Ўзбекистон | 18:35 / 09.03.2020
30841
3 дақиқада ўқилади

«Чўринди» маҳалласи, «Чивинтепа» қишлоғи, «Сирли табассум» кўчаси. Бош вазир бўлар-бўлмас номлар қўйилишини танқид қилди

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов иштирокидаги йиғилишда республика бўйича 300дан зиёд қишлоқ ва маҳаллаларнинг, 400га яқин кўчанинг эски, советлар даврига хос ёки бирор мантиқсиз, тушунарсиз номлари ҳалигача сақланиб қолаётгани танқид қилинди.

Бугун, 9 март куни Вазирлар Маҳкамасида Бош вазир Абдулла Арипов раислигида кўча ва аҳоли пунктларини номлаш, пешлавҳалар, реклама ва эълонларнинг давлат тилида берилиши сингари масалалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

«Ҳурматли ҳокимлар, энди шу жойларда яшайдиган одамлар, масалан, ёшлар ўрнига ўзингизни қўйиб кўринг. Сиздан қишлоғингиз ёки кўчангиз ҳақида сўраб қолса, қандай жавоб берган бўлардингиз?

«Чўринди» маҳалласининг «Сирли табассум» кўчасиданман, «Чивинтепа» қишлоғининг «Алам» кўчасиданман дейсизми?

Тилимизда бир-биридан чиройли, маънолари кенг сўзлар кўпку?! Қолаверса, ҳар бир маҳалланинг тарихи, иқлимини акс эттирадиган ном қўйиш мумкин эди-ку?! Оғизга келган гапни вайсагандек, бўлар-бўлмас номлар қўйгандан кўра.

Наҳотки, ушбу маҳаллаларнинг шулардан бошқа мақтанадиган, кўз-кўз қилишга арзийдиган жиҳати бўлмаса. Борлиги шубҳасиз! Буни ўша жой аҳолисидан сўрасангиз қаторлаштириб айтиб беради», дея бош вазирнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Шунингдек, ҳукумат раҳбари жойларни номлаш нозик масала экани, бунга жиддий эътибор қаратиш лозимлигини қайд этган, ҳокимларни бу соҳада қонун ҳужжатларига қатъий риоя қилишга чақирган.

«Гап маҳаллий ҳокимликлар, ҳудудий комиссияларнинг «етади, энди бу номни ўзгартирамиз» деб, амалий ҳаракатни бошлашида қолган.

Жойларни номлаш нозик масала. Бунга жиддий эътибор қаратишимиз лозим. Бу соҳада қонун ҳужжатларига қатъий риоя қилиниши шарт. Маҳаллийчилик, ошна-оғайнигарчилик, хизмат мартабасини суиистеъмол қилишга йўл қўймаслик шарт ва зарур.

Одамларнинг исмлари билан, шунингдек тарихий воқеалар шарафига номлаш ва қайта номлаш соҳасида белгиланган чекловларга риоя қилинишини таъминлашимиз лозим бўлади», дея таъкидлаган бош вазир.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқейини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йилнинг 21 октябрдаги қарорига мувофиқ жойларда давлат тилида иш юритиш учун алоҳида маслаҳатчи лавозими жорий этилган эди.

Мавзуга оид