.
Коорперациянинг асосий вазифалари:
- кооперация аъзолари томонидан, техника, ускуна, транспорт воситаларидан ва пахта тозалаш заводларидан биргаликда фойдаланишни ташкил этиш;
- кооперация аъзоларини қишлоқ хўжалиги техникаси, ёнилғи-мойлаш материаллари, ўғит, уруғлар, шунингдек, кимёвий ҳимоя воситалари билан таъминлаш;
- ишлаб чиқарилган маҳсулотларни тайёрлаш, ташиш, сақлаш, қайта ишлаш ва сотишни ташкиллаштириш;
- қишлоқ хўжалиги бирлашмалари аъзоларига агротехника, бухгалтерлик, консалтинг, воситачилик ва бошқа хизматларни кўрсатиш.
Учинчидан, пахта хом ашёси етиштириш ва қайта ишлашни кредитлашнинг янги механизми жорий этилади.
2020 йил 15 мартдан бошлаб:
а) пахта хом ашёси етиштириш харажатларини молиялаштириш учун тижорат банклари томонидан Молия вазирлиги ҳузуридаги жамғарма маблағлари ҳисобидан 12 ой муддатгача етиштириладиган пахта умумий қийматининг 50 фоизигача бўлган миқдорда молиялаштирилганда йиллик 8 фоиз, 60 фоизигача бўлган миқдорда молиялаштирилганда йиллик 10 фоиз ставкадан (шундан банк маржаси 2 фоиз) ошмаган микдорда кредитлар ажратилади.
Бунда:
- кредит олувчилар агротехник тадбирлардан келиб чиқиб, кредит маблағларидан эркин фойдаланади ҳамда моддий ресурслар етказиб берувчиларни ихтиёрий танлайди;
- пахта хом ашёси етиштириш харажатларини молиялаштиришга ажратилган кредит маблағларининг муддатида қайтарилмаган қисми тижорат кредити сифатида қайта расмийлаштирилади.
б) етиштирилган пахта хом ашёсини харид қилиш учун тижорат банклари томонидан 12 ой муддатгача пахта йиғим-терими ҳамда якуний ҳисоб-китоб учун тижорат кредитлари ажратилади.
Бунда:
- миллий валютада ажратиладиган тижорат кредитлари бўйича фоиз ставкасининг Марказий банкнинг асосий ставкасидан ошадиган, лекин 10 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисмига;
- хорижий валютада ажратиладиган кредитлар бўйича тижорат банклари томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 30 фоизигача, лекин 3 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисмига Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан компенсация берилади.
2021 йил ҳосилидан бошлаб пахта хом ашёсини етиштиришни кредитлаш тартиби фермер хўжаликлари томонидан мустақил равишда аниқланади (ер майдони тўлиқ кластерга берилган ҳудудлар бундан мустасно)
Тўртинчидан, «Ўзпахтасаноат» AЖни тугатиш чоралари кўрилади.
Бунда:
- кооперация ташкил этиладиган ҳудудларда пахта тозалаш заводларидаги «Пахтасаноат» ҳудудий акциядорлик бирлашмалари акция (улуш) пакетларини белгиланган тартибда кооперацияларга ёки тадбиркорлик субъектларига сотиш;
- «Пахтасаноат» ҳудудий акциядорлик бирлашмаларининг пахта тозалаш заводларидаги акция (улуш) пакетлари сотилишига қадар, ушбу заводлар томонидан пахта хом ашёсини қабул қилиш, сақлаш ва қайта ишлаш хизмати (тегирмон усулида) кўрсатиш назарда тутилади.
Бешинчидан,
- Жаҳон бозори нархлари таҳлилидан келиб чиқиб ҳар йили 1 декабрга қадар келгуси йил ҳосили учун кутилаётган (индикатив) нархлар эълон қилиниши ҳамда бозорлардаги нархлар ўзгаришидан келиб чиқиб, ҳар чоракда ушбу нархга тузатишлар киритиш амалиёти жорий этилади;
- пахта етиштирувчиларнинг даромад олишларини таъминлаш мақсадида пахта йиғим-терими мавсумидан олдин қўлда терилган 1 кг пахта хом ашёсини териш ҳақининг тавсиявий миқдорининг оммавий ахборот воситаларида эълон қилиб борилиши таъминланади.
Пахта толаси Республика товар-хомашё биржасида бошланғич биржа нархида эркин сотилади, бунда биржада бошланғич нарх шаклланишида 10 фоиз чегирма қўйиш бекор қилинади.
Республика ҳудудларида «Ўзпахтасаноат» АЖ ва унинг тизимига кирувчи корхоналар иштирокида тикув-тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган мажмуаларни кластерлар томонидан ташкил этиш йўлга қўйилади.
Фермер хўжаликларига экин мавсуми бошланишидан олдин нархлар эълон қилиб борилиши хўжаликларга пахта етиштиришнинг иқтисодий натижасини кўриш, керак бўлса, уларга ўз бизнес-режасини тўғри тузиш имконини беради ва қолаверса, уларни ўз харажатларини мақбуллаштиришга ундайди.
Олтинчидан, пахта толаси Республика товар-хомашё биржасида бошланғич биржа нархида эркин сотилади, бунда биржада бошланғич нарх шаклланишида 10 фоиз чегирма қўйиш бекор қилинади.
Мавзуга оид
09:33 / 26.11.2024
Пахта маҳсулотини сотишда манипуляцияга йўл қўйган корхонага чора кўрилди
18:02 / 10.10.2024
Шаҳрисабзда аҳолини пахта теришга мажбурлаган маҳалла раиси салкам 19 млн сўм жаримага тортилди
19:45 / 09.10.2024
Ўқитувчиларнинг пахта теримига жалб этилиши ноқонуний — ММТВ
15:43 / 28.09.2024